Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Мавритания – асл араб тили сақланиб қолган ўлка

04.08.2023   4808   3 min.
Мавритания – асл араб тили сақланиб қолган ўлка

Минтақа

Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили арабча.

Мавритания – ривожланаётган камбағал давлат. Унинг Мавритания деб аталиши тасодифий эмас. Аҳоли ўзларини ўрта асрларда Испания мусулмонлари бўлган маврларга алоқадор деб билади. Уларнинг аждодлари геноцидни бошдан кечириб, Испаниядан Африкага қочишга мажбур бўлган. Афсуски, Пиреней ярим оролидаги мусулмон давлатининг юксак маданиятини қочқин бўлиб Африкага борган аҳоли сақлаб қола олмади, аммо мавританияликлар орасида "Андалус" ва "Кордоба" номларига бўлган муҳаббат ўзгача. Кўплаб қаҳвахоналар, сартарошхоналар ва бошқа муассасалар ана шу қадимий номлар билан аталади.

Аҳолиси

Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади.  Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар –  чўл ва чала чўлларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра,  улар араб, бербер ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга оид. Берберлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган.  VII-VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг берберларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.

Соф араб тили

Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида, муқаддас Қуръон тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил нормаларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида мулоқот қилишади.

Дунёдаги энг қадим миноранинг иккинчиси

 Мавританиядаги хорижлик сайёҳларни табиий ландшафтларнинг гўзаллиги, қадимий тарих ва меъморчилик ёдгорликлари, маҳаллий халқларнинг бой маданий анъаналари ўзига жалб қилади. Жумладан, Шингетти жоме масжиди XIII-XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақасидаги Шингетти воҳаси шаҳри асосчилари томонидан барпо этилган қадимий ибодат марказидир. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.

Дини

Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Бу ерда аҳли суннат вал жамоатнинг моликия мазҳаби кенг тарқалган. Исломнинг кириб келиши VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI-XVII асрларда тарқала бошлади. Насронийларнинг кичик жамоасининг аксари католиклардир.

Мавритания айни кунларда камбағал давлатлар сирасига кирса-да, жадаллик билан ривожланиб бораётган ўлка. Бунда, албатта, мамлакат аҳолисининг ўз динига мустаҳкам эътиқоди, меҳнатсеварлиги, энг муҳими, илмга ташналиги муҳим роль ўйнамоқда.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   25734   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари