Рамазон ойи ёзнинг энг иссиқ ва узун кунларига тўғри келди. Бу ҳол рўза тутишни бироз қийинлаштирса-да, аслида,
бу машаққатлар рўзадорга ўзгача шавқу-завқ беради.
Абдураҳмон ибн Афв (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларида таровеҳ намозини ўқишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва таровеҳни ўқиса, гуноҳларидан онаси туққан кунгидек фориғ бўлади”, деганлар» (Имом Абу Довуд).
Инсонмиз. Билиб-билмай гуноҳ қилиб қўямиз. Аммо гуноҳининг кечирилишини истамаган бормикан? Рамазонда мўминнинг оладиган нафаси ҳам ибодат бўлиб турса, рўза тутиш баробарида сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, ҳаловатга эришиш қандай яхши! Рамазон ойи гуноҳлардан қутулиш учун ана шундай энг зўр имконият мавсумидир.
Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Минбар олдига келинглар”, дедилар. Биз келдик. Унинг биринчи поғонасига кўтарилиб, “Омин”, дедилар. Кейин иккинчи поғонасига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Сўнг учинчисига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Хутбани тугатиб тушганларида саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бугун сиздан ҳеч эшитмаганимиз бир нарсани эшитдик” дейишди. У зот айтдилар: “Жаброил (алайҳиссалом) менга: “Рамазон ойига етиб, мағфират қилинмаган киши ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. “Ҳузурида сиз зикр қилинсангиз, сизга салавот айтмаган киши ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. Кейин: “Кимнинг ота-онасини ёки улардан бирини кексайиб, уни жаннатга киргизмаса у ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим» (Табароний, Байҳақий ва Ҳоким).
Рўза улуғ ибодат. Бироз теранроқ фикрласак, унинг қанчалар буюк имкониятлар фасли эканини англашимиз мумкин. Рўзадор бир ой давомида куни билан ўзини еб-ичишдан тияди, нафсига қарши туради. Кун қанча узун ва ҳаво қанча иссиқ бўлмасин, ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам ман қилинган нарсалардан сақланади. Жисми ва руҳини поклаб, нафсини тарбиялайди ва йил бўйи ҳаром нарсалардан тийилишга кўникма ҳосил қилади. Рўза тутган кишининг ўзига ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланади, сабр-бардоши қатъийлашади ва яна бошқа кўплаб фазилатларга эга бўлади.
Вақт тўхтаб турмайди. Муштоқ бўлганимиз Рамазоннинг соатлари тобора ортда қолаверади. Ғанимат лаҳзалардан орттирган яхши амалларимиз муҳим. Яхши кўрадиган жонимизни бироз қийинчиликка қўйиб бўлса ҳам даражалар қозониладиган дақиқаларни қўлдан бой бермай, топганларимиз билан шодланадиганлар қаторида бўлолсак, умримиз зое бўлмайди. Ҳаракатларимиз эвазига муносиб самарага эга бўламиз.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад).
Бу муборак ой биз учун улуғ имконият, дедик. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун фурсат, ажру мукофот! Бу англай олганларга қиёси йўқ неъмат ҳам. У фақат Рамазон ойи рўзасини имон билан савоб талабида тутувчи мўмин-мусулмонларгагина берилади.
Дунёда турли сабаблар туфайли очлик, ташналик азобини тортаётганлар кўп. Рамазонда қорни тўқлар ҳам ихтиёрий равишда уларнинг ҳолига тушишади. Киши қалбида уларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳр-шафқат, раҳмат, ғамхўрлик туйғулари янаям кўпаяди.
Рамазон ойи ҳамманинг – каттаю кичик, бою камбағал, ҳокиму маҳкум, кучли ва кучсиз, тўқ ва очни тенглаштирадиган бағрикенг ойдир. Ҳаммамиз учун бу ой муборак кечсин. Оқибати хурсандчилик бўлган машаққатлар толдирмасин.
Президентимиз 2021 йилда "Бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган янги Ўзбекистон эмас" деган эди. Бу иқрор ислоҳотни тайёр ғалаба сифатида кўрсатишдан кўра масъулиятлироқ. Чунки мавжуд камчиликни тан олмаган давлат уни тузатиш учун ҳам чора изламайди.
Бу гал биз назарда тутаётган "йўл" сўзи шунчаки метафора эмас. Гап мамлакатнинг қишлоқ йўлларидан тортиб, халқаро автомагистралигача, темир йўлларидан метрогача, ҳаво қўналғасидан транзит йўлагигача бўлган ҳаракат тизими ҳақида боради. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган энг муҳим янгилик – йўлни алоҳида қурилиш объекти эмас, инсон, иқтисодиёт ва давлатни ҳаракатга келтирадиган яхлит тизим сифатида кўра бошлагани ҳақида.
Абдулҳамид Мухторов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Зиё" медиа маркази директори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2026 йил 14 август, 164-сон