Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Апрел, 2025   |   24 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:07
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:11
Шом
19:14
Хуфтон
20:34
Bismillah
22 Апрел, 2025, 24 Шаввол, 1446

Копия Рамазон дунё бўйлаб одимламоқда

18.05.2019   1089   8 min.
Копия Рамазон дунё бўйлаб одимламоқда

Мисрда

Шаҳар кўчалар ялтироқ материаллар, фонуслар ва рангли чироқлар билан безалади. Рамазон учун махсус фонусни мисрлик усталар рангли ойна ва металлдан ясашади. Уларнинг энг каттасининг баландлиги икки метргача бўлади. Фонуснинг ўртасига илгари шам ёки машъал ёқиб қўйишган. Ҳозир эса асосан электр чироғи айланиб турадиган хитой фонуслари сотилади.

Кечқурун, кун ботганидан сўнг кўча юзига катта чодир ўрнатилади ва истаган кишиларни бепул овқатлантираверади. Уларни асосан, сиёсатчилар, бизнесменлар, актёрлар ва шуларга ўхшаган ўзига тўқ кишилар ташкил этади.

Рамазон ойида Мисрда турмуш тарзи буткул  ўзгаради. Айниқса, бу Қоҳира ва  Александрияда сезилади. Кундузлари шаҳар кўчалар бўм-бўш, кафелар, ресторанлар ёпиқ бўлади. Кун ботгандан сўнг ҳаёт қайнай бошлайди – ҳамма ифтор қилишга ва намозини вақтида ўқишга шошилади. Ҳатто энг йирик савдо марказлари ҳам ифтор ва намоз вақтида ходимлари ифтор қилиб намоз ўқиб олишлари учун ишни  тўхтатиб туради. Тун давомида эса кўчалар одамга тўла бўлади, ҳар тарафдан мусиқа садолар эшитилади ва мева, ширинлик, турли-туман пишириқлар,  салатлар сотувчиларнинг бақир-чақири эшитилиб туради

“Баваб” деганлари саҳар чоғида одамларнинг эшикларига уриб “Эй ухлаётганлар, уйғонинглар! Рамазони кариманинг саҳарлик вақти кирди!” деб жар солади.

Ифторга одамларни тўпдан ўқ отиб ёки қўнғироқлар чалиб чақиришади. Бу вақтда ҳамма ресторанлар катта чегирмалар қилади. Йўл бўйидаги савдо расталари камбағалларга ва муҳтожларга текин овқатлар тарқатади. Ўша расталарнинг ёнидан ўтаётган исталган киши тўхтаб ифтор қилиб кетиши мумкин. Ифтор вақти радио ва телевидение орқали ҳам эълон қилинади. Мисрликларнинг қизиқ анъаналардан бири – шом намозидан олдин ўтиб кетаётган автомобиллар ойнасидан ифторга ейиладиган егуликлар жамланмаси ташлаб кетилади.

 

Туркияда

Туркларнинг аксари рамазон рўзасини тутади. Шу боисдан одатдаги туркия ҳаётида ўзгаришлар юз беради.

Кун давомида кўплаб қҳавахона ва чойхоналар ҳатто сайёҳлар учун ҳам ёпилади. Чууки рўзадорлар ифторга улгуриш учун қисқа иш графигига ўтади.

Туркияда бир неча йилдан бери Рамазон ойида “тез овқатланиш чодирлари” фаолият кўрсатади. Рамазон бошлангани заҳоти Истамбул шаҳри раҳбарияти кам таъминланганлар ҳамда бирор сабаб билан ифтор вақти уйига етиб олишга улгурмайдиганлар учун иссиқ ифторликлар ташкил этади. Уларда аксаран талабалар ишлайди. “Одамлар тоза ҳавода роҳатланиб овқатланиб. суҳбатлашиб ўтирсин, концертларни, театр томошаларини кўришсин, ярмаркаларни айлансин”, дейди шаҳар мэри Қодир Толбаш.

Рамазон байрамида шаҳар муниципалитети  мастер-класс, қўғирчоқ спектакли, театрлашган саҳналар ва бошқа маданий тадбирларни ҳам ташкиллаштиради.

Анъанага кўра, шаҳар аҳолисининг баъзиларига уйқу зўрлик қилиб саҳарликсиз қолиб кетмасин деган мақсадда саҳар вақтида жарчилар барабан чалиб рамазонни мадҳ этувчи қўшиқларни баланд овозда куйлайди. Ифтор вақти кираётганда масжидлар минорасида олов ёқилади ва кўплаб шаҳарларда тўплардан ўқ отилади. Шунинг билан бирга муҳтожларга турмуш учун энг зарур ашёларга тўлдирилган “Рамазон пакети” совға қилинади.

 

Покистонда

Масжидлар, шаҳар кўчалари, кафелар ва  ҳатто дарахтларга ҳам рангли чироқлар, турли гулчамбарлар билан оро берилади. 

Покистонда шариатга қаттиқ амал қилингани боис ресторан, кафе ва шунга ўхшаш нарсалар ёруғ вақтда қатъиян ишламайди. Темир йўл вокзаллари ва аэропортларда фақат йўловчиларга хизмат кўрсатадиган кафелар бундан мустасно. Кўчада ейиш ва ичиш тақиқланган – қоидабузар ойнинг охирига қадар қамоқда ўтиради.

Саҳарлик ва ифторлик вақти миноралардан чақириб эълон қилинади. Демак, уларнинг вақтини ўтказиб қўйиш ҳоллари бўлмайди. 

Рамазон ойида кам таъминланган кишилар асосий озиқ-овқатларини арзон нархларда олсин учун махсус “Рамазон бозори” ташкил этилади. Ойнинг охирида эса ҳаммаси текин тарқатилади.

Рамазоннинг биринчи жумасида марҳумларнинг ётган жойлари зиёрат қилинади. Бу тадбирда фақат эркаклар иштирок этади. Покистонда аёлларнинг қабристонга бориши мумкин эмас.

Рамазон бу – катта чегирмалар ойи. Нархлар худди Европа ва Шимолий Америкада рождестово байрами олдидан чегирилгани каби чегирилади. Шунинг билан бирга, анъанага кўра, Ийд ул-Фитр байрами олдидан янги кийим харид қилинади, қариндошларига ва яқинларига совғалар берилади. Шундай қилиб, Рамазон тунларида бозорлар ва савдо марказлари харидорлар билан жуда ҳам гавжум бўлади.

Ойнинг охирги ўн кунлигида шаҳар кўчаларида ва  қишлоқларда қоплаб текинга ун тарқатилади. Ундан истаган киши олиши мумкин. Бу тадбирни давлат ташкил қилади ва биринчи ўринда муҳтожларга тарқатишга эътибор қаратилади. Аммо унни олувчилардан ҳеч ким ҳеч қандай ҳужжат сўрамайди. Уни одамлар ўзаро ишонч асосида оладилар.

 

Мароккода

Рамазон киришидан бир неча кун олдин аёллар идиш-товоқларини, ошхона анжомларини ва шкафларини қайта ювиб оладилар, кейин эса уйни безашади.

Мароккода муборак Рамазон ҳавоси тахминан икки ҳафта олдиндан сезила бошлайди. Кўчаларда хилма хил сотадиган  сотувчилар пайдо бўлади. Дўконлар турли хил чироқлар ва қоғоздан ясалган юлдузчалар билан безалади. Масжидларнинг эшикларига Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар битилган матолар илинади. Рамазон ойида иш вақти хийла қисқаради.

Муборак ойнинг киргани сирена чалиб эълон қилинади. Сирена овозини эшитган одамлар бир-бирини улуғ байрам киргани билан қутлайдилар. Болалар хурсандчилик билан шаҳар кўчалари бўйлаб югуради ва Рамазон ҳақида қўшиқлар куйлайди. Болалар қўшиғи тонггача жаранглаб туради.

Саҳар вақтида жарчилар минораларга кўтарилади ва одамларни саҳарлик қилишга уйғотади. 

Марокколикларнинг қизиқ одатларидан бири, улар ўтганларининг зиёрати учун қабристонга Рамазоннинг 27 куни боради.  Одамлар қабристонга етиб боргунга қадар қашшоқларга меҳрибонлик қилиб егуликлар тарқатиб боради. Ана шу кунда қабристонни тозалаб, ўсимликларни парвариш қилиш мумкин.

 

Сурияда

Неча асрлардирки, рўзанинг вақти киргани ва тугагани Сурияда тўпдан ўқ отиб хабар қилинади.

Саҳарлик киргани ва ифторлик бўлганини эълон қилайтган электирон нашрлар ва босма оммавий ахборот воситалари ҳали ҳам ана шу эски анъанани ўтмишнинг қаърига улоқтириб юбора олгани йўқ. Дамашқ аҳли  ҳали ҳам ҳар оқшомда неча асрлар бурунгидек, тўпнинг ўқ отган овозини сабрсизлик билан кутиб ўтиради.

Рамазонда ёлғиз овқатланиш мумкин эмас. Кимдир агар бирор сабаб билан овқат тайёрлай олмай қолса, оқшом вақти ҳисобсиз ресторанлар очилади ва фақат Рамазонда бериладиган овқатлар тарқатилади.

Бу вақтда юлдузлар ва янги ойнинг ўткир ўроғи тасвири туширилган махсус ёритгич билан безалган ресторан ва кафелар швед столи услубидан фойдаланади.

Таомлангандан кейин, сурияликлар айтганидек, “тун кунга айланади” ва минглаб одамлар кўчага чиқади ва ҳамма жойда байрам кайфияти ҳукмронлик қилади.

Саҳар вақти яқинлашганда барабанлар чалиниб одамлар саҳарликка уйғотилади. Барабанчилар бутун шаҳарни айланиб чиқади.

Рамазон кунларида давлат ташкилотлари, университетлар ва мактабларнинг иш тартиб ўзгаради.

Рамазонда газета-журналларда махсус “Рўза тута оласизми?” деган тест-ўйинлар эълон қилинади. Телевидениеда эса одамларни очликдан чалғитадиган турли телесериаллар намойиш этилади. Ҳар йили Рамазондан олдин йигирмага яқин янги сериал яратилади.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Рамазон-2018
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

21.04.2025   1320   6 min.
Бобур ўн икки минг аскар билан Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини мағлуб этган

Ватанимиз тарихидаги 21 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
 

1408 йил (бундан 617 йил олдин) – Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Озарбайжон ҳукмдори Қора Юсуф билан Табриз ёнида бўлган жангда 42 ёшида ҳалок бўлди. Тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида қайд этилишича, Мироншоҳнинг қотили унинг бошини Қора Юсуфга олиб келади. У амирзода Мироншоҳ қотилининг бошини кесишни буюради. Мироншоҳни барча эҳтиромлар билан Табризнинг Сурхоб туманида дафн қиладилар. Шамс Ғурий исмли киши бир неча вақтдан сўнг дарвеш кийимида Мироншоҳ жасадини Самарқандга олиб бориб қўяди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Амир Темур Мироншоҳни ўн тўрт ёшида Хуросонга ҳоким, йигирма етти ёшида Эрон ва Ироқ ҳукмдори қилиб тайинлайди. Бироқ кейинги пайтларда Мироншоҳ маишатга берилиб, давлат ишларига қарамай кўяди. Узлуксиз базм ва кўнгилочар ўйинлар хазинага сезиларли даражада зарба беради. Мамлакатда тартиб бузилади. Бундан хабар топган Амир Темур 1399 йил Султонияга келиб ўттиз уч ёшли Мироншоҳни ҳокимиятдан четлатади.


1526 йил (бундан 499 йил олдин) – Деҳлидан тахминан 100 км шимолда жойлашган Панипат яланглигида 12 минг аскардан иборат Бобур қўшини ва Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг пиёда ҳамда бир минг жанговар филдан иборат армияси ўртасида жанг бўлиб ўтди. Ҳинд қўшини тартибсиз тарзда жангни бошлаган. Бобурнинг баранғор ва жувонғори тўлғама усули билан ғанимнинг орт томонига ўтиб унга кучли зарбалар берган. Иброҳим Лўдий асосий кучлари ва жанговар филлар билан марказга ҳамла қилган. Шунда Бобур ҳўкизларнинг хом терисидан эшилган арқонлар билан бир-бирига маҳкам боғланган 700 та арава ва улар орасига ўрнатилган туроқалқонлар паноҳида турган тўфакандозларни жангга ташлайди. Тўфак ва замбарак ўқларидан ярадор бўлган филлар чекиниб устларидан филбонларни йиқитиб, пиёдаларни янчиб ўтади, ҳиндлар саросимага тушиб қочишга тушганлар. Султон Иброҳим Лўдий ва тахминан 50 минг ҳинд жангчиси ҳалок бўлган. Бобур Деҳли ва Аграни забт этиб, Шимолий Ҳиндистонда Бобурийлар давлатига асос солади.


1901 йил (бундан 124 йил олдин) – тарихчи Анорой Тоғаеванинг қайд этишича, Тошкент–Оренбург темирйўли қурилиш лойиҳаси узил-кесил маъқулланди. Тошкент–Оренбург темирйўли қурилишини бошқариш учун тузилган махсус қўмита темирйўлни бир вақтнинг ўзида икки томондан – Оренбург ва Тошкент шаҳридан бошлаб қуришга қарор қилди. Оренбург томондан бошланган қисм шартли равишда шимолий, Тошкентдан бошланган қисм жанубий деб номланди. 1901 йилнинг баҳорида шимолий қисмда, олти ойдан сўнг жанубий қисмда қурилиш ишлари бошланди.


1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистонда совет тузуми ўрнатилгач, Тошкентнинг янги шаҳар қисмида А.В.Попов раҳбарлигида Туркистон давлат университети очилди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг ёзишича, бу олий таълим даргоҳининг педагогик жамоаси ҳам, талабалари ҳам асосан европалик миллатлар вакилларидан иборат эди. 


Маҳаллий миллатлар фарзандлари учун 1918 йил 12 майда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон Мусулмон халқ дорулфунуни очилди. Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам мазкур дорулфунун шўъбасини очишга киришди. Бироқ большевик ҳукумати томонидан бунга рухсат берилмади. 


1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Ўрта Осиёда биринчи кино ташкилоти – “Бухкино” вужудга келди. Бу ташкилот бадиий-ташвиқот, ижтимоий-хроникал фильмлар ишлаб чиқариш, фильмларни ижарага олиш, сотиб олиш, кинотеатрлар қуриш каби масалалар билан шуғулланди. Бадиий фильмлари анча бўш бўлсада, тушунарли ва соддалиги билан ажралиб туради. Ролларни асосан четдан таклиф этилган актёрлар ижро этди. “Бухкино” фаолияти узоқ давом этмади. У 1925 йилда Туркистон давлат кино ташкилоти билан бирлаштирилиб, Ўзбек давлат кино ташкилоти ташкил этилди.


1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон тарихи музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга биноан В.И.Ленин марказий музейининг Тошкент филиали ва Ойбек номидаги Ўзбекистон халқлар тарихи музейи тугатилиб, уларнинг негизида 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистон тарихи музейи ташкил этилди.


2008 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2009 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталига ахборотларни тақдим этиш ва жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 


2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касаначиликни ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 


Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари