Баъзилар “Рўзанинг ҳикмати нима?” ёки “Рўза тутишдан мақсад нима?” деган саволларни берадилар.
Аллоҳ таоло бандаларини нима ишга буюрган ва уларини нимадан қайтарган бўлса, буюк ҳикматга кўра буюриб-қайтаргандир. У Зотнинг барча иши ҳикматдан холи эмас. У Зот Ҳакимдир.
Бирор ибодатни буюришдан кўзланган мақсад баъзан ошкора айтилган бўлса, баъзи ўринларда махфий қилинган. Уламолар бу ҳикматни излаб, ўрганиб, топиб, одамларга баён қилиб берадилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда рўзанинг катта ҳикматини баён қилиб шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Демак, рўзанинг фарз қилинишидан кўзланган катта мақсад – тақводорликдир.
Хўш, инсон рўза сабабли қандай қилиб тақводор бўлади?
Рўза тутганингизни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, билолмайди. Рамазонда кундузи ҳеч нарса емай, ҳеч нарса ичмай юрибсиз. Сизни ейиш-ичишдан нима тўсяпти? Бориб муздек сув ичсангиз, сизни бирор инсон кўрмайди-ку! Лекин ичмайсиз. Чунки сизни Аллоҳ кўриб турганини ўйлаганингиз учун ичмайсиз. Ҳа, Аллоҳ мени кўриб турибди деган қўрқув сув ичишдан сизни тўсяпти. Бу муроқабадир. Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис этишдир. Инсон Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис қилса, Унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтади. Бу эса – тақводир.
Рўзадор одам шу рўзаси сабабли покланади, шу рўзаси сабабли тақводор бўлади, шу рўзаси сабабли гуноҳлардан тийилишни ўрганади. Сизни гуноҳ қилишга шароитингиз бор бўлса ҳам, қўлингизни чўзсангиз гуноҳ содир бўлса ҳам шу ишни қилмайсиз. Аллоҳ мени кўриб турибди деб ейиш-ичишдан тийилишда эгаллаган малакангиз гуноҳдан тийилишда ҳам қўл келади.
Шайх Саъийд ибн Муҳаммад Камалийнинг мавъизасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати