Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Ўзбекистонда 1220 та масжидда хатми Қуръон бўлади

4.05.2019   3455   1 min.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садолари ила бурканади. Йилдан-йилга масжидларимизда хатми Қуръонлар зиёда бўлиб, тартиб ва ўзгача тароватда ўтмоқда.
Бу йили Республикамиз бўйича 1220 масжидда таровиҳ намозларида Аллоҳнинг каломи бошдан охир ўқилиб, хатми Қуръон қилинади. Уларда жами 2038 нафар қориларимиз иштирок этади.
Жараён шуни кўрсатмоқдаки, йилдан-йилга диёримизда Қуръон ҳофизлари кўпайиб бормоқда. Маълумот учун, ўтган 2018 йилда 1149 масжидда хатми Қуръон ўтказилган бўлиб, уларда 1860 нафар қори қатнашган эди.
Шунингдек, ҳар йилгидек хорижий давлатларнинг таклифларига биноан қориларимиз хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бу шубҳасиз, Яратган Роббимизнинг халқимизга берган энг улуғ инъомидир.
Хатми Қуръонларга марҳабо!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди

23.12.2024   603   2 min.
Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Молик Саъид ибн Мусаййибдан ривоят қилади:

«Бир мусулмон ва бир яҳудий хусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга:

«Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг», деди.

«Сен қаердан билдинг?» деди Умар, уни дарра ила уриб.

«Биз Тавротда: «Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап томонида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғрилаб ҳам турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар», дейилганлигини топамиз», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан беркитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.

Ҳа, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ва ҳалигача қойил қолиб келмоқда.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бош­қами, ҳазрати Умар учун барибир эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

Мақолалар