Рамазон ойида ҳаммамиз тақводор бўлишга уринамиз. Намоз ўқиш, садақа бериш, етимлар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишга интилиб, қариндошлар билан борди-келдини кучайтирамиз. Оила, фарзандларга кўпроқ эътибор берилади.
Аммо Рамазон ойидан кейин баъзи кишилар бу улуғ ойдаги тақволарини ушлаб қололмай, Рамазондан олдинги хатоларини яна давом эттираётганлари кўзга ташланиб қолади.
Хўш, биз Рамазон ойидаги руҳий ҳолатимизни, ибодатларга бўлган интилишимизни бу ойдан кейин ҳам давом эттиришимиз учун нима қилишимиз керак?
Жавоби оддий: биз тақволи бўлишга фақат Рамазон ойида эмас, балки бутун умримиз давомида буюрилганимизни унутмасак ва шунга кўра ҳаракат қилсак бўлди.
Аллоҳ таоло бизни фақат Рамазонда эмас, балки доим кузатиб туради. Амалларимизни доим ҳисоб-китоб қилиб боради.
Намоз доим фарз. Закот доим фарз. Солиҳ амалларни қилиш ва гуноҳлардан тийилиш биздан доим матлубдир. Ота-она зиёрати, силаи раҳм, яхши қўшничилик, намозларни масжидда жамоат билан адо этиш доим муҳимдир. Рамазонда астойдил уриниб қиладиган солиҳ амалларимизни, аслида, доим қилиб юришга буюрилганмиз. Фаришталар бизнинг амалларимизни вафот этгунимизча ёзиб боришади. Эҳсон, инфоқ, мурувват ҳамиша қилиниши керак. Аллоҳ таоло солиҳ амалларимизга ҳамма вақт савоб беради. Хато ва маъсиятларимиз ҳамиша гуноҳ деб ёзиб борилади. Биз гуноҳдан умримиз охиригача четда бўлишимиз керак.
Аллоҳ таоло бизни умр бўйи тақво қилишга амр этган. Шу амрида бардавом бўлишимизни, Рамазондан кейин ҳам Рамазон ойи шукуҳида, охиратга тайёргарлик кўрувчи инсон бўлиб юришимизни насиб этсин, омийн!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илоҳим, борлиқ Холиқи, таслимман Сенга,
Осий бандангман, Ўзинг раҳм айла менга.
Турли хил “юлдуз”лар ва бекорчилар ҳақидаги ўнлаб газета ва журналларни мутолаа қилдим. Шунда ўзимга ўзим: “Эҳ, минг афсус, ростгўй, рўза тутадиган, Аллоҳга ибодат қиладиган ва Ундан қўрқадиган мўмин-мўмина ва муслим-муслималар қаерада-ю булар қаерда?! Бу чегараланган қисқагина умр бундай бекорчилик ва иккинчи даражали ишлар ва маъсият-гуноҳларга сарф этиб юбориш мумкин-ми? Ёки сизда бошқа умрингиз ёки кунларингиз ҳам бор-ми? Ёки Аллоҳдан ўлмаслигингиз ҳақида ишончнома ёздириб олганмисиз? Йўқ, асло! Бу ўйларнинг барчаси ёлғон гумон ва яроқсиз орзулардан бошқа нарса эмас. Шундай экан, ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, қадамингизни ўйлаб босинг ва нажот кемасига чиқиб олинг!".
Шуъла: Оқила аёл сувсиз саҳрони гўзал бўстонга айлантиради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан