Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.
Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.
Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.
“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.
Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.
Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.
Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.
Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.
Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...
Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!
Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.
Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар муҳаббатинг бўлса аниқ ҳақиқат,
Бўлар бошқаси беҳудаликдан иборат.
Аллоҳ таоло сахийларнинг энг сахийси, карамлиларнинг энг карамлисидир. Бандасига сўрамаган нарсаларини ҳам беради, озгина ибодат эвазига ҳам уни мақтаб, савобларини кўпайтириб беради. Хато ва камчиликларини эса кечириб ўчириб юборади. Осмонлару ердагиларнинг барчаси У зотдан сўрайди, лекин бирини эшитиш бошқасини эшитишдан машғул қилиб қўймайди, сўровларнинг кўплиги Уни чалкаштирмайди, қаттиқ туриб олиб сўраганларнинг бу ишлари Уни ранжитмайди, балки ана шундай кўп сўровчиларни яхши кўради. Сўралса яхши кўради, сўралмаса ғазаб қилади.
Бандаси сўраганда бермасликка ҳаё қилади, лекин банда ҳаё қилмай гуноҳ қилаверади. Банда ўзининг гуноҳларини тўсмаса ҳам Аллоҳ уларни беркитади, банда ўзига зулм қилсада Аллоҳ унга раҳм қилади. Қалблар фақат Угина яхшиликлар берадиган ва гуноҳларни кечирадиган зотни қандай севмасин? Ахир, У зот дуоларни ижобат қилади, хатоларни кечиради, айбларни беркитади, қийинчилик ва ғам-ташвишларни аритади.
Аллоҳ... У зот энг раҳимли, кўплаб неъматларни берадиган ва паноҳ сўраладиганларнинг энг буюгидир. У банданинг таваккул қилишига кифоя ва бандаларига ота-онасиданда меҳрибон зот. Бандасининг тавбасидан чўлу биёбонда бор озиқ-овқати билан туясини йўқотиб қўйиб, ўлимига оз қолган ва ҳаётдан умидини узган вақтда туясини топиб олган кишининг хурсандчилигидан кўра хурсанд бўлади.
Шуъла: Қарорингиз доимо тажриба орттириб саодатга эришиш бўлсин.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан