Саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичиш саҳарликдир. Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга кўп тарғиб этганлар. Бир ўринда саҳарликнинг баракаси, фазилатини эслатиб: “Саҳарлик қилинг, саҳарликда барака бор”, деган бўлсалар (Муттафақун алайҳ), бошқа бир ўринда: “Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қилади”, деганлар (Табароний ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Ҳатто қорни тўқ, бирор нарса ейишга у қадар эҳтиёжи йўқ киши ҳам ҳеч қурса сув ичиб олиши яхшидир. Бу билан у суннатга эргашган бўлади.
Пайғамбаримиз рўзани саҳарлик қилмай, улаб тутишдан қайтарганлар. Аммо саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмай рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади.
Саҳарликни тонгга яқин қилиш афзал. Фақат тонг кириб қолгунгача кечиктирмаслик керак. Чунки субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Саҳарликни вақти ўтиб кетганига гумон қилинадиган пайтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади (“Фатовои Ҳиндия”).
Саҳарлик қилиб бўлгач: “Навайту ан асума совма шаҳри Рамазона минал фажри илал мағриби, холисан лиллаҳи таъала. Аллоҳу акбар”, деб дуо қилинади.
Маъноси: Рамазон ойининг рўзасини холис Аллоҳ учун субҳдан кун ботгунгача тутишни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин!
Ориф ТОЛИБ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати