Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва бир қанча муҳаддислар ривоят қилган ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг рўзадан бошқа ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учун ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман” -дейди.
Ҳадиси қудусийнинг мазмун ва моҳиятини тушуниб, англаб етишиш учун ҳадиснинг матни изоҳ ва шарҳларга эҳтиёж сезади.
“Саҳиҳул Бухорий”нинг шарҳи “Фатҳул Борий”да Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадиси қудусийнинг маъносини ёритиб, ундаги муҳим ўнта асл моҳиятни баён қилади.
Қуйидаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنِ ابْنِ شِهَابٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَيْسَ فِي الصِّيَامِ رِيَاءٌ" رواه البيهقي
Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўзада риё бўлмайди” – дедилар. Имом Байҳақий ривоят қилган.
Рўза банда билан Роббиси орасидаги сиррий амал бўлиб, ўзига хос ибодатдир. Рўзадан бошқа ҳамма амалларда бирон бир амални бажараётган шахс, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, эътиборини жалб қилишни истаб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло амалларнинг ичида “...фақат рўза Мен учундир...” -деб хосламоқда.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ"مَا مِنْ حَسَنَةٍ عَمِلَهَا ابْنُ آدَمَ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَشْرُ حَسَنَاتٍ إِلَى سَبْعِ مِائَةِ ضِعْفٍ قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا الصِّيَامَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي "
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласи қилган яхши амалларининг савоби ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб ёзилади. Аллоҳ таоло: “Фақат рўза ундан мустасно. (яъни, рўзанинг савоби беҳисоб берилади)Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман. У (одам боласи)рўзада шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
Рўзанинг савоби беҳисоб эканига қуйдаги ояти карима ҳам далил бўлади.
قال الله تعالى: إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ
Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофатлари беҳисоб берилур (Зумар, 10-оят).
Рўза сабр билан сайқал топадиган ибодат. Рўзадор киши нафсининг хоҳиш- истакларини сабр билан тўхтатади. Сабр қилувчининг мукофоти ояти каримада айтилганидек беҳисоб берилади.
Ибн Абду Бирр раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиси қудусийда “...фақат рўза Мен учундир...” дейилиши рўза ибодатининг фазилатига кифоя қилади –дейдилар. Гўёки, бу ибодатнинг фазилати борасида ортиқча таърифга зарурат йўқ.
Қуйдаги ҳадис бу маънони қўллаб-қувватлайди.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَخْبِرْنِي بِعَمَلٍ ينفعني الله به قَالَ عَلَيْكَ بِالصَّوْمِ فَإِنَّهُ لَا مِثْلَ لَهُ رواه النسائي
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У зот: “Эй, Аллоҳнинг расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло у туфайли менга манфаат берадиган амалнинг хабарини беринг” –дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Рўзани ўзинга лозим тутгин! Чунки, рўзага баробар келадиган амал йўқ” – дедилар. Имом Насаий ривоят қилган.
Зайн ибн Мунир раҳматуллоҳ алайҳ: “Умумий ўринда бир нарсанинг хосланиши фақатгина ўша нарсани улуғлаш учун бўлади” –дейдилар.
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “...фақат рўза Мен учундир...” ҳадисининг маъноси: “Бандаларнинг амаллари ўзларининг ҳолларига муносибдир. Фақат рўза, Ҳақ таолонинг сифатларидан бир сифатга муносибдир. Аллоҳ таоло “...фақат рўза Мен учундир...” дейиш билан гўёки, “Рўзадор менинг сифатларимдан бирга эга бўлиб, менга яқинлашмоқда” -демоқчи.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ يَقُولُ: سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: كُلُّ الْعَمَلِ كَفَّارَةٌ، إِلاَّ الصَّوْمَ، وَالصَّوْمُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ. رواه احمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: ҳамма амал каффоротдир. Фақат рўза мустаснодир. Чунки, рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман.” – дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Рўзадан бошқа солиҳ амаллар қиёмат кунида инсоннинг дунёда қилган хато ва камчиликларни каффорот бўлиши учун хизмат қилиш эҳтимоли бўлади. Фақат рўза ибодати сақланиб қоладиди. Рўзанинг ажру савоби хато ва камчиликларни каффароти учун беҳуда кетмайди.
Бу фикрни айтувчи Ибн Арабий ривоят қилган бошқа бир ҳадиси қудусийни далил қилиб келтиради. Ҳадиси қудусийда Аллоҳ таоло айтади: “Ихлос сирларимдан бир сирдир. Уни яхши кўрган бандаларимнинг қалбига соламан. Ундан фаришта ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, уни ёзар эди. Шайтон ҳам хабардор бўлмайди, хабардор бўлса, у фасод қилар эди”-дейди.
Рўза ҳам ихлос каби сиррий ибодат. Ибодатлардаги ихлосни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмагани каби, рўзани ҳам ҳеч ким билмайди.
Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкурларни зикр қилиб, буларнинг ичида биринчи, иккинчи,саккизинчи ва тўққизинчиси бошқаларга нисбат эътиборли ва ёрқинроқ эканлигини қайд қиладилар.
Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Яқинда операция бўлдим. Ўрнимдан туриш, ўтириш мумкин эмас. Аёлим ёрдамида таҳорат олиб, ётган ҳолда намоз ўқияпман. Уйқумда эҳтилом бўлдим. Ғусл қила олмайман. Бундай ҳолда қандай қилиб покланиб намоз ўқийман?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз ғусл қила олмасангиз ҳам таяммум қилиш билан покланаверасиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Агар бемор бўлсаларингиз ёки сафарда бўлсаларингиз ё бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, покиза тупроқ билан таяммум қилинглар” (Нисо сураси, 43-оят).
Демак, мазкур далилларга кўра сув билан ҳақиқий покланиш имкони йўқ бўлиб қолган пайтда, покиза ер жинси билан ҳукмий покланиш жоиз бўлади. Таяммум қилишга рухсат берилган ушбу оятда “Агар бемор бўлсангиз” дейилган. Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.
Ер жинси – тупроқ, қум, тош, оҳак, гипс, сурма, сурматош, олтингугурт каби ердан бўлган ашёлардир. Шунингдек, турли буюмлар устидаги (масалан, кийимдаги ёки кўрпа-тўшакдаги) чанг ҳам ер жинсига киради. Шу чангни қасд қилиб, таяммум қилиш ҳам мумкин.
Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Покланишни ният қилиб, икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти орқали ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти орқали чап қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади. Шу билан таяммум қилган бўлади.
Сиз шу тарзда то ғусл қилишга қодир бўлгунингизга қадар таяммум қилиб, намозларингизни адо этишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.