Аллоҳ таоло бизнинг бахтиёр, қулай яшашимиз учун тайёрлаб, жиҳозлаб берган бу сайёрани ифлослантирмаслигимиз, унда бузғунчилик қилмаслигимиз ёки унга нисбатан ёмон муомалада бўлмаслигимиз лозим. Акс ҳолда ердаги бузғунчилик, табиатни асрамаслик даҳшатли фалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб турибмиз. Масалан, сувларнинг ифлосланиши, ҳароратнинг кўтарилиши, атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши ва ҳоказо. Олдинлари бу каби нохуш олатлар кузатилмаган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفاً وَطَمَعاً إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ
“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Аллоҳ таоло Ерни биз бандалари учун яшашга яроқли қилиб қўйди. Ер илк яратилаётган пайтда яшашга яроқли эмасди. Балки у газсимон ҳолда эди. Кейин Роббимиз Ерни яратиб, унинг ҳавосини мусаффо, сувларини чучук, тоғларини қозиқ, босимларини инсон танасига мослаб қўйди.
Тадқиқотчи Франциска де Шател шундай дейди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам табиатни муҳофаза қилиш фанининг етакчиларидандир. Чунки биз у кишининг ҳадисларига яхшилаб эътибор берсак, бу соҳага оид тадбирлар ҳақида сўз юритилганини, у зот табиатни асрашга қаттиқ чорлаганларини кўрамиз. Балки у киши ўз замонида эгологияни асраб-авайлашда пешқадам бўлганлар. Ҳа, у зот табиатни асраш, уни тўғри тарзда ривожлантириш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида етакчи, инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилувчилардан эдилар. У зот инсон ҳаётини табиат билан уйғун шаклда тартибга солиш бўйича ажойиб кўрсатмаларни тақдим этганлар”.
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайиҳи васаллам бизга йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақанинг бир тури эканлигини таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Йўлдан азият берувчи нарсанинг олиб ташлашинг ҳам садақадир”.
Айтиш мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган давр инсоният ақлини қамраган жоҳилият замони эди. Одамлар ҳайвонларга қийматсиз, ҳис-туйғусиз махлуқлар деб қарашарди. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни ўша ҳайвонларга эътиборли бўлишга чақирдилар, шунга буюрдилар. Ҳатто мушукларни яхши кўрадиган, уларга меҳр кўрсатадиган саҳобанинг бу ишини қўллаб, тақдирлаб, уни “Абу Ҳурайра” (мушук отаси) деб номлаганлар. Шунинг учун ҳам бу Пайғамбар бутун оламларга раҳмат бўлишга ҳақлидирлар:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ
“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).
Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин ўсимликлар зикр қилиниб, “карамли” дея васф этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
أَوَلَمْ يَرَوْا إِلَى الْأَرْضِ كَمْ أَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
“Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз” (Шуаро сураси, 7-оят).
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:
وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
“Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик”. (Оятда “ўсимликларни ўстириб қўйдик”, дейилмасдан, “карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик”, деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.) (Луқмон сураси, 10-оят).
Яна тадқиқотчининг фикрларига эътибор қаратайлик: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам атроф-муҳитга, хусусан, ерга кўп аҳамият қаратардилар. Тупроқни покловчи деб эълон қилган эдилар. Дарҳақиқат, бугун олимлар тупроқ таркибида зарарли бактерияларни ўлдирадиган моддалар борлигини таъкидлашмоқда”.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадисда: “Мен учун ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди” деганлар. Бу ҳадисда тупроқнинг поклигига, уни муҳофаза қилиш зарурлигига ажойиб тарзда ишора қилинмоқда. Чунки мўмин-мусулмон одам тупроқ устида намоз ўқийди. Шу боис уни ифлос қилмаслик лозимдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйини ерга ётқизиб, оёғини унинг юзига қўйиб олиб, пичоғини ўткирлаётган кишини бу ишдан қайтариб, шундай деганлар: “Шу ишни олдин қилсанг бўлмайдими? Уни икки марта ўлдиришни хоҳлайсанми?!” Табароний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган. Мана шундай меҳрибон Пайғамбар эҳтиром қилишга ҳақли эмасмилар?
Яна бир ҳадисда у зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсада яхшилик қилишни ёзган. Агар (ҳайвонни) ўлдирмоқчи бўлсангиз, яхшилаб ўлдиринглар. Агар (ҳайвонни) сўймоқчи бўлсангиз, яхшилаб сўйинглар. Сизлардан бирингиз тиғини ўткирлаб олсин, сўяётган ҳайвонини роҳатлантирсин!” Муслим ривояти.
У зот алайҳиссалом таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бирини сувни исроф қилишдан қайтариб шундай деганлар: “Агар оқиб турган дарё лабида бўлсанг ҳам (сувни исроф қилма!)” Имом Аҳмад ривоятлари. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишда умматларини исрофдан қайтариб, хусусан, сувни исроф қилмасликни кўп таъкидлаганлар. Бугунги кундаги сувнинг озлиги, қурғоқчилик каби фалокатларнинг сабаби сувни исроф қилинганидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُم مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ
“Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар”. (Ояти каримада ердаги ва осмондаги жонзотлар ҳам, инсонлар каби, умматлар экани таъкидланмоқда. Яъни, уларнинг ҳаётларида ҳам тирикчилик, оила, туғиш, кўпайиш сингари инсонларга хос ишларда ўхшаш жиҳатлар бор. Уларни ким бундай қилиб яратди? Уламолар мисол қилиб кўпинча асалари ва чумолини келтирадилар. Мутахассисларнинг фикри билан танишган одам бу икки умматнинг жамоа ҳаёти Аллоҳнинг қудратидан эканлигига тан бермай иложи йўқ.) (Анъом сураси, 38-оят).
Мана шу оятда айтилганидек, ҳар бир инсон ҳайвонларни алоҳида уммат эканини ҳис қилса, уларга ёмон муомала қилмайдиган, балки меҳр кўрсатадиган бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Бирортангиз оқмай турадиган, кейинчалик унда ғусл қиладиган сувга зинҳор бавл қилмасин”. Бухорий ривоят қилган.
Мана шундай ажойиб тавсиядан кейин бу улуғ Пайғамбар атроф-муҳит муҳофазасида еткачи бўлишга ҳақли эмасмилар?!
“Бир хотин урғочи мушукни очликда сақлаб ўлдиргани учун дўзахга тушди. Худо билсин, бу мушукни қамаб қўйганингда на таом ва на сув бермадинг ёки ердаги ҳашаротлардан тутиб емоғи учун ўз ҳолига қўймадинг, деб азобланса керак”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисда мушук мисолида ҳайвонларга озор бермаслик, уларни қийнамаслик, уларнинг ўлимига сабаб бўлмаслик, уларга меҳрибон бўлиш кераклиги, уларга озор бериб, ўлимига сабаб бўлган инсон дўзахда азобланиши таъкидланяпти.
Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ ташна бўлди. Йўлида бир қудуқ кўриниб қолди-да, унинг ичига тушиб сувидан ичди. Қудуқдан қайтиб чиққан вақтида бир ит ташналигидан ҳансираб, ҳўл тупроқ ялаётганини кўрди. Бу бечора ҳам менга ўхшаб чанқабди, деб ўйлади ва қайта қудуққа тушиб, маҳсисига сувдан тўлдириб чиқиб итга ичирди. У кишининг қилган иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳини кечди”, дедилар. Шунда саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга қилган яхшилигимиз учун ҳам бизларга савоб бўладими?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, ҳар бир жонлида шундай ажр бор”, деб жавоб бердилар” Имом Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадисда эса ҳайвонларга раҳм-шафқатли бўлиш охиратда мағфират қилинишга сабаб бўлиши айтилмоқда.
Қуръони каримда барча махлуқотлар Аллоҳга тасбеҳ, ҳамд айтишининг хабари берилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً
“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).
Ҳа, барча махлуқотлар Аллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтади. Шунинг учун Аллоҳ таолони зикр қиладиган умматни ўлдирмаслигимиз, балки уларнинг риоясини қилишимиз лозим бўлади.
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси