Танловга!
— Фақат рўзадорларни даъват қилайлик, аяжон. Тадбирнинг номи ифторлигу, қорни тўқларни чақирамизми?..
— Яқин қариндошларни айтмасак, айб бўлади, қизим!.. Бутун маҳалла-кўй, қариндошлар таклиф қилинади-да!
“Одамлардан андиша қиламизу, Аллоҳ ва Расулидан ҳаё қилмаймизми, аяжон? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Дастурхонларнинг энг ёмони, очлар қолиб тўқлар даъват қилинганидир” мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Рўза тутмаган, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмаганларга дастурхон ёзишнинг нима кераги бор, аяжон?!”... Бу сўзлар юрагидан отилиб чиқиб, бўғзида тугунланди. Онасига эътироз билдиролмади. Оқшом ифторлик дастурхони ёзилган уйларга бирин-кетин меҳмонлар жойлашдилар. Аксарияти рўза тутмаган, “қалби тоза”лар. Рўза тутмаган бўлишса-да, тортинмай ифторлик (!) дастурхонининг тўридан жой олишганига қарамай, рўзадорлар олдида оғиз очишни кутмай олдиларига қўйилган егуликларни кавшай бошлашди...
Ифторлик ўтди. Тўқлар тўйди. Баъзилари дуо қилиб, айримлари эса, шукроналикни ҳам унутиб қўзғалдилар.
— Опа,- деди ўн олти яшар жияни,- ифторликда Ислом ҳақида, Аллоҳнинг буйруқлари, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, суннатлари, саҳобийлар ҳақида гапирилмайдими? Мен шунақа суҳбатлар бўлади деб келгандим. Одатий ғийбатлар “айланди” дастурхонда.
— Қўявер, синглим,- деди жиянидан кўзини олиб қочиб.- Бири оёғи, боши оғришидан шикоят қилганди, рўза тутишини, ҳам иймон, ҳам соғлик ҳаловатини ҳис қилишини айтиб балога қолдим. Намоз ўқимай, рўза тутмаса ҳам қалби тозалигини нақ бир соат такрорлаб чарчамади.
— Бекор гапирибсиз-да, асабингиз бузилибди...
— Йўқ, синглим, аксинча, ундайларга сабр ва чиройли муомала билан, аввало айтганларимизга ўзимиз амал қилиб, ҳол тили билан тушунтиришда давом этишимиз керак. Чунки, биз фақат насиҳат қилгувчимиз, Ҳидоятга бошлагувчи эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи...
Умида Адизова
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар муаммоларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 5 август куни Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий, уй-жой ва моддий ёрдам каби масалалардаги мурожаатларни кўриб чиқди.
Мазкур жараёнда оилавий масалаларда шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилди, моддий кўмак сўраганларга эса белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди.
Эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган юртдошларимиз Диний раҳбариятига миннатдорлик билдиришди. Имом Бухорийдан ривоят қилинган "... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади", деган ҳадиси шарифга мувофиқ хайрли дуолар қилишди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби юзма-юз мулоқот ва қабул жараёнлари ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг барча ҳудудий вакилликлари ҳамда жоме масжидларида имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати