Маълумки, Ер Қуёш атрофида айланади. Уларнинг орасидаги масофа 150 миллион километрни ташкил этади. Ёруғлик бу масофани 8 дақиқада босиб ўтади. Қуёшнинг ҳажми Ернинг ҳажмидан бир миллион уч юз минг марта каттадир. Бу – Қуёш ўз ичига бир миллион уч юз минг дона Ерни сиғдира олади деганидир. Ернинг қуруқлик қисми Шимолий Америка, Жанубий Америка, Африка, Осиё, Европа ҳамда Австралия ва Океания қитъаларидан иборат бўлиб, булар Ер шарининг бешдан бир қисмини эгаллайди. Қолган тўрт қисми океан ва денгизлардан иборат.
Шунингдек, барчага маълумки, осмонда буржлар бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَالسَّمَاء ذَاتِ الْبُرُوجِ
“Буржлар эгаси бўлган осмон билан қасам” (Буруж сураси, 1-оят).
Ана шу буржларнинг ичида Ақраб буржи ҳам бор бўлиб, унинг марказида кичик бир юлдуз бор. Юлдузнинг номи “Ақраб юраги” (Антарес)дир. Ушбу юлдуз ўз ичига Ер ва Қуёшни, уларнинг ўртасидаги масофаси билан биргаликда сиғдиради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَكَأَيِّن مِّن آيَةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ يَمُرُّونَ عَلَيْهَا وَهُمْ عَنْهَا مُعْرِضُونَ
“Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтарлар” (Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.) (Юсуф сураси, 105-оят).
Шунинг учун мен доим инсонларни тафаккур қилишга чорлайман, қизиқтираман. Инсон тафаккур орқали бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони танийди. Агар сиз аввал Аллоҳни таниб, кейин Унинг буйруқларини танисангиз, Унинг тоатига садоқат, ихлос ва зўр ғайрат билан киришасиз. Агар Унинг буйруқларини билсангиз-у, аммо Унинг Ўзини танимасангиз, Унинг тоатидан юз ўгиришга уринасиз.
Биз айтиб ўтган юлдуз коинотдаги кичик бир жисмдир. Борлиқда миллиардлаб галактикалар, уларнинг ҳар бирида эса миллиардлаб юлдузлар бор.
Биз “Сомон йўли” номли галактиканинг таркибига кирамиз. Бизнинг галактикамиз бошқа галактикалар олдида жуда кичикдир. Қуёш ўзининг сайёралари билан биргаликда ушбу галактикада кичик бир нуқта бўлиб кўринади.
Энди бошқа галактикалар билан солиштирганда, бизнинг галактикамиз кичик кўринса, галактикамиз ичидаги Қуёш тизими нуқтадек кўринса, Қуёш тизимининг бир бўлаги бўлган Ер Қуёшдан бир миллион уч юз минг марта кичик бўлса, Ерга нисбатан инсон қандай кўринаркин? Албатта, заррадек ёки ундан ҳам кичикроқ кўринади.
Шу заррадек бўлган инсон Роббисини таниши учун тафаккур қилиши керак. Тафаккур қилган сари Аллоҳдан бўлган қўрқуви, У Зотни улуғлаши зиёда бўлиб боради. Қўрқуви ва улуғлаши зиёда бўлган инсон Унинг тоатида ихлосли, ғайратли бўлади.
Аллоҳ таоло сари йўл Унинг яратганлари ҳақида тафаккур қилишдан бошланади.
Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати