Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Октябр, 2026   |   19 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:32
Қуёш
06:52
Пешин
12:12
Аср
15:39
Шом
17:24
Хуфтон
18:38
Bismillah
30 Октябр, 2026, 19 Жумадул аввал, 1448

Рамазон луғати

11.05.2019   38791   2 min.
Рамазон луғати

Малумотхона

Рамазон – Рамазон арабча «ар-рамад» деган сўздан олинган бўлиб, қуёш ҳароратининг жуда исиб, қайнаб кетишини англатади. «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда гуноҳлар куйдирилади. Уларни ёндириб, кул қиладиган нарса солиҳ амаллардир.

Рўза – ўзбек тилига «рўза» деб таржима қилинадиган «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Истилоҳий маъноси эса ният қилиб, тонг отганидан кун ботгунича нафснинг энг катта истаклари қаторига кирувчи ейиш-ичиш ва жинсий алоқа каби зарурий эҳтиёжлардан тийилишдир.

Таровеҳ – луғатда дам олиш, истироҳат қилиш маъноларини англатади. Истилоҳда эса рамазон ойи кечаларида хуфтон намозидан кейин, витр намоздан олдин ўқиладиган таъкидланган суннат намоздир.

Хатм – тугатиш, якунлаш. Таровеҳ намозларида Қуръони каримни бир ойда энг камида бир марта ўқиш.

Тасбеҳ – Аллоҳ таолони турли ношойиста сифатлардан поклаб ёд этиш.

Таровеҳ тасбеҳи – таровеҳ намозларида ҳар тўрт ракатда дам олиш учун ўтирган айтиладиган тасбеҳ.

Эътикоф – луғатда бирор нарсани ушлаб туриш, туриб қолиш деган маъноларни билдиради. Шариатда эса масжиднинг ичидан чиқмай, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бир неча кун ибодатни лозим тутиш маъносини англатади.

Қадр кечаси – Аллоҳ таоло Қуръони каримда “минг ойдан яхшироқ кеча” дея таърифлаган, унинг фазилати ҳақида алоҳида “Қадр сурасини нозил қилган тун. Кўпгина уламолар қадр кечасини рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклигини таъкидлашган.

Фитр садақаси – инсон ўзини поклаши, рўзада йўл қўйилган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириши, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бирламчи эҳтиёжидан ортиқча маблағга эга бўлганларнинг фитр садақасини беришлари вожиб.

Шайхи фоний – Рамазондан бошқа пайтда ҳам, умрининг охиригача рўза тута олмайдиган кишилар. Масалан ўта қари ва сурункали касалга чалинганлар.

Фидя – луғатда бадал, эваз дегани. Бирор узрли сабаб билан рўза тутишга мадори етмайдиганлар ҳар рамазоннинг ҳар бир уни учун бир мискинни бир кунлик таом билан тўйдиради.

Каффорат – узрсиз, қасддан рўзасини бузган одам жазо сифатида икки ой узлуксиз рўза тутади. Бунга мадори етмаса, 60 нафар мискини эрталаб ва кечқурун овқатлантиради.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи тайёрлади.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ҲИЖРАТНИ ТАНЛАГАНЛАР ҲАҚ ЙЎЛДАМИ?

30.10.2026   2442   2 min.
ҲИЖРАТНИ ТАНЛАГАНЛАР ҲАҚ ЙЎЛДАМИ?

Даъво: Ҳижрат ва жанг йўлини танлаганлар ҳақ йўлда.

Раддия: Саҳобаларнинг жанглари: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳбарлигида давлат ва жамоат ҳукми билан, аниқ шаръий қоидалар асосида бўлган.

Бугунги кунда айрим гуруҳларнинг ўзбошимчалик билан қурол олиши, давлат, жамият ва уламоларга қарши чиқиши саҳобалар амалига умуман ўхшамайди.

2. Ҳижрат – мутлақ ва доимий фарздек кўрсатилиши нотўғри.

Ҳанафий–Мотуридий ақидасига кўра, ҳижрат шароитга боғлиқ ҳукм; агар инсон ўз юртида: динини сақлаб яшай олса, фарз-воҷибларни адо этса, фитна ва куфрга мажбурланмаса, унда ҳижрат фарз эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ айтганлар: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ” (яъни Макка ҳижрати каби умумий ҳижрат тугади).

Демак, ҳижратни ҳар замон ва ҳар жойда барчага мажбурий қилиб кўрсатиш – фиқҳга зид.

3. “Жанг ва хавф – ҳақ йўл белгиси” деган тасаввур ботил.

Исломда ҳақ йўлнинг мезони – Қуръон, суннат ва жамоат. Жанг, уруш, қон тўкиш ва хавф эса, фазилат эмас.

Абу Мансур Мотуридий таълимотига кўра, Аллоҳ бандалари учун омонлик, адолат ва ҳаётни асрашни истайди.

Жанг: фақат заруратда, қонунли ҳокимият остида, фитнани тўхтатиш учун бўлади.

Зўравонликни “жиҳод руҳи” деб кўрсатиш – жиҳод тушунчасини бузишдир.

4. “Мужоҳидлар” образини қаҳрамонлаштириш – хавфли ғоя

Аҳли сунна манҳажида: қаҳрамон – шариатга итоат қилган,жамиятга зарар келтирмаган, қон тўкишдан эҳтиёт қилган киши.

Ўзбошимчалик билан қурол кўтарган, фитна чиқарган, мусулмон юртларини вайрон қилган шахслар мужоҳид деб эмас, балки фитначи деб баҳоланади.

Xулоса, Ҳанафий мазҳаби ва Мотуридий ақидасига кўра:

1.    Саҳобалар ҳаётини замонавий қуролли гуруҳлар билан қиёслаш – ботил.

2.    Ҳижрат ҳар кимга, ҳар жойда фарз, деган даъво нотўғри.

3.    Зўравонликни жиҳод деб оқлаш – Исломга хиёнат.

4.    Бундай маърузалар илмга эмас, радикаллашув ва фитнага хизмат қилади.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА