Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Қорақалпоқ элига табаррук ҳадя

01.04.2019   5429   4 min.
Қорақалпоқ элига табаррук ҳадя

Ислом дини қадриятларини кенг ёйиш, диний эҳтиёжларни қондириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта ишлар қилинмоқда. Шундай улуғвор ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида “Қуръони карим маъноларининг таржимаси ва тафсири” китоби қорақалпоқ тилида чоп этилди.
Дарҳақиқат, Қуръон мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китобдир. Қуръони карим маъноларини арабчадан бошқа тилларга таржима қилиш ва ўзга халқларни ҳам Аллоҳ таоло Сўзининг мазмунидан баҳраманд қилиш улуғ савобли ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов тамонидан Қуръон маъноларини арабчадан қорақалпоқ тилига таржима қилиш ва унга изоҳлар ёзишдек улуғ иш адо этилди.
Қуръони карим ўта теран мазмунли китоб эканини назарда тутиб, ушбу таржимани имкон қадар ўқувчига тушунарли қилишга ҳаракат қилинди. Бунинг учун илгари ўтган тафсирчи уламолар изидан бориб, ушбу Улуғ Китобнинг ҳар бир ояти маъносини таржима қилишдан ташқари унга изоҳ ҳам қўшилди. Дастлаб ҳар бир сура олдида ўша суранинг қисқача мазмуни ёзилди, сўнг оятлар таржимаси орасида қавс ичида қисқача изоҳлар ҳам берилди.
Қуръони каримни араб тилида ўқиш ва унинг мазмунини англаш ҳамманинг ҳам имконият даражасида эмас. Ҳатто арабларнинг ўзлари ҳам Қуръон оятларини тўлиқ тушуниш учун алоҳида эътибор қилади. Саҳобаи киромлар ҳам баъзи оятлар мазмуни ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўраб, уларнинг мазмун-моҳиятини аниқлаб олганлари Ислом тарихидан маълум.
“Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси ва биринчи нашри бўлиб, қорақалпоқ халқи учун узоқ кутилган тарихий воқеа бўлди. Шу тариқа қорақалпоқ халқи асрлар оша эътиқод қилиб келган Ислом динининг бирламчи манбаини ўз она тилида ўқишга, маъноларини тафаккур килишга муяссар бўлди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган “Қуръони каримни нашр этиш бўйича ҳайъат” томонидан “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”ни қорақалпоқ тилидаги таржимаси қўлёзмаси атрофлича ўрганиб чиқилиб, ижобий хулоса берилган.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсиддин Баҳоуддинов “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”ни қорақалпоқ тилига таржима қилиш устида етти йил давомида меҳнат қилди. Ушбу таржима ишида диний уламо ва устозларнинг тавсиялари, фикр-мулоҳазалари мунтазам равишда инобатга олинжи. Жумладан, ҳар бир оятнинг мазмуни ва тафсирини ёзишда Шайх Абдулазиз Мансур ва бошқа уламолар билан маслаҳатлашиб, уларнинг тавсиялар ва фикрлари қабул қилинди.
Таржима араб тилидаги мўътабар тафсир китобларига ҳам қиёсан олиб борилди. Жумладан, икки улуғ муфассир Жалолиддин Ас-Суютий ва Жалолиддин ал-Маҳаллийнинг “Тафсири Жалолайн”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Тобарийнинг “Тафсири Табарий”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум”, Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли сунна”, Абу Барокат ан-Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳакоиқут-таъвил”, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Нафасийнинг “Тафсирун Насафий”, Исмоил Ҳаққий ибн Мустафо ал-Ҳанафийнинг “Руҳул-баён” асарларидан кенг фойдаланилди.
Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан таржимани қорақалпоқ тили нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқилди.
Қуръони каримни таржима қилиш мобайнида қорақалпоқ тилида ҳар бир гап, сўзларнинг таркиб топиши ва сўзларни ўз ўрнида ишлатилишига ҳам катта эътибор берилди. Шунингдек, қорақалпоқ тилининг ўзига ҳос фонетик, грамматик, лексик қоидаларига ҳам амал қилган ҳолда ҳар бир сўзнинг тўғри таржима қилинишига ва ўринли қўлланилишига алоҳида аҳамият қаратилди.

Қорақалпоқ давлат университети профессори, филология фанлари доктори Ш.Абдиназимов, “Еркин Қарақалпакстан” газетаси бош муҳаррири К.Реймов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти директори, филология фанлари номзоди А.Альниязов кабилардан иборат экспертлар гуруҳи ушбу китоб бўйича ижобий фикр-мулоҳаза билдирдилар.
Ҳозирги пайтда аҳолини Қуръони карим маънолари билан яқиндан таништириш ва унга бағишланган асарларни янада кўпроқ тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Қуръони карим инсонларни мустаҳкам эътиқод эгаси бўлишга, яхшилик қилишга, тинч-тотув яшашга, ҳалол ва ҳаромни ажратишга ҳамда одамлар билан меҳр-оқибатли бўлишга чорлайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу таржима ва тафсирини Қорақалпоқ элига муборак қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

18.08.2026   55130   4 min.
Ўзбекистон олимлари Бобур ва Бобурийларнинг Покистондаги меросини тадқиқ этмоқда

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.

Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.

Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.

Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.

Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.

Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.

– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.

– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.

Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.

– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.

Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари