19 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтадиган ўзаро мулоқотлар, халқаро анжуманлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Океан орти мамлакати сафари давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШ давлат департаменти вакиллари билан учрашув ўтказиш ва халқаро диний эркинликлар масалалари бўйича мутахассислар билан мулоқотлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, ушбу мамлакатдаги дин пешволари билан мулоқотлар уюштириб, ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувлар муҳокама қилинади.
Ташриф давомида соҳа мутахассислари, экспертлар ва дин пешволари иштирокида “Маърифат ва диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади.
Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Вашингтон шаҳридаги йирик жоме масжидда жума намозини адо этиши кўзда тутилган.
Мазкур нуфузли тадбирлар ва учрашувларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқароларнинг мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
12 август куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатларини тингладилар. Юзма-юз суҳбат жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид кўплаб масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қабуллар ва фуқаролар билан мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни имом-хатиблар томонидан ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати