Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
فَمَن يُرِدِ اللّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلإِسْلاَمِ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقاً حَرَجاً كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاء كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ
“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур”. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?) (Анъом сураси, 125-оят).
Бу оятлар бундан ўн тўрт аср олдин нозил бўлган. Космик кема, скафандр, расадхона каби нарсалар кашф этилмаган, Арабистон ярим оролида астрономия илми ривожланиши у ёқда турсин, у ерда биров бу илм билан шуғулланмаган бир пайтда бу каби гапни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан билиб айтдилар экан?! Албатта, бу ҳақиқатни у кишига осмонларни ва Ерни яратган Зот билдиргандир!
Нозимжон Иминжонов
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати