Лондонда дунёдаги энг катта ва энг машҳур халқаро “Kew Gardens” боғида Қуръони каримда зикри келган ўсимликлар ҳақида маълумот берувчи махсус кўргазма ташкил этилди. Бу Қуръони карим мазмунини таништиришни мақсад қилган илк ташаббуслардан саналади.
Буюк Британия пойтахти Лондон ғарбида жойлашган ушбу боғда ташкил қилинган кўргазмада Қуръони каримда зикр этилган ўсимликларнинг чизмаси, фотосуратлари ҳам намойиш этилди. Кўргазма фаолияти шу йилнинг 17 сентабригача томошабинлар учун очиқ экани маълум қилинди.
Ўз навбатида боғ маъмурияти: “Қуръони каримда кўплаб мисол ва таълимотлар мавжуд, шунингдек, унда табиат манзараси, хусусан, яшил майдон, ўсимлик ва гуллар ҳақида сўз юритилган”, дейди.
Кўргазмада намойиш этилган санъат асарлари тўпламини “Қуръон ўсимликлари: тарих ва маданият” китоби муаллифи доктор Шаҳина Ғазанфар ва Янги Зеландияда яшовчи ботаника бўйича иллюстратор Суе Викисон яратди.
Викисон томонидан ишланган 30 та фотосуратдан иборат Қуръон ўсимликлари кўргазмасида саримсоқ ва анордан тортиб узум ва хинагача бўлган кенг турдаги ўсимликлар ва уларнинг Қуръондаги аҳамияти ва мазмуни ҳақида маълумотлар тақдим этилган.
Шуниси эътиборга лойиқки, “Kew Gardens” бу соҳада дунёдаги энг йирик халқаро боғ ҳисобланади. Чунки у дунёдаги энг катта ва энг хилма-хил ўсимлик ва қўзиқорин коллекцияларини ўз ичига олади.
Халқаро боғлар Лондоннинг ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, уларда 1 100 дан ортиқ ходим ишлайди ва йиллик бюджети 65 миллион фунт стерлинг, яъни 85 миллион AҚШ долларидан ошади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати