Хабарингиз бор, 18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги “Кўкча Дарвоза”, “Фузулий” ва “Омон Мухторов” кўчаларида жойлашган олтита хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Жами 380 кв.метр майдонда уйларнинг том қисмилари ва ички жиҳозлари бутунлай ёниб кетган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан хонадон соҳибларига моддий ёрдам маблағлари етказиб берилган эди. Шундан сўнг, отинойилар ҳам талофат етган хонадонларга ўз имконлари қадар ёрдам кўрсатишни мақсад қилдилар.
“Мусибатдан хабардор бўлган ҳудуддаги саҳоватли кишилар жабр кўрган хонадон эгаларига ёрдамларини аямаяптилар. Бизчи? Ахир биз отинойилар ҳам бир четда қараб туришимиз керак эмас. Зеро мўминалар бир-бирларига айнан мусибат онларида суянч бўлишлари, қўлларидан келган ёрдамларини беришлари динимиз кўрсатмасидир.
Шунинг учун туман бош отинойиларига биз ҳам ёнғиндан азият кўрган хонадонларга имконимиз борича ёрдам беришимиз кераклигини айтдик. Ташаббусни қўллаб-қувватлаган отинойилар бир зумда ўзлари ва савоби улуғ амалга ҳиссаларини қўшиш истагида бўлган кўплаб саҳоватли аёлларнинг ёрдамларини олиб келишди. Ҳамма топганини келтирди. Кимдир нақд пул, кимдир, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимдир зарурий хўжалик анжомлари, кўрпа-тўшак ва бошқаларни эҳсон қилди. Йиғилган жами 5.500.00 миқдордаги хайрияларимизни “Оқлон” маҳалласидаги ёнғин содир бўлган хонадонларга кўмак бериш мақсадида тузилган махсус штаб раисига кўпчилик гувоҳлигида топширдик”, дейди Тошкент шаҳар бош отинойиси Дилбар Отабоева.
Бундан ташқари, Шайхонтоҳур тумани бош отинойиси Феруза Сулаймонова бошлиқ отинойилар хонадонлар аҳлидан мунтазам хабар олиб, кўнгил сўраб туришибди.
Албатта, отинойиларнинг аёл бошлари билан кўрсатаётган бу каби хайриялари, мурувват тадбирлари таҳсинга лойиқдир. Биз бу билан яхшиликни мақташ ёки кўз-кўз қилиш ниятидан йироқмиз. Амаллардаги риёдан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақласин. Фақатгина ибрат учун, бошқаларни ҳам эзгу амалларга далолат қилиш учун етказдик холос.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Наманган вилоятида фаолият юритаётган имом-ноиблар учун йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, маҳаллаларда фуқаролар билан мунтазам ишлашлик ва ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, айниқса, ижтимоий тармоқлар имкониятидан оқилона фойдаланиш, унда айрим динни ниқоб қилиб олган кимсалар томонидан тарғиб этилаётган мазҳабсизлик, радикализм ва бошқа экстремистик ғоялардан ўзимизни ва фарзандларимизни ҳимоялаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳада эҳтиёжларини қондириш учун доимо изланиб, хизмат қилишларига алоҳида ўрғу берилди.
Учрашув мобайнида Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Олимжон Жўраев тўғри йўлдан адашганлар қисматини ўз ҳаётий мисоллари ва ёшларда ёт ғояларга қарши иммунитетини шакиллантиришнинг муҳим жиҳатлари ҳақида таъсирли суҳбат қилиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати