Ифторни тезлатиш дейилганда ифтор вақти киргандан сўнг бир неча дона хурмо ва сув билан бўлса ҳам оғиз очиб олиш тушунилади. Саҳарликни кечиктириш деган эса, саҳарликни туннинг охирги вақтига, тонг отишига яқин вақтгача кечиктириш назарда тутилган.
Ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш тўғрисида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қанча ҳадислар нақл қилинган. Бу ҳадисларнинг баъзиларида ушбу амалга буюрилган бўлса, бошқаларида унинг фазилати, савоби улуғлиги, баъзиларида ундаги ҳикматлар баён этилган. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:
“Агар тун бу ёқдан яқинлашса, кундузи у ёққа қайта бошласа, рўзадор оғзини очади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти);
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқишларидан олдин бир неча дона ҳўл хурмо билан, агар ҳўл хурмо бўлмаса, бир неча қуруқ хурмо билан, агар қуруқ хурмо ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
“У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қултум сув билан бўлса ҳам оғизларини очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар” (Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган).
“Умматим модомики, ифторни тезлатар эканлар, яхшиликда бардавом бўладилар” (Имом Аҳмад ривояти);
“Ифторни тезлатинглар ва саҳарликни кечиктиринг” (Табароний ривояти);
“Уч нарса пайғамбарлар ахлоқидандир: ифторни тезлатиш, саҳарликни кечиктириш ва намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш” (Табароний ривояти).
Ушбу ҳадислар кўпчилик эътиборидан четда қолган ифторни тезлатиш, саҳарликни имкон борича кечиктириш амалининг аҳамиятига очиқ-ойдин далолат қилади. Бу ишда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш, у зотнинг буйруқларига итоат бордир. Шу каби ишлар билан мусулмон Аллоҳнинг муҳаббатига эришади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон, 31).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло айтди: “Менга бандаларимнинг энг суюклиси ифторни тез қиладиганларидир” (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарликнинг муборак экани, унда барака борлигини айтганлар. Бу барака кенг қамровлидир: таомдаги барака, амалнинг ўзидаги барака, вақтдаги баракани ўз ичига олади. Шу боис, рўзадор бу амални канда қилмаслиги, ғанимат билиши лозим.
Бундан ташқари, саҳар вақти фазилатли, баракали вақтлардандир. Аллоҳ таоло бу вақтда истиғфор айтувчиларни мақтаган, бу вақтда дуо қилувчиларни ижобат этишини, сўровчиларга сўраганларини беришини ваъда қилган.
Ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш одамлар орасида яхшиликнинг бардавом бўлиши омилларидандир. Шунингдек, бунда танани бақувват қилиш, заифликни, дангасаликни кетказиш бордир.
Жамшид ШОДИЕВ
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати