Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

19.04.2019 й. Намоз - мўминнинг меърожи

12.04.2019   10842   12 min.
19.04.2019 й. Намоз - мўминнинг меърожи

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على محمد الأمين وآله وصحبه أجمعين  وبعد

Намоз - мўминнинг меърожи

Муҳтарам жамоат! Бугунги суҳбатимиз Ислом шариатининг беш устунидан бири бўлган намоз ҳамда унинг дунё ва охиратимиз учун аҳамияти ҳақида бўлади. Маълумки, фарз намозлар мусулмон одамнинг меърожидир. У билан киши ўз Парвардигори билан мулоқот қилади. Намознинг қадри қанчалар улуғ, аҳамияти нақадар буюк эканини Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва фиқҳ китобларининг энг катта қисми айнан намоз ҳақида сўз юритилишидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда 67 марта “намоз” сўзини англатувчи араб тилидаги “ас-солат” сўзини зикр қилиб ўтган ва унга буюрган. Жумладан Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

أَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

 (سورة النور/ الآية 56)

яъни: (Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).

Қиёматда энг биринчи сўраладиган амал намозлар ҳақида бўлади. Чунки намоз – Ислом динининг устинидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"بُنِيَ الإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللَّهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ"

(رَوَاهُ  الإمامُ الْبُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ)

яъни: “Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимаси, намозни адо этиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ислом шариатида буюрилган беш маҳал фарз намозларини ўз вақтида ўқилиши лозим. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

яъни: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур” (Анкабут сураси, 45-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай деган:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

(سورة البقرة / الآية 238)

яъни: (Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда турингиз!” (Бақара сураси, 238-оят).

Намозни муҳофаза қилиш – бу доимо ўз вақтида адо этиш деганидир. “Ўрта намоз” ҳақида турли фикрлар бор. Кўпчилик уламолар “ўрта намоздан мурод – Аср намози”, – деганлар. Намоз – Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида “Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг” дейилмоқда.

Аллоҳ таоло:

فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَوْقُوتًا

(سورة النساء / الآية 103)

яъни: Намозни (мукаммал) адо этингиз. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир”, – деган (Нисо сураси, 103-оят).

Яъни, намозни муайян вақтларда ўқиш – фарз бўлиб, ўша вақтларидан кечиктириш мумкин эмас.

Муҳтарам жамоат! Барча солиҳ амалларнинг аввали – намоздир. Шу боис намозни ҳар қандай ҳолатда тўкис адо этиш – ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бетоб ётган Имрон ибн Ҳусайнни зиёратига борганларида намозга маҳкам бўлишга буюриб:

"صَلِّ قَائِمًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَقَاعِدًا، فَإِنْ لَمْ تَسْتَطِعْ فَعَلَى جَنْبٍ"

(رواه الإمامُ البخاري)

яъни: “Намозни тик турган ҳолда адо этинг. Агар туриб ўқишга қувватингиз етмаса, ўтириб ўқинг. Агар ўтириб ўқишга ҳам мадорингиз бўлмаса, у ҳолда ёнбошлаб ўқинг – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:  

"قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: افْتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ حَافَظَ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ ، وَمَنْ لَمْ يُحَافِظْ عَلَيْهِنَّ فَلَا عَهْدَ لَهُ عِنْدِي"

(رواه الإمامُ ابن ماجة).

яъни: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен сизнинг умматингизга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб, ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди”, деб айтганлар (Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Банда тириклигида бажарган ҳар бир амали Қиёмат куни бирма-бир ҳисоб қилинади. Намозни вақтида адо этган бўлса, охиратда ютуққа эришади, дўзахдан халос бўлиб, жаннатга киради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

"إِنَّ أَوَّلَ مَا يُحَاسَبُ بِهِ الْعَبْدُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عَمَلِهِ صَلاَتُهُ فَإِنْ صَلُحَتْ فَقَدْ أَفْلَحَ وَأَنْجَحَ وَإِنْ فَسَدَتْ فَقَدْ خَابَ وَخَسِرَ"...

(رَوَاهُ الإمامُ الدَّارِمِيُّ وَالإمامُ أَحْمَدُ)

яъни: “Қиёмат куни банда амаллари ичидан энг биринчи ҳисоб қилинадигани унинг намозидир. Агар (намози) тўғри (адо этилган) бўлса, аниқ ютуққа эришибди, нажот топибди. Агар (намози) фосид бўлса, шубҳасиз, ноумид бўлибди, ютқазибди ...” (Имом Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари).

Фарз намозларни рисоладагидек ўқиган одамнинг гуноҳлари кечирилади, дилидаги ғуборлар ювилади, руҳий ҳолати яхшиланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

" أَرَأَيْتُمْ لَوْ أَنَّ نَهَرًا بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ فِيهِ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسًا مَا تَقُولُ ذَلِكَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ قَالُوا: لاَ يُبْقِي مِنْ دَرَنِهِ شَيْئًا قَالَ: فَذَلِكَ مِثْلُ الصَّلَوَاتِ الْخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِ الْخَطَايَا "

(رَوَاهُ الإمامُ الْبُخَارِيُّ وَالإمامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Биронтангиз эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса, у ўша ариқда бир кунда беш маҳал чўмилса, ун(инг танаси)да кир қоладими?” – деб сўрадилар. Шунда саҳобалар: “Йўқ, ҳеч қандай кири қолмайди”, дейишди. У зот: “Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди. Аллоҳ у билан гуноҳларни кетказади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Намоз – мўмин кишининг бу дунёдаги сармоясидир. Шундай экан, ҳар биримиз оила аъзоларимиз ва яқинларимизни ушбу улкан ибодатни ўз вақтида адо этишларига тарғиб қилиб, бунда ўзимиз намуна бўлайлик. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقًا نَحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى

(سورة طه/الآية 132)

яъни: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят).

Айниқса, ҳар биримиз имкон қадар намозларимизни масжидларда жамоат билан адо этишга одатлансак, нур устига аъло нур бўлади. Бу ҳақда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

" صَلَاةُ اَلْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ اَلْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً "

(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

яъни: “Жамоат намози ёлғиз (ўқиган)нинг намозидан йигирма етти даража афзалдир” (Муттафақун алайҳ).

Уламои киромларимиз барча савобли ишларда бўлгани каби, бу борада ҳам бизга гўзал намуна бўлганлар. Намозларни жамоат билан адо этишга, айниқса, унда биринчи такбирга етишиб, улкан ажрларга эришишга одатланганлар.

Тобеинларнинг саййиди Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ: “Эллик йилдирки жамоат намозидаги биринчи такбирни ўтказиб юбормадим”, – деганлар (“Ҳилятул авлиё”).

Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ саҳобалар ва тобеинларнинг жамоат намозидаги биринчи такбирга ҳарис эканларини кўп эслаб, кишиларни улардан ўрнак олишга ундар эди. Кўпинча: “Ким жамоат намозидаги биринчи такбирга етишмаса, унинг хайрли иши ривож топмайди”, – дер эди. Бир куни устози Сулаймон ибн Меҳрон Аъмаш ҳақида сўзлаб шундай деган: “Аъмаш етмиш йилдирки жамоат намозидаги биринчи такбирни ўтказиб юбормаган эди. Мен у билан икки йил бирга бўлдим ва бирор марта жамоатга кеч қолиб, бирор ракат қазо қилганини кўрмадим” (“Тарихи Бағдод”).

Тобеинлардан яна бири Ибн Жабр раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобалардан бири намозни жамоат билан ўқигану, биринчи такбирга етиб кела олмаган ўғлига насиҳат қилиб, шундай деган эди: “Жамоат намозида биринчи такбирни ўтказиб юбормаганингда эди, юзта “қора кўз” (зотдор) туядан яхши бўлар эди” (“Мусаннаф”).

Хулоса қилиб айтганда, мусулмон кишининг имонини озиқлантириб, куч бериб, янгилаб турадиган нарса – намоздир.

илова: Шаъбон ойи ва ундаги “Бароат” кечасининг фазилати

Шаъбон ойи Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўриш мавсуми бўлиб, фазилатларга бой бўлган қамарий ой ҳисобланади. Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойда кўп рўза тутар эдилар. У Зотдан бунинг сабаби сўралганида: “Бу (Шаъбон) шундай ойки, унда амаллар Парвардигорга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, – деб жавоб берганлар (Имом Насоий ривояти).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб фазилатларга эга экани борасида кўплаб ривоятлар бор. Жумладан Оиша онамиз разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калб (қабиласи)нинг қўйлари жуни ададидан кўпроқ кишини мағфират қилади”, деганлар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Шунинг учун барча фуқаҳоларимиз Бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб дейишган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, баъзилар томонидан Бароат кечасида юз ракатли намоз ўқишлиши, унда “Ихлос” сурасини муайян ададда ўқилиши кераклиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз эканини уламоларимиз таъкидлашган. Жумладан, Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бу мавзуга тўхталиб шундай деганлар:

“Билгинки, Шаъбон ойининг ярмида юз ракатли намозни ҳар бир ракатида “Ихлос” сурасини ўн мартадан ўқиб, адо этилиши, унинг фазилати кўп экани борасидаги ривоятлар мавзу – тўқима ҳадислардир”  (“Мирқотул мафотиҳ”).

Демак, бундан маълум бўладики, Бароат кечаси учун бирор хос ибодат тайин қилинмаган. Кимнинг кучи ва имкони қайси ибодатни адо этишга етса, ўшани амалга ошираверади. Айниқса, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб, зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръони карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ. Шу билан бир қаторда умумий нафл ва қазо намозларини ўқиш, Аллоҳ таолога дуолар қилиб, ҳожатларини сўраши улкан ажрларга сазовор қилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни намозни мукаммал адо этадиган бандалари қаторида айлаб, Ўзи рози бўладиган ишларга муваффақ айласин! Омин!  

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “АМАЛЛАРДА ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.

 

 

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   23169   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар