Шу йил ноябрь ойида Ватикан Aбу-Дабида диний етакчилар билан “Тинчлик учун учрашув” форумини ташкил этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Рим папаси “Vida Nueva” ҳафталигига берган интервюсида маълум қилди.
IQNA сайтининг “Islam today” матбуот хизматига таяниб хабар беришича, “Ноябр ойида БМТнинг Дубайдаги иқлим саммити олдидан Aбу Дабида диний етакчилар билан тинчлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтади”, – деди Рим папаси Франсиск.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг февраль ойида Франсиск Aрабистон ярим оролига келди. Бу тарихий ташриф деб аталди. Унинг доирасида динлараро мулоқотни ривожлантиришга оид ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати