Шаржа амирлиги Араб тили академияси бош котиби доктор Муҳаммад Сафи Ал Мостеганеми Милан шаҳрида ўтказилаётган Араб тили ва маданияти фестивалида ўз ҳамкасбларига «Араб тилининг тарихий луғати» устида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди, дея хабар қилади islam.ru нашри.
Олимнинг таъкидлашича, китоб Шаржа амирлиги Олий кенгаши аъзоси ва ҳукмдори доктор шайх Султон ибн Муҳаммад ал-Қосимий раҳбарлиги остида тайёрланмоқда.
"WAM" ахборот агентлиги хабарига кўра, араб тили ва маданиятининг тарихий ривожланиши акс этадиган луғатни яратиш устида Араб илмий тили академиялари иттифоқи (Қоҳира, Миср) билан биргаликда 300 нафардан ортиқ араб тадқиқотчилари ва тилшунослари иш олиб боришмоқда. Китобда араб тили ва маданиятининг охирги 17 асрлик тарихи тадқиқотнинг уч босқичлари: эски ёзувлар, араб тилига урғу билан семит тиллари гуруҳи, шунингдек, тилнинг амалий қўлланилишида таърифланади. У исломгача ва ислом даврлари, сепаратчи сулолалар тарихи, Мамлук султонлиги даври ва замонавий тарихдан иборат бешта даврни қамраб олади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Агар мақсад ва орзуларингиз ёзилган кундалигингизни кўрсатсангиз, мен сизга беш йилдан кейин қаерда бўлишингизни ёки нима билан шуғулланишингизни айтиб бера олмайман. Аммо кундалик одатларингизни кўрсатсангиз, беш йилдан кейин қандай инсонга айланишингизни тахмин қила оламан.
Унутманг! Келажак фақат мақсадлар билан қурилмайди. У ҳар куни такрорланадиган кичик одатлар ипидан тўқилади.
Хулоса шуки, агар келажагингизни билмоқчи бўлсангиз, мақсадларингизга эмас, кундалик одатларингизга эътибор беринг.
Ҳар бир инсоннинг ўз мақсадлари бор. Кимдир 10 миллион сўм топишни, кимдир 10 килограмм вазн ташлашни, яна кимдир эса YouTubeда машҳур бўлишни орзу қилади…
Бироқ мақсаднинг ўзи йўлни белгиламайди. Йўлни кундалик одатлар белгилайди. Масалан, 10 килограмм озишни истаган инсон бунга фақат соғлом овқатланиш ва мунтазам машқ қилишни одатга айлантирсагина эриша олади.
Аксарият одамлар эса бир неча кун тартибга амал қиладилар, кейин яна эски одатларига қайтиб кетадилар. Натижада, уларнинг мақсадлари деворга илинган чиройли расмдек қолиб кетади. Чунки мақсад одатга айланмади.
Мақсад қўйиш осон. Аммо одатни шакллантириш сабр, интизом ва меҳнат талаб қилади.
Одат бу – мунтазам такрорланадиган, вақт ўтиши билан инсон табиатининг бир қисмига айланадиган хатти-ҳаракатдир. Шундай даражага етадики, уни деярли ўйламасдан бажарасиз.
Айнан кундалик одатлар одамлар ўртасидаги энг катта фарқни юзага келтиради. Агар одатларингизни яхшиласангиз, мақсадларингизга яқинлашасиз.
Демак, ҳар куни одатларимизни оз бўлса-да, яхшилашга интилишимиз керак. Ана шу кичик, аммо барқарор қадамлар ҳаётимизда катта ўзгаришларни бошлайди.
Биз ҳар куни яхшироқ бўлишни танласак, келажагимиз ҳам шунга яраша гўзал бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир?”, деб сўралди. У зот алайҳиссалом: “Оз бўлса ҳам, давомлиси”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Сизнинг қандай мақсадларингиз бор? Сўнгги кунларда қайси мақсадларингизга эришиш учун ҳаракат қиляпсиз?
Даврон НУРМУҲАММАД