Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

15.05.2019   31860   5 min.
Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

  • Ҳар бир амални фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бажариш. (Ихлосли бўлиш).
  • Аллоҳ таолога тавба қилиш.
  • Янги чиққан ойни кўрганда дуо қилиш.
  • Иймон ва савоб умидида рўза тутиш.
  • Иймон ва савоб умидида кечаларини бедор ўтказиш.
  • Иймон ва савоб умидида қадр кечасида бедор бўлиш.
  • Охирги ўн кунида янада жидду жаҳд қилиш.
  • Умра қилиш.
  • Эътикофда ўтириш.
  • Рўзадорга ифторлик қилиб бериш.
  • Қуръони каримни тиловат қилиш.
  • Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш.
  • Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Истиғфор айтиш.
  • Таҳоратни мукаммал адо этиш.
  • Таҳорат олгандан кейин шаҳодат калимасини айтиш.
  • Доимий таҳоратли бўлиб юриш.
  • Мусвок ишлатиш.
  • Таҳорат олгандан кейин икки ракат намоз ўқиш.
  • Азон эшитандан кейин унинг дуосини ўқиб қўйиш.
  • Азон ва иқомат орасида дуо қилиш.
  • Доимий беш вақт намозни адо этиш.
  • Намозларни ўз вақтида адо этиш.
  • Хусусан бомдод ва аср намозларининг вақтига янада риоя қилиш.
  • Жума намозини доимий адо этиш.
  • Жума куни дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларни ўрганиб, шу вақтларда дуо қилиш.
  •  Жума куни “Каҳф” сурасини ўқиш.
  • Масжидга бориш.
  • Ҳарам масжидида ва Набавий масжидида намоз ўқиш.
  • Қубо масжидида намоз ўқиш.
  • Доимо жамоат билан намоз ўқишга риоя қилиш.
  • Биринчи сафда намоз ўқишга интилиш.
  • Доимо “Зуҳо” намозини адо этиш.
  • Кундалик ўқилиб бориладиган суннат намозларини қолдирмаслик.
  • Нафл намозларни уйда адо этиш.
  • Кўп сажда қилиш.
  • Масжидда бомдод намозини ўқиб бўлгандан кейин ўз жойида қуёш чиққунча зикр қилиб ўтириш.
  • Жаноза намози ва дафн маросимига қатнашиш.
  • Ёш фарзандларни намоз ўқишга ўргатиш.
  • Ёшларни рўза тутишга ўргатиш.
  • Ҳар бир фарз намозидан кейин Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Рўзадор оғиз очишини кечиктирмаслиги.
  • Оғиз очиш амалини шом намозидан аввал бажариш.
  • Агар топилса, хурмо билан оғиз очиш.
  • Доимо ифторлик дуосини ўқишга риоя қилиш.
  • Ифторлик пайтида дуо қилиш.
  • Бошқа пайтларда ҳам кўпроқ дуо қилиш.
  • Саҳарлик қилиш.
  • Овқат еб, ичимлик ичиб бўлгандан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
  • Закотни адо этиш.
  • Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш.
  • Садақа бериш.
  • Бировларга ошкора қилмай садақа бериш.
  • Масжидлар қурилишига моддий ёки маънавий кўмак бериш.
  • Саломни кенг ёйиш ва мискину фақирларга таом едириш.
  • Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш.
  • Ота-онага яхшилик қилиш ва уларга итоат этиш.
  • Аёл киши эрига итоат этиши.
  • Ҳалолдан касб қилиш.
  • Доимо аҳли-оила нафақасидан хабардор бўлиш. 
  • Етим-есирларга ва мискину бечоралар нафақасидан хабардор бўлиш.
  • Етимни ўз кафиллигига олиб, унинг нафақасига қараш.
  • Етимнинг бошидан силаб, унга меҳр-шафқат кўрсатиш.
  • Дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини раво қилиш.
  • Аллоҳ йўлидаги дўстлардан ҳол-аҳвол сўраб кўргани бориб туриш.
  • Касалларни ҳолидан хабар олиш.
  • Қариндош-уруғлар гарчи, алоқаларни узган бўлсалар-да, улар билан борди-келди қилиш.
  •  Мусулмон кўнглини кўтариб, хурсанд қиладиган ишларни амалга ошириш.
  • Қийналиб қолган кишининг ишини енгиллатиш.
  • Заифҳол кишиларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш.
  • Ўзаро низо чиққан, бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетган инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш.
  • Гўзал хулқли бўлиш.
  • Ҳаёли бўлиш.
  • Ростгўй бўлиш.
  • Босиқ, кечиримли, мулойим бўлиш.
  •  Кўришганда қўл бериб саломлашиш.
  • Очиқ юзли бўлиш.
  • Савдода бағрикенг бўлиш.
  • Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийиш.
  • Яхшиликка чақириб, ёмонликнинг олдини олиш.
  • Солиҳлар, яхши инсонлар билан бирга бўлиш.
  • Тил ва бошқа аъзоларни номақбул ишлардан сақлаш.
  • Пайғамбар алайҳиссалом кўп саловот айтиш.
  • Яхшилик қилиш ва эзгу ишларга далолат қилиш.
  • Инсонлар Аллоҳ таолони танишига сабабчи бўлиш.
  • Инсонларнинг айбларини беркитиш.
  • Сабрли бўлиш.
  • Бирор бир гуноҳ иш содир этганда, икки ракат намоз ўқиб тавба қилиш.
  •  Ҳайвону жонзотларга ҳам шафқатли бўлиш.
  • Инсонлардан таъма қилмаслик.
  • Кўп таҳлил (яъни, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ва тасбеҳ айтиш.
  • Садақайи жория қилиш.
  • Савдо-сотиқда ростгўй бўлиш.
  • Мусулмонлар ғам-ташвишини аритиш.
  • Мусулмон ва бошқаларга зиён бермаслик.
  • Ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш.
  • Ота-онанинг дўстлари билан ҳам борди-келди қилиб алоқани узмаслик.
  • Ширин сўзли бўлиш.
  • Қўл остидаги ишчи-ходимларга шафқатли бўлиш.
  • Бир солиҳ амални оз-оз бўлса-да, бардавомлик ила бажариш.
  • Қўни-қўшниларга яхши муносабатда бўлиш.
  • Меҳмонларни иззат-икром қилиш.
  • Ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш.
  • Дўсту биродарининг ҳаққига ғойибона дуо қилиш.
  • Мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраш.
  • Масжидларни тозалигига ҳисса қўшиш.
  • Турмуш ўртоғи билан яхши муносабатда бўлиш.
  • Ўз аҳли-оиласига таълим-тарбия бериш.
  • Бирор кишига жабр қилган бўлса, ундан розилик олиш ва зиммасидаги ўзгаларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо этиш.
  • Ёмонлик кетидан уни ювиб юборадиган яхшилик қилиш.
  • Омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилиш.
  • Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш.
  • Ўзгаларнинг ғам-қайғуси ва дардига шерик бўлиш.
  • Тилни ёмон сўзлардан сақлаб фақат яхши сўзларни айтиш.
  • Мусулмонлар обрўсини сақлаш.
  • Қалбни бахиллик ва ҳасаддан пок тутиш.
  •  Инсонлар орасида адолат билан ҳукм қилиш.
  • Мусулмонларга яхши ишларда кўмаклашиш.
  • Бошига кулфат ёғилган кишига ёрдам бериш.
  • Яхшиликка чақираётган кишининг чақириғига лаббай дейиш.
  • Яхши иш қилган кишига миннатдорчилик билдириш ва муносиб мукофотлаш.
  • Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш. 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар

Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

9.01.2025   4381   8 min.
Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз

 - 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ

Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).

Назмий баёни:

Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.

Луғатлар изоҳи:

تُعْطَى – икки мафъулли феъл.

الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.

بَعْضًا – иккинчи мафъул.

نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.

نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي

لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ

وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ

تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ

Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,

Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.

Уларнинг ит мисол очлигин билдик,

Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.

يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.

وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.

ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.

الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.


Матн шарҳи:

Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].

Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.

Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.

Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:

– Ўнг тарафдан берилади;

– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.

Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:

1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;

2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.

Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:

“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:

Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,

Юборур номайи аъмолимизни.

* * *

Юборса номани раҳмат йўлидин,

Келур нома у қулни ўнг қўлидин.

* * *

Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз

Суюнганидин қилур ул банда овоз.

* * *

Ўқунг номамни эй турғон халойиқ

Келубдур нома ихлосимға лойиқ.

Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.

Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:

“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].

Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:

“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].

Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.

“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].

Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.


Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз

 

[1] Инфитор сураси, 10, 12-оятлар.
[2] Иншиқоқ сураси, 7, 9-оятлар.
[3] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 19, 20-оятлар.
[4] Иншиқоқ сураси, 10, 12-оятлар.
[5] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 25, 29-оятлар.