Рамазонда ифторлик ва саҳарлик дастурхонини таомлар билан безаш аёлу қизларимиз, опа-сингил ва келинларимизнинг юмушлари сирасига киради. Аслида бу ой кам таом ейиладиган, очлик ва очлар ҳоли ҳис қилинадиган мавсумдир. Аммо шу ойда ҳам таомни кўп ейишга уринамиз. Аёлларимиз ифторлик дастурхонига шунақа кўп таом ҳозирлашадики, уни қўйгани хонтахтада жой етишмайди. Қорин очлиги сабаблими ёки бошқами, жуда кўп нарса пиширилади. Бир неча хил таомлар, сомса, печене, турли салатлар, шарбатлар ва ҳоказо.
Куни бўйи оч юрган тана бирданига шунча нарсани еб, уни ҳазм қилишга қийналади, ошқозонга юк бўлади, семириш, ҳаракатнинг кескин камайиши содир бўлади.
Аёл-қизларимиз фақат ейиладиган, керакли миқдордаги таомларни ҳозирлаб, қолган вақтларини ошхонада ўтказмасдан, Аллоҳ таолони зикр қилиб, танани озиқлантиришга бўлган уринишларини камайтириб, руҳнинг озуқасига кўпроқ эътибор қаратсалар оила аъзолари кўп овқат еб, қийналиш муаммосидан қутулган, келинлар эса зикрнинг савобига эришган бўлардилар.
Кўп таом егандан кейин унинг устидан кўп сув ичишга тўғри келади. Бу эса танани оғирлаштириб, дангаса бўлишга, ибодат қилиш, илм ўрганиш ва яна бирор фойдали ишлар билан шуғулланишдан сусткашлик қилишга олиб келади.
Саҳарликда рўза тутишга қувват бўлсин деб кўпроқ таом еймиз. Балки буни тушунса бўлар. Аммо ифторлик дастурхонини меъёридан оширмаслик керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда “Ишларнинг хайрлиси ўртачасидир” деганлар.
Ушбу оят ва ҳадисга амал қилиб, таом ейиш борасида ҳам ўртача йўлни тутсак, ҳам ҳадисга амал қилган бўламиз, ҳам ўзимизни ҳазмда қийналиш муаммосидан қутқарган бўламиз. Зеро, уламолар мазкур оятдаги “исроф қилманг” жумласини “Тўйгандан кейин таом еманг” деб тафсир қилишган.
Биз шунча нозу неъматлар билан ифторлик қилаётганимизда, рўзамга қувват бўлсин деб саҳарликда кўп овқат еб ўтирганимизда қўшнимизни эслаб қўяйлик! Улар ҳам биз каби саҳарлик ва ифторлик қилишяптимикин ёки уларнинг дастурхонида биздаги таомнинг ўндан бири ҳам йўқмикин?!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ифторликда кўп овқат еб, нафас олишга ҳам қийналиб турган пайтимизда улар ёдимизга келсин! Имкон қилиб, икки-уч хил таомимизнинг ярмини уларга олиб чиқиб берсак, қанча савобга эришамиз, иймонимиз комил бўлади.
Азиз диндошлар, таомланишда меъёрга амал қилайлик! Рамазон ойида яшаётганимиз, рўза тутаётганимиз ўзимизга билинсин! Очлик, ташналикни ҳис этайлик! Ана шунда биз бир ой давомида ҳис қилган ҳолат ён қўшнимизнинг бутун йил давомида ҳис этадиган ҳолати эканини англаб етамиз ва уларга ёрдам беришга шошиламиз!
Аллоҳ таоло барчамизни исрофдан сақланиб, меъёрида таомланишимизни ва фақирлар ҳолидан тез-тез хабар олиб туришимизни насиб этсин!
Довудхон домла мавъизалари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Шу йил 9 январь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида вакиллик ходимлари, шаҳар-туман бош имом-хатиблари ва иқтидорли имомлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ Ўзбекистон туманига ташриф буюрди.
Дастлаб тумандаги 7 та масжид ва 7 та маҳаллада, шунингдек, “Ҳаж — 2024” зиёратчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, амалий тадбир режаси тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ва имом-хатибларга бириктирилган маҳалла ҳудудидан “Ҳаж – 2024” зиёратчисини маънавий-маърифий тадбирларга жалб этди. Биргаликда маҳалланинг энг камида 3 тагача муаммоли хонадонига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўради. Уларнинг муаммоларини ўрганди, таклиф, фикр-мулоҳазаларини тинглади. Имом-хатиблар 22 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди.
Шунингдек, тумандаги "Қудаш" мурувват уйига ташриф буюрилиб, ташриф чоғида мурувват уйида яшовчи имконияти чекланган, меҳр-мурувватга муҳтожларни ҳолидан хабар олиниб, мурувват уйи учун маиший техника ва маиший жиҳозлар ҳамда бошқа турдаги зарурий ашёлар хайрия қилинди.
Шу билан бирга, мурувват уйида "Яшил макон" дастури доирасида 100 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Туманнинг "Боғи Эрам" маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилага ҳомийлар кўмаги билан замонавий қулай шароитларга эга бир хоналик уй қуриб берилди. Ишчи гуруҳ мазкур хонадонга ташриф буюриб, хонадон эгалари билан мулоқот қилди.
Пешин намози сўнгида масжидларда жамоатга маъруза қилиниб, одамларга манфаат етказишнинг фазилати, офият улкан неъмат экани, ёшлар тарбияси доимий эътибор марказда бўлиши зарурлиги, бу борада ота-оналарнинг ўрни ҳақида илмий ва ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Масжидлар ва имомлар фаолияти кўздан кечирилди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан керакли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати