Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садолари ила бурканади. Йилдан-йилга масжидларимизда хатми Қуръонлар зиёда бўлиб, тартиб ва ўзгача тароватда ўтмоқда.
Бу йили Республикамиз бўйича 1220 масжидда таровиҳ намозларида Аллоҳнинг каломи бошдан охир ўқилиб, хатми Қуръон қилинади. Уларда жами 2038 нафар қориларимиз иштирок этади.
Жараён шуни кўрсатмоқдаки, йилдан-йилга диёримизда Қуръон ҳофизлари кўпайиб бормоқда. Маълумот учун, ўтган 2018 йилда 1149 масжидда хатми Қуръон ўтказилган бўлиб, уларда 1860 нафар қори қатнашган эди.
Шунингдек, ҳар йилгидек хорижий давлатларнинг таклифларига биноан қориларимиз хатми Қуръонларда иштирок этадилар. Бу шубҳасиз, Яратган Роббимизнинг халқимизга берган энг улуғ инъомидир.
Хатми Қуръонларга марҳабо!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ривоят қилинишича, бир куни саҳрода бир отлиқ киши кетиб борарди. Чўлда сарсон бўлиб, адашиб чанқоқдан тинкаси қуриган бир кишини учратди. Бу одам отлиқдан сув сўради, отлиқ унга сув берди. Йўловчи бироз ўзига келгач отлиқдан уни ўзи билан олиб кетишини илтимос қилди. Отлиқ рози бўлди ва йўловчини отига минишига изн берди.
Аммо, йўловчи кўп толиққани учун отга ўзи мингаша олмади ва: "Мен чавандоз эмасман, оддий деҳқонман, шунинг учун отга минишга ўрганмаганман. Иложи бўлса менга отга минишимга ёрдамлашиб юборсангиз", деб илтимос қилди.
Отлиқ отдан тушиб, унга ёрдам берди. Бироқ, йўловчи отга мингач, моҳир чавандоз каби отни чоптириб қочиб қолди.
Шунда отлиқ ўзини алданганини англади ва қочаётган ўғрининг ортидан қичқириб: "Менга қилган бу ишингни ҳеч кимга айтма, илтимос! Йўқса, одамлар бир-бирларига мурувват қилмай қўядилар", деди.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ