Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушар экан. Рамазон ойининг бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, улардан яна бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашлигидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади, шу жумладан рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсларни бўғиб туради. Рўза бизларга бу дунёда гуноҳ ишлардан сақлагувчи бир қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб тўсиб турувчи бир қўрғон кабидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ибодатини дўзахдан асровчи восита дедилар.
Рўза тутмоқлик фақат еб ичиш ва шаҳвоний ҳирсни жиловлаш каби моддийликдан иборат нарсалардан сақланиш эмас. Балки, рўза фарз қилинишининг асосий ҳикмати бандаларда тақво ҳосил қилиш, мусулмонларнинг маънавий-руҳий дунёсини шакллантириш эканлигини Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 183-оятида маълум қилган. Инсоннинг руҳий ва маънавий дунёсини шакллантириб, унинг хулқини олийларга кўтарадиган ишлардан бири бемаъни сўзлар, ҳақорат қилиш, масхаралаш, беҳуда гап сотиш, ғийбат, бўҳтонлардан ўзини тийишдир. Рўза тутган киши эса ўзини мана шундай қабиҳ ишлардан сақлаш кераклигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар. Тилни бундай беъмани нарсалардан сақламаслик рўзанинг асл моҳиятига путур етказиб, уни савобидан маҳрум бўлишга олиб келади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисларида рўза ва унинг фазилатлари, рўзадорнинг зиммасидаги бурчлари ва унга бўлган ҳисобсиз ажр-савобларни бирма-бир баён қилдилар. Дарҳақиқат, муборак Рамазон ойи келиши билан бандаларга мана шундай фазилатлар, улкан савобу ажрлар ёғилади.
Рамазон ойларнинг саййиди, хожасидир. Унинг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатлари бор. Улар қуйидагилар:
1) Рамазонда Қуръони карим нозил бўлди.
У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:
شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
2) Рамазон ойининг рўзаси Исломнинг бешта арконлардан биридир.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Ислом бешта устун тепасига бино бўлгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканлигига гувоҳлик бериш; намозни барпо қилиш; закотни бериш; Байтуллоҳни тавоф қилиш; Рамазон рўзасини тутишдир”.
3) Рамазон ойида қилинган садақалар, хайр-эҳсонлар бошқа ойлардан кўра афзалдир.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари табиатан сахий эдилар, Рамазон кириши билан эса саховатлари, яхшиликлари оммавий, узлуксиз бўлиб кетар эди. Рамазон ойида қилинган яхшиликлар бошқа ойлардагидан етмиш баробар ортиқ бўлиши ҳақидаги ҳадиси шариф (Байҳақий ривоятида) ворид бўлган. Иброҳим Нахаъийдек тобиъин: “Рамазонда бир марта тасбиҳ айтиш бошқа ойларда минг марта айтишдан яхшироқдир”, деган эканлар.
4) Рамазонда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор.
У Лайлат ул-қадр, яъни Қадр кечасидир. Мазкур кечанинг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам, Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳам таъкидлаганлар.
5) Рамазонда бошқа ойлардан фарқли ўлароқ кечалари намоз билан қоим бўлиш суннат қилинган.
Таровеҳ намозлари масжидларда омматан ўқилиши, жамоат бўлиб дуо қилишлар файзу футуҳини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди!
6) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидларда эътикоф ўтиришлар суннати муаккададир.
Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, аҳли аёллари ва асҳоблари билан эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Ҳатто ул зоти шариф умрларининг охирги йилида йигирма кун эътикоф ўтирганлари нақл қилинган. Эътикоф эса ибодатларга шўнғиш, Аллоҳга астойдил бандалик қилиш демакдир!
7) Рамазон Қуръон ойидир.
Қуръони каримни ўқиш ва ўрганиш ойидир. Қуръон ўқишни кўпайтириш, Қуръон дарсларини зиёда қилиш бу ойда мустаҳабдир. Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жаброил алайҳиссалом билан Қуръон дарсларини Рамазони шарифда ҳамманинг кўз ўнгида қилар, кўпайтирар эдилар. Ўтган салафи солиҳийн, ота-боболаримиз ҳатто мадраса дарсларини, ўзларининг илмий ишларини Рамазонда тўхтатиб, фақатгина Қуръони карим билан шуғулланганлари маълум.
8) Рамазонда бошқа ойларда бўлмайдиган ифторликлар бор.
Бу хурсандчилик, каттаю кичикнинг дили шод бўладиган бир тадбирдир. “Кимки бир рўзадорни ифтор қилдириб, қорнини тўйдирса, унинг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, деган маънодаги ҳадиси шариф ворид бўлган.
9) Рамазонда қилинган умра ибодати бошқа вақтда қилинганидан савоби ортиқдир.
Рамазонда қилинган умра фарз ҳаж амали билан тенглиги айтилган ҳадис ҳам бор.
Сафватулло Қаюмов,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Ислом даъватининг илк йилларида биринчи турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр билан бирга Аллоҳнинг динини қабул қилганлар. Аммо Исломга кирмаган қариндошларининг аксарияти Савда розияллоҳу анҳога ёмон муносабатда бўлишган. Қолаверса, мушрикларнинг таъқиблари, азоб-уқубатлари ва ҳақоратларини ҳам бошдан кечирди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Эфиопия (Ҳабашистон)га ҳижрат қилишни буюрдилар. Бу сафар мушриклар тўсқинлик қилмасликлари учун махфий тарзда амалга оширилди. Савда розияллоҳу анҳо ва турмуш ўртоғи Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида уй-жойлари ва мол-мулкларини ташлаб, мусофирликка чиқдилар.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал(жой)га жойлаштирамиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар” (Наҳл сураси, 41-оят).
Кейинчалик муҳожирларга Маккада мушриклар мусулмонларга тазйиқ қилишни тўхтатгани ҳақида хабар етди. Шу боис айримлари юртларига қайтишга қарор қилдилар. Савда розияллоҳу анҳо ҳам улар орасида эдилар. Аммо Маккага етиб келгач, бу хабар ёлғон экани маълум бўлди. Ана шу оғир кунларда яна бир мусибат юз берди – касаллик сабабли турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр вафот этди.
Милодий 619 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида икки катта мусибатни бошдан кечирдилар: дастлаб амакилари Абу Толиб, ортидан эса завжаи муҳтарамалари Хадижа розияллоҳу анҳо вафот этдилар. Бу йўқотишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ маҳзун қилди.
Кунларнинг бирида Ҳавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уйланишни таклиф қилиб, Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳақида сўз очди. Шундан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳавла розияллоҳу анҳони Савда розияллоҳу анҳонинг розилигини билиш учун юбордилар. Савда розияллоҳу анҳо бу никоҳга розилик билдирдилар. Кейин эса Ҳавла розияллоҳу анҳони оталарининг фикрини сўраш учун юбордилар. Оталари ҳам ушбу никоҳга розилик бердилар. Шу тариқа Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар.
Бу орада Маккада мусулмонларга нисбатан таъқиблар янада кучайди. Шу сабабли мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишга қарор қилдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, муҳожирлар сафидан ўрин олдилар.
Мўминларнинг бошқа оналари каби Савда розияллоҳу анҳо ҳам кўплаб юксак фазилатларга эга эдилар. Айниқса, саховатлари билан ажралиб турардилар.
Ибн Сириндан ривоят қилинадики, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Савда розияллоҳу анҳога дирҳамлар солинган катта халта юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо:
— Бу нима? — деб сўрадилар.
Улар:
— Дирҳамлар, — дедилар.
Шунда у киши:
— Хурмо солинган идиш каби тўлиб кетибди-ку, — дедилар.
Сўнг хизматкорини чақириб:
— Уни тарқатиб юбор, — дедилар.
Ва барча молни камбағалларга садақа қилиб юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо хушчақчақ ва очиқкўнгил аёл эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Ё Аллоҳнинг Расули, кеча сиз билан намоз ўқидим. Сиз рукуни шу қадар узоқ қилдингизки, ҳатто бурнимдан қон оқиб кетмасин деб ушлаб турдим”, дедилар. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо бутун умрларини тақво, саховат ва юксак ахлоқ билан ўтказдилар. У киши ўз даврларида ҳам, бугунги кунда ҳам мусулмон аёллари учун ибрат намунаси бўлиб қолмоқдалар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Савдадан кўра ўзимни унга ўхшатишни кўпроқ истайдиган бирор кишини билмайман”, деганлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳо халифаликларининг сўнгги йилларида вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳодан рози бўлсин, у зот каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли, динимизга содиқ, сабрли ва саховатли бандаларидан қилсин.
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва барча саҳобаларидан рози бўлгин. Бизни ҳам уларнинг гўзал хулқларига эргашувчилардан қилгин. Қалбларимизни иймон нури билан мунаввар, оилаларимизга барака, ҳаётларимизга тақво ва амалларимизга ихлос ато этгин.
Даврон НУРМУҲАММАД