Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2026   |   9 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:17
Аср
16:35
Шом
18:28
Хуфтон
19:43
Bismillah
20 Сентябр, 2026, 9 Рабиъус сони, 1448

Рамазон ойидамиз

07.05.2019   34736   25 min.
Рамазон ойидамиз

Рамазон ойи ёзнинг энг иссиқ ва узун кунларига тўғри келди. Бу ҳол рўза тутишни бироз қийинлаштирса-да, аслида,

бу машаққатлар рўзадорга ўзгача шавқу-завқ беради.

 

Абдураҳмон ибн Афв (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло сизларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилди. Мен сизларга унинг кечаларида таровеҳ намозини ўқишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса ва таровеҳни ўқиса, гуноҳларидан онаси туққан кунгидек фориғ бўлади”, деганлар» (Имом Абу Довуд).

 

Инсонмиз. Билиб-билмай гуноҳ қилиб қўямиз. Аммо гуноҳининг кечирилишини истамаган бормикан? Рамазонда мўминнинг оладиган нафаси ҳам ибодат бўлиб турса, рўза тутиш баробарида сон-саноқсиз гуноҳлардан покланиб, ҳаловатга эришиш қандай яхши! Рамазон ойи гуноҳлардан қутулиш учун ана шундай энг зўр имконият мавсумидир.

 

Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Минбар олдига келинглар”, дедилар. Биз келдик. Унинг биринчи поғонасига кўтарилиб, “Омин”, дедилар. Кейин иккинчи поғонасига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Сўнг учинчисига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Хутбани тугатиб тушганларида саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бугун сиздан ҳеч эшитмаганимиз бир нарсани эшитдик” дейишди. У зот айтдилар: “Жаброил (алайҳиссалом) менга: “Рамазон ойига етиб, мағфират қилинмаган киши ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. “Ҳузурида сиз зикр қилинсангиз, сизга салавот айтмаган киши ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим. Кейин: “Кимнинг ота-онасини ёки улардан бирини кексайиб, уни жаннатга киргизмаса у ҳалок бўлсин”, деди. Мен: “Омин”, дедим» (Табароний, Байҳақий ва Ҳоким).

 

Рўза улуғ ибодат. Бироз теранроқ фикрласак, унинг қанчалар буюк имкониятлар фасли эканини англашимиз мумкин.  Рўзадор бир ой давомида куни билан ўзини еб-ичишдан тияди, нафсига қарши туради. Кун қанча узун ва ҳаво қанча иссиқ бўлмасин, ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам ман қилинган нарсалардан сақланади. Жисми ва руҳини поклаб, нафсини тарбиялайди ва йил бўйи ҳаром нарсалардан тийилишга кўникма ҳосил қилади. Рўза тутган кишининг ўзига ишончи ортади, иродаси мустаҳкамланади, сабр-бардоши қатъийлашади ва яна бошқа кўплаб фазилатларга эга бўлади.

 

Вақт тўхтаб турмайди. Муштоқ бўлганимиз Рамазоннинг соатлари тобора ортда қолаверади. Ғанимат лаҳзалардан орттирган яхши амалларимиз муҳим. Яхши кўрадиган жонимизни бироз қийинчиликка қўйиб бўлса ҳам даражалар қозониладиган дақиқаларни қўлдан бой бермай, топганларимиз билан шодланадиганлар қаторида бўлолсак, умримиз зое бўлмайди. Ҳаракатларимиз эвазига муносиб самарага эга бўламиз.

 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”. Улар: “Эй Аллоҳнинг  Расули, у Қадр кечасими?”, деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади”, дедилар (Имом Аҳмад).

 

Бу муборак ой биз учун улуғ имконият, дедик. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун фурсат, ажру мукофот! Бу англай олганларга қиёси йўқ неъмат ҳам. У фақат Рамазон ойи рўзасини имон билан савоб талабида тутувчи мўмин-мусулмонларгагина берилади. 

 

Дунёда турли сабаблар туфайли очлик, ташналик азобини тортаётганлар кўп. Рамазонда қорни тўқлар ҳам ихтиёрий равишда уларнинг ҳолига тушишади. Киши қалбида уларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳр-шафқат, раҳмат, ғамхўрлик туйғулари янаям кўпаяди.

 

Рамазон ойи ҳамманинг – каттаю кичик, бою камбағал, ҳокиму маҳкум, кучли ва кучсиз, тўқ ва очни тенглаштирадиган бағрикенг ойдир. Ҳаммамиз учун бу ой муборак кечсин. Оқибати хурсандчилик бўлган машаққатлар толдирмасин.

 

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

24.08.2026   49135   1 min.
Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.


Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.


Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.


Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;

  • Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

  • Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.


Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари