Воқеа қандай содир бўлди?
Бир гуруҳ динсиз ва исломофоб террорчилар Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита – “ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларига бугун жума намозидан сўнг бостириб кириб, намозхонларни ўққа тута бошлаган. Террорчилик содир бўлган вақтда масжидларда мос равишда 200 ва 300 нафарга яқин намозхон бўлган.
Жума намозидан кейин содир этилган ушбу террорчилик ҳужуми оқибатида 40 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 49 нафар киши яраланди.
Бу ҳолат мусулмонлар учун улкан мусибат. Бундай пайтда нима қилиш кераклигини Аллоҳ таоло шундай таълим берган: “Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар” (Бақара, 156).
Қабиҳ режали террор
Манфур ниятдаги терорчилар бу ҳужумга астойдил тайёргарлик кўргани маълум бўлди. Ҳатто террорчилардан бири ҳужум олдидан интернетда 37 саҳифали террорга оид хабарни ҳам эълон қилган. Ваҳший ҳужум акс этган видеолавҳада террорчи ўзи содир этаётган хунрезликни тасвирга олаётгани, ўқдони тугаган автоматни улоқтириб, бошқасини олаётгани ҳамда террорчи автомашинасида қуроллар тайёрлаб қўйилгани, шунингдек, шериклари қуроллар билан таъминлангани ушбу жиноят манфур режа асосида амалга оширилганини кўрсатди.
Террорчиларнинг шафқатсизлиги
Жиноятни содир этаётган кимсалар аслида ўта шафқатсизлик қилаётган бўлсада, лекин ўз қилмишидан роҳатланиб, заррача ҳам афсусланмасдан, қўрқувга берилмаган ҳолда ваҳшийларча мусулмонларни ўлдираётганини видеотасвирда кўриш мумкин.
Ушбу машъум террорчилик оқибатида ўнлаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлди. Динимизда айби бўлмаган одамнинг ҳаётига зомин бўлиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши экани таъкидланган.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди" (Моида, 32).

Айрим нашрларининг террорга муносабати
Мусулмонларнинг қонини тўккан террорчиларни айрим нашрлар “босқинчилар” деб атамоқда. Нега? Чунки, қотиллар мусулмонлар эмас, балки динсиз ва исломофоблардир, жабрланганлар эса мусулмонлардир. Агар шу ишни қилганлар Ислом дини ниқобидаги шахслар бўлганида эди, баъзи нашрлар уларни “террорчилар” деб атаган бўларди.
Мазкур вазиятга ҳаққоний ёндошган холис давлат раҳбарлари ва нашрлар ушбу хатти-ҳаракатларни террорчилик, деб баҳоламоқда.
Мусулмонлар муносабати
Ибодат чоғида шаҳид бўлган диндошларимизнинг ҳаққига истиғфор айтамиз ва охиратда шаҳидлар қаторида бўлишларини Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраймиз. Мазкур аянчли ҳолат дунёдаги барча мусулмонларни чуқур қайғуга солди, нафратини қўзғатди!
Аслида бу оммавий қотилликни амалга оширган разил кимсалар ҳақиқий террорчилардир. Террорчи бўлганда ҳам ашаддий, қилган жиноятидан ҳузурланадиган, бу ҳам етмаганидек, ўз қотилликлари билан мақтанишдан ҳам тап тортмайдиган ёвузлардир. Булар Аллоҳ таолонинг, Расули Акрамнинг, Ислом динининг ва икки миллиардга яқин мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душманларидир. Яна ҳам умумий қилиб айтсак, инсоният душманларидир.
Бу қотилликлар айрим манфур кимсаларнинг ўша ерда истиқомат қилувчи мусулмонларга нисбатан мантиқсиз нафрати оқибатидир. Бу нафрат исломофоб нашрлар натижасида пайдо бўлган. Бу машъум воқеа Ислом душманлари буюртмаси асосида амалга оширилган навбатдаги террордир. Бу нафақат мўмин-мусулмонларга, балки бутун инсониятга қаратилган мудҳиш жиноятдир.
Сўнгги йилларда айрим мамлакатларда исломофобик кайфият авж олган бир пайтда Австралия ва Янги Зеландияда мусулмонлар тинч ва осуда ҳаёт кечираётган эди. Кўплаб мусулмон мамлакатлардан бориб, у ерда яшаб келаётган диндошларимиз моддий томондан анчагина ривожланиб бораётган эди. Бу ҳолат қора кучларнинг манфаатига зид келди. Улар вақт ўтгани сари Ислом анъаналарининг маҳаллий аҳолига ҳам таъсир этишидан чўчиди. Натижада улар шундай даҳшатли террорни уюштиришгача бориб етди.
Хулоса
Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар сўнгги йигирма йилликда айрим оммавий ахборот воситаларида исломофобик ташвиқотларга зўр беришнинг очиқ-ойдин натижасидир!
Ушбу ишларни кўриб, Аллоҳ таолонинг Каломидаги мана бу оят ёдга келади:
«Уларга кишилар: «Одамлар сизга қарши бирлашдилар (устингизга бостириб келяптилар), улардан қўрқинглар», деганда, уларнинг иймонлари зиёда бўлди ва: «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакийл» (яъни «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил»), дедилар.)» (Оли Имрон, 173).
Шундай экан қийинчилик ва оғир пайтларда мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Жума кунида ўнлаб мўмин-мусулмонларнинг умрига зомин бўлган бузғунчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир.
Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолар, дин ва давлат арбоблари уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардликлар билдирмоқдалар.
Аллоҳ таоло шаҳид бўлганларни раҳматига олсин, уларнинг яқинларига сабру жамийл берсин, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини насиб айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда ёшлар тарбияси, уларнинг соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ёшлар – миллатнинг эртанги куни, мамлакатнинг таянчи ва келажагидир. Шу боис уларни турли ёт ғоялар, зарарли одатлар ва жамият тараққиётига таҳдид солувчи иллатлардан асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Бугунги кунда ёшларимиз олдида турган энг катта хавфлардан бири – гиёҳвандликдир. Бу иллат нафақат инсон саломатлигига, балки унинг маънавий дунёсига, оиласига, жамиятга ва давлат тараққиётига ҳам жиддий зарар етказади. Гиёҳвандликка мубтало бўлган инсон ўзининг соғлиғи, обрўси ва келажагини хавф остига қўйибгина қолмай, атрофидаги инсонларнинг ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Гиёҳванд моддалар инсон организмини секин-аста емириб боради. У асаб тизими, юрак-қон томирлари, жигар ва бошқа муҳим аъзолар фаолиятига жиддий зарар етказади. Энг ачинарлиси, инсоннинг ақлий қобилияти пасайиб, фикрлаш доираси тораяди, ҳаётга қизиқиши сўнади. Натижада у таълимдан, меҳнатдан, оиладан ва жамиятдан узоқлашиб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қўл уриши мумкин.
Ислом дини инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашга алоҳида аҳамият беради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май ичиш, қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва фол очиш – шайтоннинг нопок ишларидандир. Улардан узоқ бўлинглар, шоядки нажот топсангизлар.” (Моида сураси, 90-оят)
Ушбу оятда инсон ақлини заифлаштирувчи ва уни тўғри йўлдан оғдирувчи барча нарсалардан узоқ бўлишга чақирилган. Гиёҳванд моддалар ҳам инсон онги ва иродасини заифлаштириши билан мазкур огоҳлантириш мазмунига киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсоннинг ўз танаси ва саломатлиги олдида масъул эканини таъкидлаб шундай деганлар:
“Жисмингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, кўзингнинг ҳам сенда ҳаққи бор, оилангнинг ҳам сенда ҳаққи бор”. (Имом Бухорий, Имом Муслим)
Демак, инсон ўз ҳаёти ва соғлиғини асраши, унга зарар етказувчи ҳар қандай омилдан узоқ бўлиши лозим.
Бугунги кунда гиёҳвандликнинг янги ва хавфли кўринишлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, синтетик наркотиклар ёшлар орасида жиддий таҳдидга айланмоқда. Улар арзонлиги, яширин тарқатилиши ва интернет орқали сотилиши билан хавфли ҳисобланади. Айрим ҳолларда ёшлар бу моддаларнинг оқибатларини англамасдан, қизиқиш ёки тенгдошлар таъсирида уларни истеъмол қилишга мойил бўлиб қолмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини муҳофаза қилиш мақсадида гиёҳвандликка қарши курашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, профилактика ишларини кучайтириш ва замонавий таҳдидларга қарши самарали механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун қабул қилинди. Унда аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши қаратилган жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.
Шунингдек, ноқонуний нарколаборатория ташкил қилиш, наркотик моддалар савдосини бошқариш, бангихона ташкил этиш каби оғир жиноятлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда. Бу эса гиёҳвандликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Янги қонун лойиҳаларида аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларда гиёҳвандликка қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш, интернет орқали содир этилаётган наркожиноятларга қарши курашиш, эрта профилактика, ташхис қўйиш, даволаш ва реабилитация тизимини такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Гиёҳвандликнинг зарари фақат инсон саломатлиги билан чекланиб қолмайди. У мамлакат иқтисодиётига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Меҳнат қобилиятининг пасайиши натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги тушиб кетади. Давлат бюджети ҳисобидан даволаш, реабилитация ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишларига катта маблағлар сарфланади. Шу билан бирга, гиёҳвандлик жиноятчиликнинг кўпайишига, оилалар парокандалигига ва ижтимоий муаммоларнинг ортишига сабаб бўлади.
Бу иллатга қарши курашда оила, маҳалла, таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги жуда муҳимдир. Фарзандлар билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик, спорт ва ижодий фаолиятга жалб қилиш орқали кўплаб салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.
Азиз ёшлар! Сизлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва келажагисиз. Ҳаётда катта мақсадлар қўйинг, илм олинг, касб эгалланг, спорт билан шуғулланинг, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга интилинг. Гиёҳванд моддалар ҳеч қачон бахт ва муваффақият олиб келмайди. Аксинча, улар инсонни ҳалокат сари етаклайди.
Пок ҳаёт, соғлом турмуш тарзи, мустаҳкам ирода ва эзгу мақсадлар ҳар қандай ёмон йўлдан сақлайди. Шунинг учун ҳар биримиз гиёҳвандликка қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз, ёшларимизни бу иллатдан асраш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишимиз зарур.
Хулоса қилиб айтганда, гиёҳвандлик – жисм ва руҳни емирувчи, оила ва жамиятни издан чиқарувчи, иқтисод ва маънавиятга катта зарар етказувчи иллатдир. Ундан ёшларни асраш – нафақат давлат идоралари, балки ҳар бир ота-она, устоз, имом-хатиб ва фуқаронинг муқаддас вазифасидир.
Келажагимизни асрайлик, ёшларимизни соғлом ва пок ҳаёт сари чорлайлик! Зеро, ёшларимиз – бизнинг келажагимиздир.
Фируз АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги матбуот котиби