Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Қуёш тизими ҳақида тафаккур

13.05.2019   12523   3 min.
Қуёш тизими ҳақида тафаккур

Маълумки, Ер Қуёш атрофида айланади. Уларнинг орасидаги масофа 150 миллион километрни ташкил этади. Ёруғлик бу масофани 8 дақиқада босиб ўтади. Қуёшнинг ҳажми Ернинг ҳажмидан бир миллион уч юз минг марта каттадир. Бу – Қуёш ўз ичига бир миллион уч юз минг дона Ерни сиғдира олади деганидир. Ернинг қуруқлик қисми Шимолий Америка, Жанубий Америка, Африка, Осиё, Европа ҳамда Австралия ва Океания қитъаларидан иборат бўлиб, булар Ер шарининг бешдан бир қисмини эгаллайди. Қолган тўрт қисми океан ва денгизлардан иборат.

Шунингдек, барчага маълумки, осмонда буржлар бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَالسَّمَاء ذَاتِ الْبُرُوجِ

“Буржлар эгаси бўлган осмон билан қасам” (Буруж сураси, 1-оят).

Ана шу буржларнинг ичида Ақраб буржи ҳам бор бўлиб, унинг марказида кичик бир юлдуз бор. Юлдузнинг номи “Ақраб юраги” (Антарес)дир. Ушбу юлдуз ўз ичига Ер ва Қуёшни, уларнинг ўртасидаги масофаси билан биргаликда сиғдиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

وَكَأَيِّن مِّن آيَةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ يَمُرُّونَ عَلَيْهَا وَهُمْ عَنْهَا مُعْرِضُونَ

“Улар осмонлару ердаги қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолларида ўтарлар” (Яъни, уларга эътибор қилмайдилар. Улардан ибратланиб, ваъз-насиҳат олиб, иймонга келмайдилар. Инсон яшаб турган борлиқнинг ҳар бир қаричида Аллоҳнинг борлигига, бирлигига, қудратига, тадбирига, билувчилигига ва бошқа камоли сифатларига далолат қилувчи оят-белгилар, далил-ҳужжатлар мавжуд. Лекин одамлар ўша ҳужжатларга, оят-белгиларга эътибор билан қарамайдилар. Шунинг учун ҳам иймонга келмайдилар.)  (Юсуф сураси, 105-оят).

Шунинг учун мен доим инсонларни тафаккур қилишга чорлайман, қизиқтираман. Инсон тафаккур орқали бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони танийди. Агар сиз аввал Аллоҳни таниб, кейин Унинг буйруқларини танисангиз, Унинг тоатига садоқат, ихлос ва зўр ғайрат билан киришасиз. Агар Унинг буйруқларини билсангиз-у, аммо Унинг Ўзини танимасангиз, Унинг тоатидан юз ўгиришга уринасиз.

Биз айтиб ўтган юлдуз коинотдаги кичик бир жисмдир. Борлиқда миллиардлаб галактикалар, уларнинг ҳар бирида эса миллиардлаб юлдузлар бор.

Биз “Сомон йўли” номли галактиканинг таркибига кирамиз. Бизнинг галактикамиз бошқа галактикалар олдида жуда кичикдир. Қуёш ўзининг сайёралари билан биргаликда ушбу галактикада кичик бир нуқта бўлиб кўринади.

Энди бошқа галактикалар билан солиштирганда, бизнинг галактикамиз кичик кўринса, галактикамиз ичидаги Қуёш тизими нуқтадек кўринса, Қуёш тизимининг бир бўлаги бўлган Ер Қуёшдан бир миллион уч юз минг марта кичик бўлса, Ерга нисбатан инсон қандай кўринаркин? Албатта, заррадек ёки ундан ҳам кичикроқ кўринади.

         Шу  заррадек бўлган инсон Роббисини таниши учун тафаккур қилиши керак. Тафаккур қилган сари Аллоҳдан бўлган қўрқуви, У Зотни улуғлаши зиёда бўлиб боради. Қўрқуви ва улуғлаши зиёда бўлган инсон Унинг тоатида ихлосли, ғайратли бўлади.

Аллоҳ таоло сари йўл Унинг яратганлари ҳақида тафаккур қилишдан бошланади. 

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   54383   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари