Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Апрел, 2025   |   11 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:53
Пешин
12:30
Аср
17:02
Шом
19:00
Хуфтон
20:16
Bismillah
09 Апрел, 2025, 11 Шаввол, 1446

Зиёратда ширкдан сақланайлик!

18.04.2019   4988   4 min.
Зиёратда ширкдан сақланайлик!

Шу кунларда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амаллар акс этган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётгани кузатилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёратгоҳлардаги  ширк амаллардан сақланиш борасида аниқ кўрсатма ва фатволар эълон қилинган.

Дарҳақиқат, Ислом – тавҳидга асосланган дин. Аллоҳ таолонинг ягоналигига, барча яхшилик ва ёмонлик фақат Унинг иродаси билан бўлишига имон келтириш имоннинг асосий шарти ҳисобланади.

Мусулмон киши ўзининг имон-эътиқодига асосан барча ҳожатларини фақат Аллоҳ таолодан сўраши ва Унинг Ўзигагина ибодат қилиши шарт. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

“...Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!” (Каҳф, 110).

Аллоҳ таоло ҳожатни ёлғиз Ўзидан сўраш кераклигини ана шу ва бошқа кўплаб ояти карималарида очиқ-ойдин маълум қилган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг меросхўрлари бўлган уламолар инсон эҳтиёжини фақат Аллоҳ таолодан сўраш лозимлиги ҳақида таълимот берганлар. Афсуски, кўп йиллардан бери айрим кишилар билимсизлиги дейсизми, жоҳиллиги сабаб бўлибми, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари зиёратгоҳи ҳудудидаги қуриган дарахтни муқаддас санаб, уни тавоф қилиш ва ундан ҳожатини сўраш каби ширк амалларни қилиб келмоқдалар.

Қуръони каримда:

“Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).

Бугунги кунда кўплаб зиёратгоҳларда ана шундай бидъат ва ширк амалларига кўзингиз тушади. У ерлардаги нарса ва буюмлардан фарзанд, бахт, бойлик ва ҳоказоларни сўраш нодонлик ва улкан гуноҳдир.

Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қадимий дарахт ҳам инсонларнинг йўлдан озишларига, ширк амалларга қўл уришларига сабаб бўлмоқда. Зиёратга келганлар ўша дарахтни силаб, юз-кўзларини суртиб, атрофини айланиб, турли нарсаларни сўрашаётгани кузатилмоқда. Ахир аллақачон қуриб қолган, биттагина барг чиқаришга ҳам мажоли етмаётган дарахт инсонга қандай қилиб фойда келтириши мумкин?!

Бундан бир неча йил аввал мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги ҳақида”ги фатвоси ҳам эълон қилинган ҳамда тушунтириш ишларини олиб борилган эди. Шунингдек, зиёратгоҳларга Ислом ақидаси ва шариатида кўрсатилган зиёрат қилиш одоблари ҳақида лавҳалар қўйилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Аллоҳ таолога ширк бўлган бундай амалларнинг давом этаётганидан жиддий ташвишда. Негаки, Аллоҳ таолони қўйиб, дарахтдан ҳожат истаган банда Аллоҳ таолонинг қаҳрини келтиради. Натижада ҳожати раво бўлиш у ёқда турсин, боши ташвишу ғамдан, мусибату балолардан чиқмай қолади. Диний идора уламолари ана шундан хавотирга тушиб зиёратчилардан ушбу ширк амални қилмаслик ҳамда зиёратгоҳ масъулларидан ушбу қадимий дарахт ҳақида тўғри тушунча беришни жорий этди.

Бугунги кунга келиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги мазкур қуриган дарахт атрофида бирмунча тартиб ўрнатилди. Жумладан, имом-хатиблар жалб этилиб, келган зиёратчиларга у қадимий қуриган дарахт экани, кимда-ким ундан бирор нарса сўраса, айланса ширк бўлиши ҳақида маълумотлар бериб турибдилар.

Аммо ушбу дарахтдан мадад сўраш ягона ҳодиса эмас, юртдошларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги  дарахтдан, Тошкент вилоятидаги Кумушкон санаторияси тепасидаги садақайрағочдан, Самарқанд вилоятининг Чўнқаймиш қишлоғидаги чинор дарахтидан ҳам ҳожат сўрашдек ширк амалларни одат қилганлар.

Баъзи кишиларнинг ҳамма нарсага етган ақллари нега шунга қолганда оқсайди ҳайрон қолади одам: тагини юмшатиб сув қўйсангиз, ўсадиган; касалланса, дори сепсангиз тузаладиган; сув қўймасангиз қуриб қоладиган ёхуд сизнинг қаровингизга муҳтож бир дарахт сизга бойликни қаердан олиб келади. Ундан фарзанд сўраш-ку ақлга сиғмайдиган даражадаги таажжубли ҳолат.

Мусулмон одам нимаики ҳожати бўлса, барчасини фақат ва фақат Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бандани асровчи ҳам, унга бойлик, фарзанд неъмати ва бошқа

нарсаларни берувчи ҳам фақат Ҳақ таолонинг Ўзидир!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Бошқалар билан бўлишиш бахти

09.04.2025   937   1 min.
Бошқалар билан бўлишиш бахти

Бир қишлоқда Иброҳим исмли болакай онаси билан яшарди. Уларнинг яшаш шароити унча яхши эмасди. Шунга қарамасдан унинг онаси ҳар куни эшиклари ёнига бошқалар олиб ейиши учун егулик қўярди.


Бир куни Иброҳим: “Онажон, сиз нега бошқалар учун ҳар доим эшигимиз ёнига егулик қўясиз? Ахир ўзимиз ҳам ночор яшаяпмиз-ку?” деб сўради. Шунда онаси табассум билан: “Ўғлим, қачонки биз Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиб, озига қаноатлансак, борини бошқалар билан баҳам кўрсак, шунда Аллоҳ у неъматларни кўпайтириб беради”, деди. Иброҳим онасининг бу гапларига унчалик ҳам тушунмади. Қандай қилиб уйдаги нарсани иккига бўлиб кўпайтириш мумкинлигига ақли етмади.


Бир оқшомда ўрта ёшлардаги киши келиб уларнинг эшигини қоқди.  “Ҳар куни сизларнинг эшигингиз олдида егулик кўриб, олиб ердим. Аллоҳ сизларнинг топганларингизга барака берсин, дея дуо қилардим. Ўзим олдин тижоратчи бўлганман. Ҳозир озроқ даромад топдим. Шуни сизларга берсам”, деди. Иброҳим у пул билан ўқиб, илм олди.


Йиллар ўтиб Иброҳим жуда катта олим бўлди. У бошқаларга ҳам илм берар экан, онасининг гапларини эслаб: “Ҳар доим имкон даражасида яхшилик қилишдан тўхтамаслик керак экан. Қийматидан қатъий назар, бор нарсангизни бошқалар билан бўлишиш бахт экан”, дейди. Зеро, “Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради” (Оли Имрон сураси, 134-оят).


Акбаршоҳ Расулов

Ибратли ҳикоялар