Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дейди.
Ҳадиси қудсийнинг мазмун ва моҳиятини тушуниб, англаб етишиш учун ҳадиснинг матни изоҳ ва шарҳларга эҳтиёж сезади.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу ҳадиси қудсийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ"رواه البيهقي
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўзада риё бўлмайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривоят қилган).
Рўза банда билан Рабби орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...”, деб хосламоқда.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَعَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَامِنْحَسَنَةٍعَمِلَهَاابْنُآدَمَإِلَّاكُتِبَلَهُعَشْرُحَسَنَاتٍإِلَىسَبْعِمِائَةِضِعْفٍقَالَاللَّهُعَزَّوَجَلَّإِلَّاالصِّيَامَفَإِنَّهُلِيوَأَنَاأَجْزِيبِهِيَدَعُشَهْوَتَهُوَطَعَامَهُمِنْأَجْلِي"
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади). Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман.У (одам боласи) рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”, – дедилар (Имом Насоий ривоят қилган).
Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйидаги ояти карима ҳам далил бўлади.
قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ [الزمر: 10]
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур.
Рўзасабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг хоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.
Ибн Абдул Бирр (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳадиси қудсийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي
Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
У зот: “Эй Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаат берадиган амалнинг хабарини беринг”, дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзани ўзингга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Зайн ибн Мунир (раҳматуллоҳи алайҳ): “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади”, дейдилар.
Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ): “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатига муносибдир. Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирига эга бўлиб, менга яқинлашмоқда”, демоқчи.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ.رواه احمد
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффаротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларини каффорот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қолади. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларнинг каффороти учун беҳуда кетмайди.
Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби рўзани ҳам ҳеч ким билмайди.
Ибн Ҳажар Асқалоний (раҳматуллоҳи алайҳ) мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи, саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.
Жалолиддин Холмўминов,
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати