Аввал хабар берганимиздек, муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги уйлари ёниб кетган саккизта хонадонга ташриф буюриб, талофатдан азият чеккан хонадон аҳлларига ҳамдардлик билдирган эдилар.
Ўзаро суҳбат давомида хонадон аҳлларидан бирлари: “Энг ачинарлиси, мен учун бебаҳо бойлик бўлган кўплаб китобларим ҳам ёнғинда ёниб кетди. Уларнинг аксарияти диний китоблар эди”, дея нафсус билан сўзлаб берган эди. Муфтий ҳазратлари йўқотилган китоблар ўрнини тўлдирилишини ўз зиммаларига олиб, албатта етказиб берилишини таъкидлаган эдилар.
Бугун ана шу хонадонларга муфтий ҳазратларининг ваъдалари етказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов саккизта хонадоннинг ҳар бирига Қуръони карим ва ўндан ортиқ, жами юзга яқин диний-маърифий китобларни муфтий ҳазратлари номларидан топширдилар. Бундан ташқари, тез орада диний идора тарафидан моддий ёрдам ҳам кўрсатилишини билдирдилар.
“Аллоҳга шукурки, маҳалла аҳли бугун ҳаммалари бизга ёрдам кўрсатмоқда. Бу борада алҳамдулиллаҳ, кўнглимиз таскин топяти. Фақат мен йўқотган китобларимга ачинаётган эдим, мана бугун улар ҳам қайтиб келди! Муфтий ҳазратлари бизга Қуръони карим ва бошқа кўплаб мўтабар китобларни юборибдилар. Аллоҳ таоло ҳазратимизни Ўз паноҳида асрасин. Бошига синов тушган барча инсонлар номидан у кишига катта миннатдорчиликларимизни билдирамиз”, дейди Фатҳуллоҳ ҳожи ота.
Мўминларнинг бир-бирларини мусибат онларида ёлғизлатиб қўймаслик, дардларига малҳам бўла олишлик бу динимиз ва олийжаноб халқимизнинг гўзал анъаналаридандир. Аллоҳ атолодан мусибат етган хонадон аҳилларига нажот ва баракотлар беришини сўраб қоламиз.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари сафарини, анъанага кўра, Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади.
Қуръон тиловат этилиб, халқимизга, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо қилинди.
Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, муқаддас динимизнинг эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда зиёратчилар учун барча шароит яратилди. Атроф ободонлаштирилиб, мақбарада ҳам катта ҳажмдаги ишлар бажарилди. Замонавий ёритқичлар, иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди. Мажмуада микроиқлим яратиш учун тўрт мингдан ортиқ 40 турдаги кўп йиллик манзарали дарахт, 20 мингдан зиёд мавсумий анвойи гуллар экилган.
Ислом илмларининг тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, ислом фалсафаси, тасаввуф тарихи, тасаввуфий қарашлар каби соҳаларида кўплаб асар ёзган мутафаккир мажмуасини обод сақлаш, зиёратчилар учун қулайликларни кенгайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.