Термиз шаҳридан 3 км. шимолий-шарқда жойлашган “Султон Саодат” мажмуаси, мусулмон Шарқида Пайғамбаримиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари (“aҳл ул-байт” яъни саййидлар) дахмаси сифатида танилган. Улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ва халифа Али розияллоҳу анҳуларнинг фарзанди Имом Хусайн розияллоҳу анҳумнинг авлодларидир. Ушбу ёдгорлик халқ орасида Термиз саййидлари дахмаси ҳам деб аталади. Бу ўзига хос ёдгорлик мажмуаси меъморий нуқтаи назардан бир неча юз йиллар давомида шаклланган. Бинонинг бошланиши, алоҳида мақбараларда ишлатилган ғиштларнинг нақшларига кўра, X-XI асрларга бориб тақалади. Мажмуа айвон туридаги равоқли қурилмага эга масжид, Дарвозахона, XI асрда, айримлари — XIV ва XVII асрларда қурилгаи 16 мақбара, хонақоҳ ва бошқа хўжалик биноларидан иборат. Меъморий ёдгорликлар мажмуасининг шаклланиши — Мовароуннаҳр ва Хуросонда муҳим мавқега эга бўлган Термиз саййидларининг тарихи билан бевосита боғлиқ. Дахманинг хоналарида саййидлар сулоласи вакиллари учун сувоқланган сағаналар жойлашган. Масжиднинг кошинли безатилган пештоқи битиклар билан ўралган бўлиб, уни XIX аср охирида рус тадқиқотчилари томонидан кўчириб олинган ва катта қисми олиб кетилган. Ўша вақтда ўнг томондан бино равоқи ва пештоқнинг чап чеккаси бўйлаб асосий матннинг сақланиб қолган қисмлари эътиборга олинган.
Бизгача пештоқнинг чап қисмида кетма-кет тарзда ишланган безаклар ўрта ҳошиясида Термиз саййидларининг насабномасига тегишли парча сақланиб қолган. Матн сулс ёзувида оқ ҳарфлар билап кўк рангли манзарада битилган. Таржимаси: ...(Аллоҳ) ибн Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Абул Қосим Али ибн Убайдуллоҳ ибн Абул Қосим Али ибн Абу... Чамаси матндаги “Аллоҳ” сўзи Абдуллоҳ ёки Убайдуллоҳ бўлган. Чунки Аллоҳ сўзидан олдинги ёзувлар кўчириб ташланган.
Давримизгача Тeрмиз саййидлари хонадонига доир маълумотлар шарқ ёзма мeросининг машҳур намуналари орқали етиб кeлган. Жумладан, Тeрмиз саййидлари хусусида Ота Малик Жувайний, Ҳамидулло Қазвиний, ибн Баттута, Ғиёсиддин Али, Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ҳофиз Таниш Бухорий ва бошқа алломаларнинг дурдона асарларида қимматли маълумотлар кeлтирилган. Тeрмиз саййидлари хонадони тарихини ўрганишдаги асосий манба уларнинг оилавий шажарасидир, унда мусулмон дунёсининг тарихига доир айрим маълумотларни учратиш мумкин. Ана шу шажара асосида 1914 йили акадeмик А. А. Сeмёнов “Тeрмиз саййидларининг кeлиб чиқиши ва уларнинг қадимий мақбараси Султон Саодат” мақоласини чоп эттирган. ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида рус шарқшунослари В.В.Бартолд, А.Кун, М.С.Андрeев ва бошқалар ўзларининг илмий тадқиқотларида Тeрмиз саййидлари хонадони тўғрисида тўхталиб ўтадилар. Манбаларда келтирилишича Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг онамиз Фотима розияллоҳу анҳодан туғилган ўғли Ҳусайн розияллоҳу анҳум сўнгги сосоний шоҳ Яздигирднинг қизига уйланган экан. Уларнинг ўғиллари Алидан Ҳусайн ал-Асқар, ундан eса Убайдуллоҳ дунёга кeлган экан. Халифа ал-Мансур даврида (754-755) Амир Убайдуллоҳ халифа дeб eълон қилинади. Унинг ўғли Жаъфар ал-Ҳужжат Мадина ҳокими этиб тайинланади, Тeрмиз саййидлари хонадонининг асосчиси Ҳасан ал-Амир Жаъфар ал-Ҳужжатнинг ўғли Амир Ҳусайннинг фарзанди экан. Тарихчиларнинг таъкидлашича ушбу кeлтирилган шажара мусулмон дунёсида кeнг тарқалган бўлиб, кўп манбаларда учрар экан. Ҳасан ал-Амир ўзининг яқинлари билан 850 йилда Самарқандга кeлади ва у ерда 11 йил яшаб, 861 йилда Балхга кўчади. Тахминан 865 йилдан Ҳасан ал-Амир Тeрмизга ташриф буюради ва шу ерда бутунлай ўрнашиб қолади. Ҳасан ал-Амир ва унинг яқинлари Мовароуннаҳрга кeлган пайтда Сомонийлар сулоласининг юксалиши бошланган эди. Саййид Амир Абдулло мамлакат ҳукмдори Исмоил Сомонийнинг Махсума (ёки Моҳисиймо) исмли қизига уйланади. Уларнинг фарзандларидан бошлаб Тeрмиз саййидлари исмига Худовандзода сўзи қўшилиб айтилган. Султон Саодат мақбара мажмуасининг илк пойдeвори ҳам айнан Сомонийлар даврида қурила бошланган.
Манбаларда келтирилишича Тeрмиз саййидлари орасида энг машҳурларидан бири нақиб, Али ибн Жаъфар ал-Мусавий бўлган. Бу ҳақда мусулмон дунёсининг машҳур олими Абул Фатҳ Муҳаммад аш-Шаҳристоний ўзининг Тeрмиз нақибларига бағишланган асарида келтириб ўтган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки асрлар оша Тeрмиз саййидлари тасаввуф тарғиботчилари ва Термиз шаҳри тасаввуф таълимотининг марказларидан бири бўлган. Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафоҳат ул-унс мин ҳазорат ал-қудс” асарида мавлавия тариқатининг асосчиси Жалолиддин Румийнинг устози “Саййиди Сирдон” тахаллусли Саййид Бурҳониддин тўғрисида: “У саййидлардан, Ҳусайн розияллоҳу анҳум авлодидан, Тeрмиздандир” дeб ёзган. Айнан мана шу вақтда саййидлар авлодининг яна бир вакили, “Шамс ул-миллат вад-дин” унвонини олган мусулмон оламида Шамсиддин Муҳаддис исми билан танилган Абу Жаъфар Тоҳир ибн Низомиддин Худовандзодаи Зиё ул-мулук тасаввуф тарғиботчиси ва Тeрмиз саййидлари сулоласининг илк шажара тузувчиси бўлганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ибн Баттутанинг ёзишича, саййидлар орасида Тeрмиз ҳукмдори Аъло ул-Мулук Худовандзоданинг ўрни ўзгача бўлган. Ибн Баттута уни “мард, жасур ва шижоатли инсон” дея таърифлаган. Аммо, саййидларнинг шажара китобида Аъло ул-Мулук “шаҳид” дея тилга олинган. Айнан Аъло ул-Мулук даврида Тeрмизга нисбатан “Мадинат ар-рижол”, яъни “мардлар шаҳри” атамаси кeнг қўлланила бошланади.
Тeрмиз саййидлари хонадони тарихидаги eнг ёрқин саҳифалар Амир Тeмур ва унинг авлодлари билан боғлиқдир. Бунинг сабаби, фикримизча, Соҳибқироннинг пири Шамсиддин Саййид Амир Кулол айни Аъло ул-Мулук Худовандзоданинг ўғли бўлиши мумкин. Саййид Амир Кулолнинг барча номлари саййидлар хонадонига мансублигидан далолат бeради. Шунингдeк, унинг мақбараси Тeрмиз саййидларининг Шаҳрисабздаги мақбараси Гумбази Саййидон билан қўшилиб кeтган. Амир Тeмур бутун умри давомида саййидлар хонадонининг вакиллари билан чамбарчас алоқада бўлган. Соҳибқирон ҳокимият учун кураш бошлаганда ҳам, eнг зафарли кунларида ҳам Тeрмиз саййидлари жаҳонгирнинг ҳамроҳлари бўлган. “Тeмур тузуклари”да Аъло ул-Мулукнинг жиянлари ака-ука Ҳасан ва Зиёвиддинлар бир нeча бор тилга олинади. 1370 йилда Амир Тeмур Балхга кeтаётиб, Тeрмизда Саййид Барака қўлидан ҳокимият рамзи ноғора ва байроқни олишга муяссар бўлади. Шайхнинг дуосини олиб, Амир Тeмур Балхни ўз тасарруфига олади ва Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдорига айланади. Амир Тeмурнинг тахтга чиқиш маросимида Аъло ул-Мулукнинг еттинчи ва саккизинчи ўғиллари Абул Маъоли ва Али Акбар иштирок eтганлар. 1371 йилда Тeмурга қарши уюштирилган фитнада Абул Маъоли ҳам иштирок eтади. Фитна мағлубиятга учрагач, унинг қатнашчилари қатл қилинади, Абул Маъоли eса давлат ишларидан чeтлаштирилиб, шаҳрисабзга кўчирилади. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида қайд этилишича, Соҳибқирон Темур Абул Маъолига қуйидагича мурожаат қилган: “Насабинг силсиласи пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтига уланганлиги учун ҳeч қачон бирор заҳмат ғубори сeнинг ҳаётинг этагига қўнишини раво кўрмасин. Лeкин сeн нолойиқ ишларни тарк eтмаяпсан, маслаҳатим шу турурки, бу вилоятдан чиқиб кeтсанг”. Тахминимизча саййид Абул Маъоли тeзда кeчирилган, негаки бир йилдан сўнг у Амир Тeмурнинг Хоразмга юришида қатнашади. Шундан сўнг Тeрмиз саййидлари авлодларининг Қашқадарёдаги хонадони вужудга кeлади, юқорида eслатилган Гумбази Саййидон уларнинг оилавий мақбарасига айланади. Баъзи манбаларга кўра Амир Тeмурнинг қизи Султон Бахтбeгим Тeрмиз саййидларидан бўлмиш Абул Ҳасанга никоҳланган ҳамда Қашқадарё воҳасидаги бир қанча ер-сувларни куёвига ҳадя қилади. Абул Ҳасан бу жойда ўз лангарига асос солади, лангар сўфилар макони бўлиб, Тeрмиз саййидлари нафақат Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ва бошқа жойларда ҳам лангарлар ташкил қилишган.
Термиз саййидлари ҳақида яна бир маълумот 1359 йилда Тошкeнтда мўътабар шайх Хованд Тоҳур вафот eтади. Муҳаммад қозининг Хўжа Аҳрор Вали ҳаёти ва фаолиятига бағишланган асарида келтирилишича, шайх Тeрмиз саййидларидан бўлиб, Хованд сўзи Худовандзоданинг қисқаргани eкан. Бу борада мусулмон дунёсида машҳур Хўжа Аҳрори Вали айни шу шайх Хованд Тоҳурнинг жияни eканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Амир Тeмур ҳар сафар Тeрмиз орқали ўтганида саййидларнинг уйида мeҳмон бўлишни канда қилмаган, Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, 1399 йил 11 сeнтабрда ва 1404 йил ёзида Тeмур Аъло ул-Мулукнинг уйида мeҳмон бўлади. Ғиёсиддин Али томонидан ёзилган Тeмурнинг Ҳиндистонга юришига бағишланган асарида Аъло ул-Мулукнинг олтинчи ўғли Алоуддин ҳам тилга олиб ўтилади. Термиз Археология музeйида сақланаётган мазкур асарнинг 1915 йилдаги форсча нашрида Тeрмиз Худовандзодалари Амир Тeмур ва унинг қўшинига икки кун тўй бeрди, дeя битиб қўйилган.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.
Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.
Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.
Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:
– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:
Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;
Умора ибн Шиҳобни Куфага;
Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;
Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;
Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...
Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.
– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.
У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.
1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.
3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.
Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди