Рамазон охирлаб бормоқда. Биз режалаштирган қайси эзгу амалларимизга улгурдигу қайсиларини кейинги йилга олиб қўймоқчимиз. Бироқ ҳали вақтимиз бор, ойлар султонининг ҳар дақиқаси бебаҳо ва мазмунли, улгурамиз кўп эзгуликларга иншооллоҳ.
Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”. Чиндан ҳам, Набий (а.с.)нинг ҳаёт йўллари биз ўрганишимиз, намуна олишимиз учун энг муносиб ҳидоят манбаидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи давомида ҳар доимгидан кўпроқ ибодат ва эзгуликлар қилишга шошилар эдилар. Биз ҳам уларнинг бу қутлуғ йўлларидан юришга муяссар бўлишни дилимизга тугганмиз. Зеро, бу бизнинг олий мақсадимиз бўлиши керак.
Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишнинг айни палласи – Рамазон ойидир. У Қуръон ойи, маърифат ойи деб бежиз таъкидланмаган. Бу муборак шаҳр – Қуръон нозил бўлган ойдир. Ҳадисларда келтирилишича: “Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил (а.с.)дан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”. Ушбу ҳадисдан маълумки, Рамазон ойида қанча кўп Қуръон ўқилса шунча яхши, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам ортиб бораверар экан. Қолаверса, оятларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қилиш, суралар моҳиятини тафаккур қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда тобора чирой очиб бораётган масжидларда адо этилаётган хатми Қуръонлар ана шу гўзал анъананинг давомидир.
Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам саховатли бўлмоқ жоиз. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам сахийлик бобида пешқадам эдилар. Айниқса қутлуғ ойнинг шарофати билан уларнинг карамлари янада ортгандан ортиб бораверар эди. Ҳадисларда таъкидланишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг сахийси эдилар. айниқса Рамазонда Жаброил (а.с.) билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди”. Демак, ҳали вақтимиз бор. Атрофимизга бир назар ташлайлик, қийналган қариндошларимиз ёки ночор қўни-қўшнию бева-бечораларнинг ҳолидан бир бор хабар олиб, кексаларни йўқлашни унутмайлик.
Бу ойда дуоларимизни янада кўпайтиришимиз фазилатли. Айниқса, ифтор пайтида қилинган дуонинг хосияти бемисл. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғиз очганларида шундай дер эдилар: “Ташналик кетди, томирлар намланди ва ажр савоб собит бўлди”. Ифтор пайти дуолар қабул бўладиган вақтлар қаторидадир. Бу эса нақадар буюк имконият. Рамазоннинг қадрли лаҳзаларида, ифторлик палласида чин дилдан, юрак-юракдан Яратганга илтижо қилишнинг фазли тенгсиз. Бу ғанимат онлардан фойдаланиб қолайлик.
Рамазон меҳр-оқибат, мурувват фаслидир. Айниқса, киши ўз оила аъзолари билан янада хушмуомала бўлиши, эзгулигу саховатларини аввало оиласи учун адо этмоғи муҳим ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз оиласига яхшиларидир”, дея марҳамат қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Рамазон ойида аҳли оиласига гўзал муомала қилганлар, аёлларига ибодат ва бошқа масалаларда таълим берганлар.
Рамазон охирлаб бораётган кунларда ҳар бир мусулмон фитр садақаси ҳақида унутмаслиги лозим. Бинобарин, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фитр садақасини рўзадорнинг сўкиш ва лағв ишларини поклаш ҳамда мискинлар учун таом маъносида фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, мақбул закот, ким намоздан сўнг адо қилса, садақанинг бир тури ҳисобланади”. Демак, ушбу муборак кунларда фақирларнинг хонадонига хурсандчилик улашиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бир томондан зиммамиздаги масъулиятли вазифа бўлса, иккинчидан, оилаларга шодлик ва барака олиб келувчи шарафли ва савобли амаллардан экан.
Биз Рамазоннинг ғанимат имкониятларининг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ, унинг яхшиликларини санаб охирлаш мумкин эмас. Рамазон охирлаб бормоқда. Унинг имкониятларга бой лаҳзаларини исроф қилмайлик. Қолаверса, Рамазон ойидан таълим олганларимизни йил давомида ўзимизга одат билайлик: Ҳамиша эзгуликларга шошилайлик, Қуръони карим тиловати ва маърифат эгаллашдан тўхтамайлик, дуоларимизда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик сўрайлик, муҳтож ва касаллар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик. Ана шунда Рамазон шукуҳи қалбларимизни йил давомида тарк этмайди.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси бош муҳаррири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон ойи — нафақат руҳий покланиш, балки соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, танани тартибга солиш ва умумий соғлиқни яхшилаш учун айни вақтда яхши имкониятдир. Бу ойда рўза тутиш орқали нафсни тийиш, сабр ва шукр қилиш муҳим бўлса, соғлом овқатланишнинг аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Саҳарлик ва ифторликда тўғри овқатланиш рўзани енгил тутиш, ҳолсизлик, қон шакарининг пасайиши ва ошқозон муаммоларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.
Саҳарлик – рўзага қувват
Саҳарлик – кун давомидаги энергия манбаи, рўзадор учун кун бўйи қувват бериб, рўзани енгил тутишга ёрдам беради. Шунинг учун саҳарликни ўтказиб юбориш организмга жуда катта салбий таъсир кўрсатади.
Саҳарликда тавсия этиладиган маҳсулотлар:
Саҳарликда тавсия этилмайдиган маҳсулотлар:
Саҳарликни бомдод намозига яқин вақтда, иложи борича кечиктириб истеъмол қилиш суннат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарликда барака бор”, деганлар.
Ифторликни қандай бошлаш керак?
Ифторликда қўлланиладиган қоидалар:
Сув ичиш тартиби
Рамазон ойида сув ичиш режасига эътибор бериш жуда муҳим. Сувсизланишнинг олдини олиш учун, ифтор ва саҳарлик оралиғида 1,5–2 литр сув ичиш тавсия этилади. Сувни бир йўла эмас, балки бўлиб-бўлиб ичиш фойдали. Чунки бир вақтда кўп сув ичиш ошқозонга оғирлик қилади.
Тўғри саҳарлик ва ифторликнинг фойдали таъсири
Тўғри ташкил этилган саҳарлик ва ифторлик:
Хулоса
Рамазон – нафсни тийиш, сабр ва шукр ойидир. Лекин бу ойда соғлиқни асраш ҳам муҳим ибодат ҳисобланади. Саҳарликни тарк этмаслик, ифторликда меъёрни сақлаш ва фойдали маҳсулотларни танлаш орқали рўзани енгил ўтказиш мумкин.
Шундай экан, ҳар бир мусулмон саодатга эришиш учун нафсни тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзига ҳаракат қилиши керак.
Аллоҳ таоло, ҳар биримизга рўзаларимизни қабул қилсин ва бизни соғлом ҳолда ибодат қилишга муваффақ айласин!
Наргиза ТУЙЧИЕВА,
ЎМИ ҳамшираси.