Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шундай савобли ишларга ҳисса қўшишни ўзига мақсад қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари ушбу ишларда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Жумладан, Диний идора бўлим мудири Рустам Жамилов Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган 274 -сонли мактабга бадиий ва илмий китоблар жамланмасини ҳадя қилди. Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов эса Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 122-сонли мактабга диний-маърифий китоблар жамланмасини тақдим этди.
Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз, - дейди Р.Жамилов.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 март куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини яхшилаш ва китобхонликни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган эди.
Мактаб маъмурияти совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирди, қилинган мурувват ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта туртки бўлишини таъкидланди.




Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати