Аллоҳ таоло бизларга рамазони шариф ойида рўза тўтишни фарз айлади. Шу сабаб бизлар фарзни қандай шаклда адо этишни илмлари ва тақволари ила безалиб бутун дунёга дарс берган олимларимиздан ўргансак мақсадга муофиқ бўлади.
Парвардигор жамолини кўриш ва Раййон эшигидан кириб, абадий жаннатга мушарраф бўлиш ҳар бир банданинг орзусидир. Бунинг учун буюрилган нарсаларни бажариб, қайтарилган нарсаларни тарк қилмоғимиз керак.
Аллоҳ фарз қилган ҳар бир амалнинг вазифалари ва хусусиятлари бор. Унинг фазилатига етиш учун унга зарар етказадиган унинг фақат(рўза деган) исмини қолдирадиган амаллардан сақланишимиз керак бўлади. Бунинг учун биз Суннатга биноан рўза тутишимиз керак бўлади. Буни исмини эса олимларимиз “Суннат рўза” деб номлашган. Аллоҳ таоло ҳар бир амални Ўзи айтгандай қилмасангиз зинҳор қабул қилмаслигини қатъий айтган. Расулуллоҳ ўзлари ўрнак бўлиб қайси бир умматида Аллоҳ белгилаган амрлари бўзилса, тезлик билан у ҳақда ўзларининг муборак ҳадислари орқали қайтариқларини берганлар. Сиз рози бўлмаган амалга Аллоҳ таоло ҳам рози бўлмаслигини жуда яхши билиб олишимиз керак. Оддий илмсиз одам ҳам сиздаги қабиҳликларга рози бўлмаса, сиз яна қандай қилиб ўзингиз амалингизга буюк ажрлар олишни истайсиз? Буюк ажрларни олиш учун Аллоҳ ва унинг Расули ва Набийси бўлган Муҳаммад Мустофо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалий тарзда намуна бўлган рўзаларига эътибор билан, фикр доирангизни кенгайтириб ўта масъулиятли ишга ёндашгандай ўқиб, уни қалбга сингдириб, унинг амалини бутун вужудингизда сингдириб гўё Аллоҳ уни кўзатиб турганлигини ҳис қилиб, тутмоқликдир. Бу масала юзасидан қўйидаги маълумотларга кўз юритиб чиқсак фойдадан ҳоли бўлмайди, деган умидда ушбу муъжазгина маълумотларни келтирдек.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатдаги ҳадис “Ҳар бир амалнинг каффороти бор рўзадан ташқари. (яъни бошқа амаллар каффорот сабабли гуноҳлар ювилиб амали қабул бўлади, лекин рўзада Аллоҳ ва унинг севикли Расули қайтарган амалларни қилиб қўйса, унинг тутган рўзаси қабул қилинмайди). Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен ўзим бераман дейди Аллоҳ таоло”. Худди шунга ўхшаш ривоятни Абу Довуд Таёлисий ўз муснадларида келтириб ўтган.
Шуъбадан, Шуъба эса Муҳаммад ибни Зайёддан ривоят қилади. “Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар бир амалнинг каффороти бор рўзадан ташқари”. Қосим ибн Асбиғ Шуъбадан бошқача йўл билан ривоят қилади: “Одам боласи қилган ҳар бир амал учун каффорот бордир, фақатгина рўза бундан мустаснодир.
Хузайфа санади саҳиҳ ҳадисни ривоят қилади. “Кишининг ўз аҳли, моли ва болалари ичидаги фитналарнинг каффороти намоз, рўза, садақалардир”.
Ибн Аърабий баъзи зоҳидлардан нақл қилдики. Албатта рўза тўрт қисмга бўлинади:
Рўза банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сирдир уни Аллоҳ учун холис қилишлиги ва унинг буюрган амалларида унинг розилигини талаб қилиб амалда доимий бўлишликдир. Чунки Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини ўзи беришлигини ваъда қилди. Рўза ўз ичига нафсни синдиришликни, баданни эса нуқсонли нарсалардан сақлашликни, емоқ- ичмоқ аччиқлигига сабр қилишлик ва шаҳватни тарк қилишни ўз ичига олади. Ва энг асосийси рўзадан тақволи бўлиб чиқишликни мақсад қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким ёлғончилигини ва ёлғон сўзга амал қилишни ташламаса, унинг таом ва ичимликдан ўзини тийишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривояти). Шарҳ: Ушбу ҳадис рўза ҳикматларидан бири ахлоқий иллатлардан халос бўлиш эканини билдиради. Рўза ёлғон, ғазаб, ғийбат, чақимчилик, гина сақлаш каби ёмонликлардан қутулиш учун муносиб фурсатдир. Инсон табиий муҳтож бўлган еб- ичишдан ўзини тийиш ила асло эҳтиёжи бўлмаган ёлғон сўз, ғазабланиш ва чақимчилик каби ишлар билан машғул бўлса, хато қилган бўлади. Чунки рўза нафснинг истагини синдириб, уни имон тақозосига бўйсундиришга ўргатади. Ҳадисда ёлғон сўз ва ёмонликда унга тенг бўлган ғийбат, чақимчилик, ҳасад, ҳиёнат ва зулм каби иллатлар тарк қилинмас экан, Аллоҳ таоло ундай кимсанинг оч, ташна бўлишига мухтож эмаслиги таъкидланган. Рамазон ойида савобли ишлар қилган ва гуноҳ ишлардан тийилган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлади. Ибни Ҳажар Асқалоний айтади: “Киши ёлғон гапириш, ғазаб қилиш ва сўкиниш каби ёмон иллатларни тарк қилмас экан, унинг рўзасида савоб йўқ. Ёлғон сўз ва у каби иллатлардан сақланган кишигина мукофотга эришади”.
Ибн Муънир: “Таом ва ичимликдан тийилишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” дегани ўшандай банданинг амаллари қабул бўлмаслигига ишорадир...”, дейди.
Рўза гўё бадандир. Унинг либоси солиҳ амаллардир. Шу боис рўзадор одам бутун вужудини рўзага қаратиши бошқалардан тазйиқ етганида ҳам “мен рўзадорман”, дея ғазабини жиловлай олиши керак.
Байзовий айтади: Рўзани Аллоҳ таоло шариъатга киритишдан мақсади нафсни еб – ичишдан тийиб қўйишмас. Балки, нафси чақирадиган ёмон иллатлардан шаҳватини синдириш ва нафси амморани нафси мутмаъиннага буйсиндиришдир. Агар сиз шу нарсани хосил қилмас экансиз, Аллоҳ таоло қилган амалингизга қабул назари билан қарамайди. Рўзадор киши ҳеч бўлмаса бир ой қилган амалларини қабулини ўйлаб катта ва кичик гуноҳларни куни бўйи қилишдан сақланиб юрса ва сабр қилса, унинг бу амалидан Аллоҳ рози бўлади. Ва ким шу ойда савоб амалларни қилиш ва гуноҳлардан сақланишни ўзига одат қилса, у киши кейинги рамазонгача яхши амалларни ўзига одат қилган ва гуноҳлардан сақланишни ўзига дастурил амал қилган бўлади.
Рўза банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сир бўлиб, унинг мукофотини Ўзи беришини ваъда қилди. Емаслик, ичмаслик, ҳар нарсага сабр қилиш ва шаҳватни тарк этиш билан нафсни синдириш рўзадаги тақво бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ...Рўза қалқондир (Аби Заннад: жаҳаннамдан қалқондир деган). Энди сизлардан ким Рамазонда рўза тутса,
فلا يرفث - Фаҳш сўзларни сўзламасин, ولا يصخب – баланд авозда бақирмасин.
Агар уни бирор киши сўкса ёки у билан урушмоқчи бўлса, икки марта мен рўзадорман, деб айтсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Ҳузайма розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллолоҳу алайҳи васаллам: “Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкма, агар сени бирор киши сўкса, мен рўзадорман, деб айт. Агар турган бўлсанг, ўтириб ол, ғазабинг кетади. Бошқа ривоятда ўтирганингда ҳам кетмаса таҳорат қил ва икки ракат намоз ўқи деганлар.
Рамазон рўзасининг савобини олиш усули: Ўтган олимларимиз рўзанинг савобини олиш мақсадида бир нечта Расулуллоҳнинг тавсияларини бажаришган. Улардан бири Рўзанинг савоби баланд унинг мукофоти эса беҳисоб шу сабабдан рўзадан олдин Ражаб ва Шаъбон ойи рўзаларини Рамазонга тайёргарлик сифатида ўз умматига намуна сифатида бизларга кўрсатиб берганлар. Агар олдинги икки ойда рўза тутилса Рамазондаги тўлиқ савобни беками кўст олиб чиқилади. Чунки у икки ой мобайнида нафсини ибодат амали билан чиниқтирди. Шу сабаб унинг руҳи ва жасади ибодатга тайёр бўлди. У мартлар майдонига чиқиб бемалол рўзанинг савобини тўлиқ олиб чиқиб кетишга тайёр бўлади. Расулуллоҳдай зоти шариф ўзларининг нафсларини икки ой рўзага тайёрлаганда биз ҳам бу ойга тайргарлигимиз худди шундай бўлишини назорат қилишимиз керак. Чунки тилдаги 20 хил офатдан сақланиш Аллоҳнинг валийларининг қўлидан келади халос. Бу фурсат шундай фурсатки унда фойдаланган одам бир йилга етадиган гуноҳдан сақланиш заҳирасини қўлга киритади. Қаранг! Рамазон ўзидан олдинги барча гуноҳларни йўқ қилиши билан биргаликда келаси йилгача бирор бир гуноҳ қилмаслигингизга кафил бўлади. Рўза тутилганда инсон нафсига қаттиқ қийинчилик ва оғир машаққатлар синови юкланади. Шу пайтда инсоннинг тили ишга киришади. Тил эса барча савобларни вайрон қилиб ташлайди. Айниқса бу ҳолат кишининг қўл остидаги кишиларда очиқ намоён бўлади. Очлик пайтида фарзандига бақириши ва аёлига ҳар хил нарсаларни айтиши ва озор бериши кўзатилаяпди. Бу дегани самарасиз ҳаракат деганидир. Фазилат соҳиблари бўлмиш олимлар рўзанинг қабул бўлган бўлмаганлигини олдинги ва кейинги вақт оралиғи билан улчаб кўрганлар. Агар яхшилик тарафга қараб ўзгармаган бўлса у рўзадан қўриқ чиқибди. Яъни: рўзадан насибасини олиб чиқмабди деган эканлар. Рўзанинг ичида шундай савоблар жамлаб қўйилганки хатто ўтган Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам буни орзусида бўлганлар. Аллоҳ таоло ҳар бир кунига бир пайғамбарининг умри давомида топган савоб амалини ҳар бир рўза тўтган уммати Муҳаммадийага беришини ваъда қилган. Қаранг! 30 кунда 30 та улуғ пайғамбарларнинг савобларини бермоқда, бу эса Аллоҳдан бизга энг катта фазлдир. Рўзадан кўзланган бир неча мақсадлар бор. Улар қўйидагилардир:
Айниқса рамазондан сўнг семириб чиқилса ундаги мақсад хосил бўлмаган бўлади. Уламолар икки нарса инсонни тез қаритади деганлар. Кўп таом истимол қилиш ва кўп аёли билан шаръий суҳбат қилиш деганлар. Бунга мисол Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг хуш сурат бўлганлари ҳаммамизга маълум. У саҳобаи шариф бир ҳафтада бир марта аёллари билан пайшанба куни шом билан ҳуфтон оралиғида қўшилишлари маълумотлари келтирилган. Суннатга биноан таомланишда тўймасдан тухтатиш керак. Яна кам ейишнинг фазилати тиббий тарафдан ҳам исботланган. Инсонда учрайдиган кўп касалликларнинг бошида кўп таом истемоли ётади, дейилади. Бир йилда бир ой рўза тутишдан мақсад ҳам ошқозон бечорага дам беришдир. У кўп таомни ҳазм қиламан деб чарчаб кетади. Шунинг натижасида бутун танада зуриқиш оқибатида турли ҳил бедаво касалликлар келиб чиқади. Айниқса, тўқ ҳолатда ётилганда бутун тана ва бош мия ишлагани боис чарчаган ҳолда тўрилади.
Шуни айтиб ўтиш лозимки уламолар ижмосида инсон жасадини 3 кун давомида бирор бир яхшиликка қийинчиликка сабр қилган ҳолда қалбан одатлантирса, инсон жасади ҳеч қандай хато камчиликка йўл қўймасдан тўтинчи куни жасад 3 кунлик ишнинг амалининг реакцияси билан одатий равишда жасад ишга тушиб кетади. Гўё бу телефоннинг зарядига қиёс қилинади. Заряд олгандан сўнг бемалол ишлагани каби инсон жасади ҳам у тарзда ишлашда давом этади. Аслида бутун заряд оладиган мосламалар шакли инсон танаси сабабидан ўйлаб чиқилган. Демак, инсон мажбурий холатда Аллоҳнинг фарзларини Расулуллоҳнинг суннатларини ва уламолар тавсияларига 30 кунлик муддатда амал қилиб борса. Унинг маънавий заряди янаги йил шу рамазон кунигача етишини уламолар эътироф этишган. Рамазондан сўнг бу ҳолат кўзатилмаса. Демак, Аллоҳ таоло биздан истаган нарса амалга ошмаган бўлади. У эса бекорга рамазон ойида ўз нафсини қийнаб рўза тўтган киши мисоли бўлади. Олдинги забардаст олимлар Бургут мисоли илгир бўлишган. Қаерда катта ўлжа бўлса ўшани ахтариб юришган. Яъни: савоби паст амалга қарамаганлар ва унга назар ҳам қилишмаган. Аллоҳ таоло бизга шунча беҳисоб савобларни бераётган экан, биз ҳам у савобларни қандай қилиб қўлга киритишни ўйлашимиз ва амалий тарзда унга муносиблигимизни намоён қилишимиз керак бўлади.
Таом ортидан келадиган зарарлар:
Абу Сулаймон Дароний айтади, ҳар нарсанинг боши бор. Кўнгилнинг боши кўп емакдир. Ва ҳар ким кўп емак одат қилса беш нарсага мубтало бўлгай.
Биринчи, ибодат завқини топмагай;
Иккинчи, хотираси кесилади. Нима эшитса, дарҳол унутади;
Учинчи, шавқатсиз бўлади! Чунки, ўзи тўқдир, барча халқни тўқ деб билади;
Тўртинчи, тоат қилишга эринадиган бўлади;
Бешшинчи, шаҳвати ғолиб бўлади.
“Ҳар ким валийлар мартабасига восил бўлмоқ истаса, дунё ва охиратга рағбат қилмай, фақат Аллоҳ таолога қалбини бериб, ҳалол луқма есин”.
Абу Сулаймон Дароний айтади:
Абу Сулаймон Дароний айтади, менинг кунлик одатим нонни туз билан ер эдим. Бир куни кўза ичида ёғ бор экан, унга қўшиб егандим. Бир йилча унинг таъсирининг зараридан тоат завқини топмадим. Энди мен ажабландимки, ҳамиша нафс орзуларини берурсан, сенинг ҳолинг қандай бўлади?
Шубҳалик таомдан қўлни тортиш:
Авлиёлар саййиди, атқиёлар пешвоси Ҳорис Муҳосибий қачонки, бир шубҳалик таомга қўл узатадиган бўлса, қўлининг томирлари чиқар ва шундан билар эдиким, ул таом шубҳаликдир. Этлари устихонга айланса-да, вужудини шижоат ва завқ-шавқ тарк этмаган кишиларга ҳавасланиб боқишимиз керакмасмикин? Бутун китоблари ва хикматлари билан бутун дунёни тўлдирган устозларнинг ҳаммалари шу сифатларни ўзларида жам айлаган. Ҳамма фазилат очлик ортидан рух озиқаси орқали келиб чиқади. Катта олимлар ҳам хатто биздан андоза олманглар, гоҳо ожиз банда билиб-билмай нафснинг алдовига кўнади, деб, нафснинг ёмонлигидан огоҳ қилиб кетганлар. Ҳолбуки, Сахл Тустарийдек буюк зот нафсини ҳамиша хумда қама-гандай сақлаган, лекин унинг ҳар хил рангда тусланувчи алдовига юрмаган, дод-фарёдига қулоқ солмаган эди.
Ҳазрати Сахл Тустарий бир ҳикматларида айтади:
– Тавба муяссар бўлмас ул кишигаким, токи тилсиз бўлмагунича; тилсиз бўла олмас, токи хилватга кирмагунича, хилватга кира олмас, токи ҳалол емагунича; ҳалол емоқ ҳосил бўлмас, токи ҳақнинг ҳаққини адо этмагунча. У ҳам ҳосил бўлмас, то вужудини пок сақламагунича, у ҳам ҳосил бўлмагай, ҳақдан иноят етмагунича! – деб ёзган эканлар. Баданда нам ва озиқа қолмасдан туриб рухий озиқа ҳисобланган илм тингланса! Қалб кири бошдан тир бўлиб чиқиб кетади. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бойлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?! Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”, дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз- ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу уларга шундай жавоб берди:
– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир. Туфроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!..
Аллоҳим ўзинг бизлардан қандай тарзда рўза тўтмоқлигимизни эстаган бўлсанг, Ўзинг бизларга у амалларни Ўзинг эстагандай амалга оширишимизни насиб айлагин. Ва рамазондан сўнг гўноҳлардан гўдак мисоли пок чиқишлигимизни ва муттақий бўлиб, келаси йилгача яхши амалларни мусобақа қилувчи бўлишни насиб айлагин. Ва саллоллоҳу ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.
“Фатҳул Борий”нинг шарҳи “Саҳиҳил Бухорий” асосида
Урол Назар Мустофо тайёрлади.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси