Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

Саҳарлик фазилатлари

8.05.2019   31137   2 min.
Саҳарлик фазилатлари

Саҳарлик – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти) 

Набий алайҳиссалом саҳобаларга саҳарлик қилиш ва унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берардилар, улар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти). 

Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти). 

Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муаммонинг нозик нуқтаси

29.10.2024   3737   5 min.
Муаммонинг нозик нуқтаси

Шундай иллат борки, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликларнинг калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас. 
 

Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15-64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи  илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши  гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.


Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч  2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли улуши бор. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда. 


Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Боиси, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч ва иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.


Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки чекканини, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб кейинчалик ёмон оқибатлар билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, айрим маҳаллаю қишлоқларда  учратиш мумкин.


Яқинда маҳалламиз мактаби ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушиб, мактаб чоғларим ёдимга келди...


Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар сигарета чекувчи болалар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни яширинча сигарета чеккан, ароққа меҳр қўйган йигитлар йиллар ўтиб ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада тақдир йўлларида кўп бор адашди, йиқилди, на оила, на ватан қилди. Дунёдан ҳеч вақо кўрмай ўтиб кетганлари ҳам бор. 


Албатта, ҳеч ким фарзандини гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бунга ружу қўяётганлар қаердан пайдо бўляпти? 


Бунинг сабаблари  ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликдан қочиш, фарзандга беэътиборлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан. Шу билан бирга, бу иллат болага ота-онадан қон орқали ўтиши ҳам тадқиқотчилар томонидан исботланган. Эътиборлиси, мазкур сабабларнинг аксари ота-она ва оилавий муҳитга бориб тақалади.


Демак, муаммонинг нозик нуқтаси оиладир. Гиёҳвандлик иллатининг олдини олиш учун оилаларни, ота-оналарни ислоҳ қилиш шарт. Уларни ислоҳ қилишнинг бирдан-бир йўли исломдир. Муқаддас динимиз кишини одоб-ахлоққа, ҳалолликка чақиради, харомдан тийилтиради. Энг асосийси, фарзандни баркамол бўлиб вояга етишига, турли иллатлардан холи бўлишига асос бўлади. Айниқса, инсон соғлиғига салбий таъсир этувчи егулигу ичимликлар истеъмол қилишни ман этади.


Бу борада Қуръон каримда бундай дейилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси 168-оят) дейилган.


Шунингдек, Моида сурасида: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди» (91-оят) дея марҳамат қилинади. Ояти каримада хамр, яъни маст қилувчи нарсалар билан ёмонликлар, шайтоний қилмишлар ортиши таъкидланмоқда. Шу боис турли жирканч жиноят ишларига назар ташласангиз, кўпинча уни гиёҳванд модда таъсирида амалга оширилганининг гувоҳи бўласиз. Демак, заққум истеъмол қилиш буткул шайтон измига бўйсуниш ва икки дунёни куйдириш билан баробардир.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар» (Имом Абу Довуд ривояти) дейилган.


Демак, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи ҳар қандай егулигу ичимликдан тийилмоқ керак. Афсуски, сархуш қилувчи нарсаларни бир татиб кўрган киши нафсини бошқара олмай, яна истеъмол қилгиси келади. Ўзида унга қарши куч, ирода топа олмайди. Унга қарам бўлмасликнинг энг яхши йўли эса умуман оғизга олмасликдир. Бунинг учун эса фарзандаримизни имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, харом-ҳалолни чуқурроқ англатиш керак. Шундагина улар номақул ишларга ҳам қўл урмайдилар.


Бир сўз билан айтганда, динимиз кўрсатмаларига амал қилиб яшасак, нафақат ўзимизни балки фарзандларимизни ҳам турли балолару заҳри қотиллардан асраган бўламиз. Энг асосийси, зурриётларимиз жиноятчи, гиёҳвандлар эмас, балки орқамиздан дуо қилгувчи солиҳ инсонлар бўлиши тайин.

Бобур МУҲАММАДИЕВ

Мақолалар