Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШга қилган сафарлари давомида Вашингтон шаҳридаги энг қадимий масжид ҳисобланган “Муҳаммад” номли жомеда мўмин-мусулмонлар билан дилдан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари АҚШлик мўмин-мусулмонларни Рамазон ойи билан муборакбод этиб, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг илмий меросларининг жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимиз мўмин-мусулмонларининг турмуш ҳаёти, янги очилаётган масжид-мадрасалар ва илмий мактаблар фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Ушбу жоме имом-хатиби Толиб Шариф жаноблари ўзаро мулоқотда ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюргани, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларни ўз кўзи билан кўргани, ҳақиқатан, мусулмон оламида Ўзбекистон етакчи давлатлардан бири эканини билдирди.
“Муҳаммад” номли жоме масжид жойлашган ҳудудда Ислом маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва ташкилотларда исломий тушунчаларни етказишда Имом Толиб Шариф жанобларининг хизматлари жуда катта экани кўпчиликка маълум.
Маълумот ўрнида, “Муҳаммад” масжиди 1930 йилда барпо этилган АҚШ пойтахти Вашингтондаги энг қадимий масжид ҳисобланади. Ушбу масжид жойлашган ҳудудда жуда кўп мусулмонлар истиқомат қилади. Шаҳар четида масжидга қарашли ёрдамчи хўжаликлар ва вақф ерлари ҳам мавжуд бўлиб, тушган даромадлар ушбу масжид ва мўмин мусулмонлар эҳтиёжлари учун сарфланади. Жума кунлари масжидга 500-600 намозхон ташриф буюради. Машҳур боксчи, жаҳон чемпиони Муҳаммад Али ҳам ушбу масжид қавмидан бўлган.
Ушбу жоме “Миллат масжиди” ва “Вашингтон масжиди” номлари билан ҳам машҳурдир. Масжид узоқ йиллар шаҳар, туман ва Колумбия округининг, қолаверса қатор масжидларнинг энг йириги ҳисобланган. Дин Муҳаммад исмли аллома ушбу масжидга дастлабки имомлик қилганлардан биридир. У фаолияти давомида миллионлаб мусулмонларнинг оғирини енгил қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби ишларни бажарган.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШ сафари давом этмоқда, жараёнларни сайтимизда кузатинг.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати