Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Октябр, 2024   |   28 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:34
Қуёш
06:53
Пешин
12:12
Аср
15:38
Шом
17:22
Хуфтон
18:37
Bismillah
31 Октябр, 2024, 28 Рабиъус сони, 1446

Ифторликда нега айнан хурмо билан оғиз очилади?

10.05.2019   32281   2 min.
Ифторликда нега айнан хурмо билан оғиз очилади?

Танловга!

Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил балиғо” китобларининг “Рўза ҳукмлари” бобида бир ҳадисни келтирадилар:

“Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир”. (Аҳмад, Доримий ривояти)

Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога моил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун, барака олиб келади”. (иқтибос тугади)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ҳар бир ишларида ҳикмат ва фойда мужассамдир. Ушбу ифторликда хурмо танавул қилиш ҳадиси ҳам жуда кўплаб фойдани ўз ичига олади. Айниқса, тиббий жиҳатдан!

-  Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.

- Витамин А, B-1,2,3,5,6,9, C, D, K,  Калций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементларни ўзида мужассам қилган.

- Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги боис асаб тизими ўзига келади.

- Очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради.

- Чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқдан фориғ этади.

- Таркибида кўплаб фойдали элементлар ва витаминлар сабаб, саратон касаллигини бартараф этади.

- Жигар фаолиятини яхшилайди.

- Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлсада, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча,  туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тасвсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.

- Ўпка ишлашини яхшилайди.

- Анемия ва гипертонияда жуда фойдали.

- Иммунитетни кўтаради.

- Юрак фаолиятини ривожлантиради.

- Юздаги нерв толалари шол бўлишидан сақлайди.

- 1 донаси тахминан 23 колорияга эга.

- Озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилсалар бўлади.

- Кислота балансини ушлаб туради.

- Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади.

- Стресс ва тарангликни камайтиради.

Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёшу қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур.

Ифторлик ва саҳарлик дастурхонингиздан тотли хурмо меваси аримасин!

Н.Саидакбарова тайёрлади. 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Эришиш имконсиз нарсани орзу қилса бўладими?

29.10.2024   4970   2 min.
Эришиш имконсиз нарсани орзу қилса бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Илк ваҳий келган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб кетганлари боис онамиз Хадича разияллоҳу анҳо амакиси Варақа ибн Навфал олдига бориб, вазиятни тушунтирадилар. Анча ёшга кириб қолган Варақа: “Сенга қавминг душманлик қилиб, юртингдан чиқарган вақтда, қанийди мен ҳам бўлсам эди, сенга ёрдам берган бўлардим!”, дейди – Имом Бухорий ривояти.

Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар унда яхшилик бўлса, имконсиз нарсани хоҳлаш, орзу қилиш мумкинлигига бу ҳадис далилдир. Варақа яна ёш йигит бўлишни хоҳлади, лекин бу имконсиз нарса, яъни инсон умри давомида бир марта ёшлик даврида яшайди” –  “Фатҳул Борий”, 1/26.

Маълумки, инсонда истаклар мавжуд. Баъзан вақт, умр каби ортга қайтмайдиган жиҳатларни орзу қилади. Болаликка қайтгиси ёки бошқа ҳудудларга кетгиси келади. Мана шундай вазиятларда ният қилаётган нарсаси яхшилик, хайрли бўлса, уни орзу ва ният қилса бўлади. Кўпгина одамлар пайғамбарлар, саҳобалар даврида бўлиб қолсам, фалон-фалон хайрли ишларни қилар эдим, деб ўй суради. Воқеликда уларнинг даврига қайтишнинг иложи йўқ, лекин шундай бўлса-да, Варақа ибн Навфал каби хайрли ният қилса, бунинг ёмон томони йўқ.

Варақа ибн Навфал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба ҳисобланмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Варақани ёмонламанглар! Зеро, тушимда унинг учун тайёрлаб қўйилган бир ёки икки жаннатни кўрдим”, деганлар – Имом Баззор ва Ҳоким ривоятлари. Ҳоким бу ҳадисни имом Бухорий ва Муслимлар шартига кўра саҳиҳ, деган. Манбалардан маълумки, пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий ўрнидадир.

Юқоридаги фикрларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, инсон яхши нияти эвазига Аллоҳдан савоб, мукофот олади.

Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “… Бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир. Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша ажр олади ва у иккисининг савоби бир хил” – Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, банда моддий-жисмоний имкони бўлмай туриб, бирор хайрли ишни қилишни истаб ният қилса, эвазига ўша ишни қилгандек савоб олади.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.

МАҚОЛА