Саҳарлик – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганимда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда: “Албатта, саҳарлик баракадир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилиш – баракадир, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака жамоат ва саҳарликдадир”, дедилар (Имом Табароний ривояти)
Набий алайҳиссалом саҳобаларга саҳарлик қилиш ва унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берардилар, улар билан бирга саҳарлик қилардилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдим. Сўнгра у зот бомдод намозига турдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, “Барака дастурхони сари шошилгин”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
Саҳарлик Ислом умматини аҳли китобдан ажратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик қилишдадир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик фазилатларидан яна бири унда дуо қабул бўлувчи вақт бор. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда: “Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам”, дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига ноил қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳмати бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарликда хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти