
Куни кеча, 11 апрель куни Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлаш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси Шариат ишлари бўлими мудири Чуханов Сансибай, мудир ўринбосари Аманқулов Ҳасан, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла иштирок этди.
Мулоқотда қўшни мамлакатлар диний идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ўзининг ижобий самараларини бериб келаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, шаръий эҳтиёжларини қондириш ва уламолар ҳамфикрлилигини йўлга қўйишда бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини аниқлашда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идоралари ҳамкорликда ишлашлари ўзининг жуда яхши натижаларини берди.
Уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2019 йилда Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи куни қайси кунга тўғри келиши мумкинлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни маълум қилдилар. Шунингдек, Шаъбон ойини кузатиб бориш ва Рамазон ойи ҳилолини аниқлаш бўйича келгусида яна бир бор кенгашиб олишга келишилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати