Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Нега Рамазонда гуноҳ қиламиз?

13.05.2019   37787   4 min.
Нега Рамазонда гуноҳ қиламиз?

Бандаларига икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутишни барча сир-асрорлари ила таълим берган ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га абадул абад саловоту саломлар бўлсин!

Диндош биродарларига рўза ҳақидаги билимларни етказиб, ўргатган динимиз йўлчи юлдузлари – саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилиги бўлсин!

Азиз диндошлар мана, яна бир бора Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб ташриф буюрди. Бизга маълумки, қадимдан мусулмонлар муборак Рамазонда доимгидан-да кўпроқ Қуръон тиловат қилишга, доимгиданда кўпроқ ҳар бир хатти-ҳаракатларида ахлоқлироқ ва карамлироқ бўлишга ҳаракат қиладилар. Чунки суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад  (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ана шундай қилганлар ва барча Ислом амаллари қатори бу масалада ҳам умматларига ўрнак бўлиб, алоҳида таълим берганлар.

Инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амаллари ўзи учун бўлади. Фақат тутган рўзасигина Аллоҳ таоло учун бўлади. Яъни, рўзадан бошқа амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинга қилиш, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътиборини қозониш ҳисси пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одамнинг  таҳорат қилганини, намозга жой танлаганини ва ниҳоят, намоз ўқиётганини бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди. Шу каби закот берганини қанча яширса ҳам, ҳеч бўлмаганда закот олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади. Ҳажга боргани эса умуман шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг қанчадан-қанча инсонлар унинг зиёратига келишади. Ҳамма уни “Ҳожи ота” ёки “Ҳожи она” деб чақира бошлайди. Рўзада эса бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида рўза тутган инсон Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ушбуларнинг барчаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгиларидир. Шу боис ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришини ваъда қилган. Рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қачонки Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Азиз диндошлар! Эътиборингизни ушбу ҳадиси шарифдаги “…ва шайтонлар кишанланур” жумласига қаратмоқчиман. Бизга маълумки, шайтон доимо инсонларни Аллоҳ таолонинг ибодатидан, тоатидан четланишга ундайди, васваса  қилади ва одам боласининг қон томирида сузиб юради. Мўмин-мусулмонларга раҳмат бўлиб Рамазони шариф ташриф буюрса, исёнкор шайтонлар ўзлари учун севимли бўлган бу ишларидан тўсилиб, кишанларга маҳкум этиладилар. Шу ўринда савол пайдо бўлади: Шундай бўлса нега барибир билиб-билмай маъсиятлар содир этаверамиз? Ҳаттоки, баъзи инсонларнинг гуноҳ ишларда бардавом бўлаётганларига гувоҳ бўламиз? Ушбу саволларнинг жавоби эса қуйидагича: Рамазони муборак ҳурматидан шайтонлар кишанланган пайтда маъсиятга бошловчи, тутган рўзанинг, Аллоҳ асрасин, мукаммаллиги кетиб, нуқсонли бўлишига сабабчи бўлувчи нарса – НАФСдир. Демак, Рамазони шарифнинг муборак кунлари давомида бирор-бир гуноҳ содир этгудек бўлсак, “Ҳа, шайтон ўлгур йўлдан урди-да”, дейишимиз ноўриндир. Бежизга ҳикматларда: “Ақл мудроқ, нафс эса уйғоқдир”, дейилмаган. Шайтонлар кишанланган Рамазон ойида ким биландир тортишиб қолишимиз, кимнидир ғийбат қилишимиз, дилозор ишларга йўл қўйишимиз-нафсимизнинг уйғоқлиги, ҳали ҳам кишанланмаганидандир. Ушбу ой нафсларимизни поклаш, руҳимизни сайқаллаш учун қулай фурсатдир. Рўзадаги чанқоқ, очлик, тунгги бедорлик, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар, хайру эҳсонлар-нафсимизга қарши курашдир.

Шундай экан, Аллоҳ Ўз фазлу марҳаматидан баҳраманд айлаб, Рамазони шарифни фақат гўзал амаллар, савобли ишлар билан ўтказиш бахтини барчамизга насиб этсин! Бу ойда нафсимиз “Хотиржам нафслар” сафига қўшилсин.

 

Муҳсина Исоқжонова тайёрлади.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

28.08.2026   71021   6 min.
Фидойи аждодларимиз жасорати – ҳамиша ибрат намунаси

Мустақиллик байрами арафасида Ватан озодлиги йўлида курашган қаҳрамон аждодларимизни миннатдорлик билан ёд этамиз, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, уларнинг жасорати бугунги эркин ҳаётимиз ва миллий истиқлолимизнинг қадрини янада теран англатади.

28 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди.

Қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Элга ош тортилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда давлатимиз раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлди.

– Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз.

Давлатимиз раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқимиз учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлади.

– Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади, – деди Президент.

Кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилди, замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланди. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдошимиз оқланди. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандошимизнинг номи оқланди.

Сўнгги беш йилда жадид боболаримиз меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ватандошларимизнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ватандошларимиз “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилди. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Бугун бу борада ҳам тарихий адолат тикланмоқда. Бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлади. Бу юртимиздаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

– Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди, – деди Президент.

Бугун юртдошларимиз дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланди. Буюк жадид боболаримиз бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилди, қабул квоталари мунтазам ошириб борилди. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд фарзандимиз таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

– Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинди, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилди. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд юртдошимиз ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлатимиз раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирди.

– Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин! – деди Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодларимиз руҳига дуо қилиб, юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу барака барқарор бўлишини тиладилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари