Минтақа
Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили арабча.
Мавритания – ривожланаётган камбағал давлат. Унинг Мавритания деб аталиши тасодифий эмас. Аҳоли ўзларини ўрта асрларда Испания мусулмонлари бўлган маврларга алоқадор деб билади. Уларнинг аждодлари геноцидни бошдан кечириб, Испаниядан Африкага қочишга мажбур бўлган. Афсуски, Пиреней ярим оролидаги мусулмон давлатининг юксак маданиятини қочқин бўлиб Африкага борган аҳоли сақлаб қола олмади, аммо мавританияликлар орасида "Андалус" ва "Кордоба" номларига бўлган муҳаббат ўзгача. Кўплаб қаҳвахоналар, сартарошхоналар ва бошқа муассасалар ана шу қадимий номлар билан аталади.
Аҳолиси
Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади. Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар – чўл ва чала чўлларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра, улар араб, бербер ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга оид. Берберлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган. VII-VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг берберларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.
Соф араб тили
Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида, муқаддас Қуръон тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил нормаларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида мулоқот қилишади.
Дунёдаги энг қадим миноранинг иккинчиси
Мавританиядаги хорижлик сайёҳларни табиий ландшафтларнинг гўзаллиги, қадимий тарих ва меъморчилик ёдгорликлари, маҳаллий халқларнинг бой маданий анъаналари ўзига жалб қилади. Жумладан, Шингетти жоме масжиди XIII-XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақасидаги Шингетти воҳаси шаҳри асосчилари томонидан барпо этилган қадимий ибодат марказидир. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.
Дини
Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Бу ерда аҳли суннат вал жамоатнинг моликия мазҳаби кенг тарқалган. Исломнинг кириб келиши VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI-XVII асрларда тарқала бошлади. Насронийларнинг кичик жамоасининг аксари католиклардир.
Мавритания айни кунларда камбағал давлатлар сирасига кирса-да, жадаллик билан ривожланиб бораётган ўлка. Бунда, албатта, мамлакат аҳолисининг ўз динига мустаҳкам эътиқоди, меҳнатсеварлиги, энг муҳими, илмга ташналиги муҳим роль ўйнамоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва "такбири таҳрима" айтиб, намозга кирилади. Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган:
Воил ибн Ҳужр розияллоху анҳу: "Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадисда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга киришда такбир айтиб, сўнгра икки қўлларини кўтариб, бош бармоқларини қулоқларига баробар қилар эдилар" (Имом Ҳоким ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Уламоларимиз: “Ҳадисларда келган "қўлни қулоқ баробарига кўтариш”дан мақсад уни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар. Бу ҳақда “Раддул Муҳтор”, “Лубоб фий шарҳил китоб”, “Фатавои Қозихон”, “Шарҳул Виқоя”, “Мажмаъул анҳур” шу каби бир қанча мўътабар фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
Уйчи туман "Хизиробод" жоме масжиди
имом-хатиби Шерзод Раҳимов
Манба: t.me/softalimotlar