Саҳарлик – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Набий алайҳиссалом саҳобаларга саҳарлик қилиш ва унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берардилар, улар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Профессор Жеки Йинг ким?
Тайвандлик олима аёл профессор Жеки Йинг нанотехнологияга ихтисослашган Сингапур институти асосчиси саналади. Биоинженерия ва нанотехнология соҳасида энг машҳур аёллардан бири ҳисобланади. Нанотехнология ривожига улкан ҳисса қўшган.
Профессор Жеки Йинг бир неча йиллардан бери биологик тадқиқотлар олиб бориши натижасида Қуръони каримдаги бир оятдан қаттиқ таъсирланади….
Дунёга нима учун келганмиз?
Олима Жеки Йинг айтади: “Тахминан 10-11 ёшимда ҳаётнинг ҳақиқати ҳақида кўп ўйлардим. Дунёга нима учун келганимиз тўғрисида ўзимга тинмай саволлар берардим. Кейинчалик Исломни ўргана бошладим...”.
...насроний оилада туғилган...
Жеки Йинг 1966 йилда Тайванда насроний оилада туғилган. Бошланғич таълимни Сингапурда олган. 15 ёшида оиласи билан Ню-Йоркка кўчиб ўтишди ва у ерда ўқишни давом эттирди. Ню-Йоркдаги Купертино университетининг муҳандислик соҳаси бўйича бакалавр даражасини олди, кейин Ню-Жерсидаги Принстон университетида магистратура босқичини якунлади. Ушбу университетнинг Кимёвий муҳандислик мутахассислигининг PhD докторлик унвонини қўлга киритди.
Шундан сўнг, АҚШдаги энг нуфузли ва машҳур Массачусетс технология институтида дарс беришни бошлади.
Илоҳий мақсад бор
Жеки Йинг турли миллат ва маданиятларга дуч келиши уни динга бўлган қизиқишини уйғотди. Инсонларда илоҳий мақсад борлигини аниқлаш учун кўп вақтини турли диний манбаларни солиштириш билан ўтказди.
Кунларнинг бирида у Қуръони каримдаги ушбу оятни ўқиди: “Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?” (Анбиё сураси, 30-оят).
Ушбу оят унинг эътиборини тортди ва у бундай аниқ ҳақиқат замонавий илм рвиожланмаган, турли асбоб-ускуналар мавжуда бўлмаган VII асрда қандай пайдо бўлгани ҳақида билиш уни Исломни чуқур ўрганишга бошлади.
ҳар бир тирик нарса – сувдан
Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики баъзи организмларнинг тана вазнининг 90% гача, катталар танасининг 60% фоизини сув ташкил қилади.
1945 йил тадқиқотчи Мишел томонидан мия ва юракнинг 73%, инсон ўпкаси 83%, тери 64%, мушак ва буйраклар 79% ва суяклар 31% сувдан иборат эканини аниқлаган. Бу маълумотлар тирик мавжудотлар учун сувнинг аҳамиятини тасдиқлайди.
ягона яратувчи – Аллоҳ таоло
Профессор Жеки Йинг Қуръондаги ҳақиқатлар фақатгина ягона яратувчи Аллоҳ таоло томонидан баён этилиши мумкинлигини хулоса қилган ва 35 ёшида Ислом динини қабул қилди. Унинг фикрича иймон янги тадқиқотларни кашф этишда муҳим ўрин тутади.
“Агар атроф-муҳит, ҳеч бўлмаганда ўзимиз ҳақимизда бироз тафаккур юритсак жуда кўплаб мўъжизаларни кўришимиз мумкин. Уларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан пайдо бўлмаган”, дейди профессор олима Жеки Йинг.
Даврон НУРМУҲАММАД