بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى حَثَّ عِبَادَهُ عَلَى التَّحَلِّي بِالآدَابِ، وَوَعَدَهُم عَلَى ذَلِكَ جَزِيلَ الثَّوَابِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي سَيِّدُ أُولِي الْأَلبَابِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ أَمَّا بَعْدُ .
МУСУЛМОН КИШИНИНГ КУНДАЛИК ОДОБЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом дини бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув яшашларига буюрар экан, уларни ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирларига нисбатан ҳурмат бўлишлигини талаб этади. Айни пайтда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган омилларни ҳам таълим беради. Буларни бир сўз билан ижтимоий одоблар, деб номланади. Биз қуйида ана шундай ижтимоий одобларнинг энг муҳимларидан баъзи бирларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
وَالَّذِي نَفْسِيْ بِيَدِهِ، لاَ تَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهْ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ
رواه الامام مسلم
яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз, то бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсиз. Мен сизларга бир нарсани ўргатайми, гар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўласиз?! Ўзаро саломлашиб юришни кенг жорий қилинг!” (Имом Муслим ривояти).
إِذَا كُنْتُمْ ثَلاَثَةً فَلاَ يَتَنَاجَى اِثْنَانِ دُوْنَ الثَّالِثِ مِنْ أَجْلِ أَنَّ ذَلِكَ يُحْزِنُهُ
( رواه الشيخان)
яъни: “Қачон уч киши бўлсангиз, учинчини қўйиб, иккингиз сирлашмангиз. Чунки бу ишингиз уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ: أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لَا يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ ، وَلَا يَبْغِيَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга тавозе бўлинг, токи бирор кимса бирор кимсага мақтанчоқлик қилмасин, бирор кимса бирор кимсага тажовуз қилмасин, дея ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят). Қуйидаги ҳадисда барчага бирдек самимий насиҳатгўй бўлиш – диннинг асоси эканлигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар:
الدِّينُ النَّصِيحَةُ، قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ"
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Дин насиҳатдир” – дедилар. Биз: Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, мусулмонларнинг раҳбарларига ва мусулмон оммасига”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى
яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят). Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида айтадилар:
"انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا"، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ نُصْرَتُهُ مَظْلُومًا، فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟، قَالَ: " تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ، فَذَلِكَ نُصْرَتُكَ إِيَّاهُ"
(رواه الامام البخاري)
яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам беринг”, дедилар. Саҳобалар: Мазлумга қандай ёрдам бериш кераклигини биламиз. Аммо, золимга қандай ёрдам берамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қилишдан тўсасиз ва ана шу унга берган ёрдамингиз бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
"الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ عَلَى دِمَائِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ"
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Ҳақиқий мусулмон киши – унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган киши. Ҳақиқий мўмин эса – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган кишидир” (Имом Термизий ривояти).
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!”. Бошқа бир оятда,
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
яъни: “Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир”, деб марҳамат қилган (Исро сураси, 34-оят).
Муҳтарам азизлар! Юқорида санаб ўтилганлар энг зарур кундалик одоблардан баъзилари бўлиб, буларга риоя қилиш жамиятда тинчлик ва барқарорликни вужудга келишига сабаб бўлса, буларнинг зидди бўлмиш такаббурлик, ёлғончилик, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳамкорлик қилиш (коррупция), омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик каби салбий иллатлар ҳам борки, улар жамиятда парокандалик ва турли хилдаги жиноятларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун динимизда амри маъруф ва наҳйи мункар фарз қилинганки, жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларини доимо яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб туришлари жамиятнинг гуллаб яшнаши, турмушда файз ва бараканинг зиёда бўлишига асосий омил бўлади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш – суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Гоҳида иккинчи сафни масжидни бурчагидан бошлаганларни кўриб қоламиз, бу тўғри эмас. Аслида, иккинчи сафни тўлдириш имомнинг тўғрисидан бошланади ва икки томонни бир хил тўлдириб борилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга мусобақа қилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар” – дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “...Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш – суннатга хилофдир.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баробар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) уласин. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйсин” – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Одамларга озор бериб, уларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтиб, олдинга интилиш мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида бир киши одамларнинг елкасидан хатлаб олдинга ўта бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтир, сен одамларга озор бердинг” – дедилар" (Имом Абу Довуд ривояти).
Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз фаровонлигини бунданда зиёда айласин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби