Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Сентябр, 2026   |   1 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:40
Қуёш
06:00
Пешин
12:19
Аср
16:47
Шом
18:42
Хуфтон
19:58
Bismillah
12 Сентябр, 2026, 1 Рабиъус сони, 1448

Ифторлик

14.05.2019   41597   2 min.
Ифторлик

Танловга!

—  Фақат рўзадорларни даъват қилайлик, аяжон. Тадбирнинг номи ифторлигу, қорни тўқларни чақирамизми?..

—  Яқин қариндошларни айтмасак, айб бўлади, қизим!.. Бутун маҳалла-кўй, қариндошлар таклиф қилинади-да!

“Одамлардан андиша қиламизу, Аллоҳ ва Расулидан ҳаё қилмаймизми, аяжон? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  “Дастурхонларнинг энг ёмони, очлар қолиб тўқлар даъват қилинганидир” мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Рўза тутмаган, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмаганларга дастурхон ёзишнинг нима кераги бор, аяжон?!”... Бу сўзлар юрагидан отилиб чиқиб, бўғзида тугунланди. Онасига эътироз билдиролмади. Оқшом ифторлик дастурхони ёзилган уйларга бирин-кетин меҳмонлар жойлашдилар. Аксарияти рўза тутмаган,  “қалби тоза”лар. Рўза тутмаган бўлишса-да, тортинмай ифторлик (!) дастурхонининг тўридан жой олишганига қарамай, рўзадорлар олдида оғиз очишни кутмай олдиларига қўйилган егуликларни кавшай бошлашди...

Ифторлик ўтди. Тўқлар тўйди. Баъзилари дуо қилиб, айримлари эса, шукроналикни ҳам унутиб қўзғалдилар.

—  Опа,- деди ўн олти яшар жияни,- ифторликда Ислом ҳақида, Аллоҳнинг буйруқлари, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, суннатлари, саҳобийлар ҳақида гапирилмайдими? Мен шунақа суҳбатлар бўлади деб келгандим. Одатий ғийбатлар “айланди” дастурхонда.

—  Қўявер, синглим,- деди жиянидан кўзини олиб қочиб.- Бири оёғи, боши оғришидан шикоят қилганди, рўза тутишини, ҳам иймон, ҳам соғлик ҳаловатини ҳис қилишини айтиб балога қолдим. Намоз ўқимай, рўза тутмаса ҳам қалби тозалигини нақ бир соат такрорлаб чарчамади.

—  Бекор гапирибсиз-да, асабингиз бузилибди...

—  Йўқ, синглим, аксинча, ундайларга сабр ва чиройли муомала билан, аввало айтганларимизга ўзимиз амал қилиб, ҳол тили билан тушунтиришда давом этишимиз керак. Чунки, биз фақат насиҳат қилгувчимиз, Ҳидоятга бошлагувчи эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи...

Умида Адизова

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   56954   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари