Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Рамазон ойи фазилатлари

07.05.2019   36998   24 min.
Рамазон ойи фазилатлари

Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ оятлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир.

Рамазон ойи ҳар доим ойларнинг султони, саййиди, энг яхшиси бўлиб келган ва ҳамиша шундай бўлиб қолаверади.

Рамазон ойи рўза, таровиҳ ва тиловат ойи бўлиб, унинг рўзасини тутиш фарз, таровиҳ намозини ўқиш суннат, Қуръони каримни хатм қилиш эса фазилатдир.

Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади.

Рамазон ойи гуноҳлар мағфират қилинадиган, раҳм-шафқат кўрсатиладиган ва дўзахдан озод қилинадиган ойдир.

Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.

Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик  кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.

Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.

Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.

Рамазон ютуқлар ойи бўлиб, улкан савоблар қўлга киритилади ҳамда нафс ва шайтонлар мағлуб этилади.

Рамазон ойида мусулмонларнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабалари юқори кўтарилади, хайрли ишларининг мукофотлари кўпайтирилади ва кичик гуноҳ ишлари кечирилади.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у кўп маҳрум бўлибди.

Барчамизга Рамазон ойи муборак бўлсин. Рўзасини тутишда, таровиҳ намозларини ўқишда, Қуръони каримни хатм қилишда ва бошқа хайрли ишларни адо этишда Аллоҳ таоло муваффақиятлар ато этсин. Бу ишларни ихлос ила бажариб тақво ҳосил қилган кишиларга хушхабар ёр бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириб келиши билан саҳобаларини муборакбод қилар ва бу ойнинг фазилатларини баён этар эдилар, токи бу ойга тайёр бўлсинлар ва бу фурсатдан фойдалансинлар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”[1].

Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо...

Бошқа бир ҳадисда[2]: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.

Бу ва бошқа ҳадислар асосида Рамазон ойининг баъзи хусусиятлари ва фазилатлари ҳақида тўхталамиз:

Бу ойда жаннат дарвозалари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади, чунки бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ-маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади. Жаннат дарвозалари мусулмонларни хайрли ишларга шошилишга тарғиб қилиб ҳам очилади. Дўзах эшиклари эса, гуноҳлардан қайтган, истиғфор айтган, афсус-надомат чеккан, қайта қилмасликка ният қилган ҳолда тавба қилишга тарғиб қилиб ёпилади. Натижада, бу ойда вафот этган ва руҳи дўзахга маҳкум қилинган кимсалар, бу ойнинг шарофати ила шу ойнинг охиригача дўзахга киритилмай туради. Жаннатнинг барча дарвозалари очилиши Рамазон ойида ер юзига Аллоҳнинг раҳмати кўп нозил бўлишига ҳам ишорадир.

Бу ойда итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл-оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар. Бу Аллоҳнинг бандаларига нисбатан меҳрибонлиги ва лутфу инояти бўлиб, У Зот уларга ўз нафсларидан ғолиб бўлишларига ёрдам беради ва итоатсиз жин-шайтонларнинг макр-ҳийлаларидан асрайди.

Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади”[3], деганлар.

Рамазон ойининг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан бирида Қадр кечаси яширилган бўлиб, у Қадр кечаси бўлмаган қамарий минг ойдан яхшироқдир. Саҳиҳ ҳадисларда Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунларининг тоқ кечаларидан бирида экани баён қилинган. “Аржаҳ (ҳақиқатга энг яқин) қавлга биноан, Қадр кечаси ҳар йили мазкур тоқ кечаларда биридан-бирига кўчиб юради”[4]. “Уламоларимиз Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради, деган фикрни айтганлар”[5].

Мана шу бир кечада бажарилган ибодат саксон уч йилдан кўпроқ муддат ичида қилинган ибодатга тенг бўлади. Бир кеча! Аниқроғи, таровиҳ намозидан қайтганингиздан кейин саҳарликкача бор-йўғи тўрт соатлик кеча. Агар сиз бу муборак кечани тоат ва ибодатда ўтказсангиз, гўё сиз бу тоат-ибодатни саксон уч йилдан кўпроқ вақт давомида тинмай бажараётгандек бўласиз.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар[6]. Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”[7].

Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.

Бу ой хайр-эҳсон ойидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазон ойида янада саховатлироқ бўлиб кетардилар[8].

Бу ойнинг хусусиятларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларида мужассамдир: “Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кечаларининг маълум бир қисмини таровиҳ намозини ўқиш билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким иймон ила, савоб умидида Қадр кечасини тоат-ибодатда ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”[9].

Бу ой тунги намозлар ва нафл ибодатлар ойи ҳамдир. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”[10]Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олганлар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача давом этиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Рамазон ойида қилинган умранинг савоби ҳаж савобига тенг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондаги умра ҳажга тенг”[11], “Рамазондаги умра мен билан бирга қилинган ҳажнинг савобига тенгдир”[12], дея марҳамат қилганлар.

Булар Рамазон ойининг айрим хусусиятлари ва фазилатларидир. Демак, Рамазони шариф ҳар бир мусулмон банда учун улкан савоблар топиб қолиш, дўзахдан озод бўлиб олиш учун жуда ҳам қулай фурсат экан. Шунинг учун ҳам бу ойнинг келишидан хурсанд бўлишимиз, яхши кутиб олишимиз ва бу фурсатдан ҳар биримиз унумли фойдаланиб қолишимиз даркор. Бунинг учун эса, бу муборак ойнинг рўзасини ихлос билан тутиб, ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва яхшиликлар қилиб қолишимиз керак.

Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар[13]. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.

Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.

 

Абдул Азим Зиёуддин

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 


[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ.

[2] Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти.

[3] Имом Муслим ривояти.

[4] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий шарҳу саҳиҳил Бухорий”.

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, “Ҳадис ва Ҳаёт”, 9-жуз, 159-бет.

[6] Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти. Муҳаддис Шуъайб Арнаут: “Бу ҳадиснинг исноди Бухорий ва Муслим шартларига кўра саҳиҳдир”, деган.

[7] Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти. Имом Термизий бу ҳадисни “ҳасан”, деган.

[8] Байҳақий ва Ҳокимлар ривояти. “Ал мустадрак ъалас саҳиҳайн би таълиқиз Заҳабий” китобида: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, дейилган.

[9] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.

[10] Муслим ривояти.

[11] Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти.

[12] Абу Довуд, Байҳақий, Табароний, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ривояти. Ҳоким: “Бу ҳадис Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир”, деган.

[13] Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария”, “Мавсуъа ад-дийну ан-насийҳату” ва “Мавсуъатул буҳуси вал мақолотил илмия”.

 

 

Рамазон-2019
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   18014   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари