Шу йилнинг март ойида 16 гектар ер майдон ва бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Вақф" фондига беғараз берилгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу ҳудудда қисқа муддат ичида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи барпо этилди.
15 апрель куни нон цехи ўз фаолиятини бошлади ва дастлабки нон маҳсулотлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг дуои хайрлари ила халқимизга тортиқ қилинди.
Шубҳасиз, нон — халқимиз учун энг азиз ва лазиз неъмат. Дастурхонимиз тўкислиги ҳам, рўзғоримиз файзу баракаси ҳам унинг сероблиги билан ўлчанади. Уйга меҳмон келса, албатта, нон ушатилади. Содда қилиб айтганда, нон одамларнинг кайфиятига таъсир қиладиган энг муҳим маҳсулотлар сирасига киради, – дейди Фонд раҳбари Искандар Халилов. Фонд раҳбари ушбу цехнинг дастлабки хуштаъм нон маҳсулотлари, олий мақсадга мос равишда хайрия тариқасида ишчи-хизматчиларга, миришкор деҳқонларга ва узоқ-яқиндан келган меҳмонларга хайрия тариқасида тарқатилганини билдирди.
Мутахассис Луқмон Аблақуловнинг айтишича, цехда тўққиз турдаги нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, улар дўконлар орқали сотилади ҳамда тушган фойда ҳисобидан меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига хайрия тариқасида ҳам улашилади. Шунингдек, ноннинг таркибида инсон учун ниҳоятда зарур ва фойдали бўлган 30-35 фоиз оқсил, 60-70 фоиз углевод, турли витаминлар, минерал тузлар, шунингдек, темир, кальций, фосфор ва бошқа моддалар борлигини мутахассис ўз сўзида изоҳлаб берди.













"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати