Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар.
Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳ таоло инсониятни озодаликка, жисму иймони, уй-жойи – Ватанини пок тутишга, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан бўлишга чақиради.
Юқоридаги чақириққа монанд айни кунларда ЎМИ Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов бошчилигида вилоятимиздаги барча масжид, мадраса ва зиёратгоҳларда яшил маконларни кўпайтириш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилиб, дин пешволари томонидан ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилмоқда.
Зеро, ҳадис шарифларда: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, - дейилади.
Яратган Зот бу ҳайрли ишларни бардавом ва барокатли қилсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати