Рўза тутиш нафақат еб-ичиш ва нафсни жиловлаш билан, балки тилидан чиқаётган ҳар бир сўзга эътиборли бўлиш билан ҳам мукаммал адо этилади. Киши тонг қоронғусидан то шомгача қийналиб еб-ичмасаю оғзидан турли сўкиниш ва ёлғонлар чиқаверса, бу рўза мукаммал бўлмайди. Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўза шаҳватлардан тўсувчидир, агар бирортангиз рўза тутадиган бўлса, нолойиқ сўзларни айтиб, жоҳиллик қилмасин, бирор киши урушиб ёки сўкишадиган бўлса, мен рўзадорман, деб икки марта айтсин”, - дедилар. (имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари). Ушбу ҳадисда айтилганидек, имкон борича ёмон сўзлардан узоқ бўлиш, мабодо бирор кимса рўзадорни ранжитадиган бўлса, тилига эҳтиёт бўлишдан чалғитса бунинг ҳам ечими борлигини, “мен рўзадорман” деб айтиши кифоя экани таъкидланади.
Набий (с.а.в.): “Баъзи рўзадрлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар. Баъзи кишилар рўза тутдим, деб вақтини бекорчи ишларга сарф этади, ғийбат қиладилар, ёлғон гапириб турли тушунмовчиликларга сабаб бўлади ёки мақтанчоқлиги билан риёкорга айланади. Ушбу ҳадис одамларни ана шундай рўзадорга макруҳ, яъни ёмон кўрилган ишларни бажармасликни огоҳлантиради, акс ҳолда қийинчиликдан бошқаси берилмаслиги таъкидланади. Демак, ҳар бир ибодатнинг ўзига керакли қайтариқларига қатъий амал қилиш жоиз бўлганидек, рўзанинг ҳам муҳим шартларидан бири – тил офатларидан сақланмоқдир.
Ёлғон гапириш мунофиқлик аломати экани ҳадисларда келтирилади. Бу иллат рўза учун ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади. Демак, рўза тутдим деб ният қилган, унинг барча қийинчиликларини сабот билан енгган ҳар киши албатта ёлғон гапиришдан ҳимояланмоғи муҳим экан.
Рўзадор ғийбат, сўкиниш, бўҳтон каби барча иллатли амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу хақда Расулуллоҳ (с.а.в.): «... У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» — деганлар. (Ибн Можа ривояти, саҳиҳут тарғиб).
Аксинча, рўза тутган инсон яхши гапларни гапириб, инсонларга эзгулик улашса, кўнгилларини олиб ширинсуҳан бўлишга интилса, кўплаб савобларга эришади. Рамазоннинг беқиёс имкониятларидан бири дуоларнинг ижобат этилишидир. Бебаҳо лаҳзаларни беҳуда ишларга сарф этиш ўрнига холис дуо қилишнинг хислати сон саноқсиздир.
Бу борада Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Уч тоифа кишининг дуоси рад этилмайди. Улар: Рўзадорнинг оғиз очгунича қилган дуоси, одил имомнинг дуоси, мазлумнинг дуоси”, - деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)
Абдуллоҳ ибн Ос (р.а.)дан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”, - дедилар. (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривоятлари).
Бугунги кунда юртимизда айниқса, ифторлик пайтларида қўлларини дуога очиб, Яратгандан аввало осмонимиз мусаффо бўлишини, юртимиз тинч хотиржам, фарзандларимиз соғ-саломат бўлишини сўраётган юртдошларимизнинг сон саноқсизлиги кишини қувонтиради. Уларнинг эзгу илтижолари кўплар қаторида ижобат бўлсин деб Аллоҳдан сўраймиз.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.